ГлавнаяРегистрацияВход Чт, 2024.05.02, 14:24
  Приветствую Вас меҳмон | RSS

 
 Главная » 2006 » Август » 19 » «Андижон қўшиқлари…»
«Андижон қўшиқлари…»
16:39
Суратда: Қирғизистондаги лагерда аёллар қўлда тикиш ишлари билан машғул, 2005 йил, июл.
Ўтган йилнинг май ойида Андижонда содир бўлган воқеалардан сўнг таъқибга учраган Ўзбекистонлик қочқинлар ўз шеърларини яратдилар. Оддий сўз қурилмаларидан иборат бўлган бундай ижодий ишларда отиб ташланган халқнинг ҳукуматга бўлган нафрат ва аламлари, қайғу ва дардлари ўз ифодасини топган. Ва бу шеърлар фақат ҳақиқат ҳақида сўзлайди.

Юсуф Расул, uzbekinfo.org учун.

Бу шеърлар муаллифлари кўпда ўз исмларини ошкор этмайдилар, ҳукуматни танқид қилувчи халқ ижодиёти намуналари Ўзбекистонда қаттиқ таъқиб қилинади. Андижон ҳақида ёзган кишилардан эса шафқатсиз қасос олинмоқда. Шунга қарамай ўтган воқеалар ҳақидаги тасаввурлар жуда катта, одамлар бу ҳақда сўзлашдан чўчисаларда, қўлларига қалам оладилар.

Андижоннинг қоқ марказида
Отилдилар она –болалар.
Осмон узра ёйилди у кун
«Озодлик» деб оҳу нолалар.

Бу тўртлик Қирғизистондаги БМТнинг Қочқинлар бўйича комиссарлиги лагерида бўлган андижонлик қочқин қаламига мансуб. У Андижондаги яшил майдонда оналар ва болалар отиб ташлангани, ўша пайтда озодлик деган ҳайқириқлар осмонни тутганлиги ҳақида ёзади.

У 13 майда Андижонда содир бўлган воқеалар ҳақида ўз шеърида ҳикоя қилган ягона андижонлик қочқин эмас.

Бишкекда жойлашган "Адилет" ҳуқуқий клиникасида Андижонлик қочқинларнинг бир тўп ижодий ишлари сақланади, бу шеърлар қочқинлар БМТнинг Қочоқлар Ишлари бўйича комиссарлигининг Қирғизистон жанубидаги лагерида икки ойга яқин вақт давомида яшаган пайтларида яратилган.

Қочқинлар Қирғизистондан Руминияга жўнаб кетиш олдидан бу шеърларни кўрсатган эътиборлари ва эзгуликлари учун миннатдорчилик рамзи сифатида клиника ходимларига тақдим этдилар. Клиника ходимлари ҳатто қочқинлар шеърлари асосида деворий газета ҳам ташкил қилишди.

Ҳуқуқий клиника бош ҳуқуқшуноси Ҳуринисо Бейшеналиеванинг айтишича, улар бу шеърларни лагерга борган чоғларида олишган. Шеърлардан ташқари лагерда яшаган аёллар уларга ўзлари тиккан Қирғизистон байроғи, каштачилик намуналари ва бошқа нарсаларни ҳам тақдим этганлар. "Бироқ биз шеърлар муаллифи ким эканлигини, ким уларни ёзганлигини билмаймиз", дейди Бейшиналиева.

"Тонг яқин" деб номланган шеър муаллифи ҳам қочқинлардан биридир, у ҳам кўпчилик қочқинлар каби ўзини таништиришни истамайди, чунки у ҳам Андижонда қолган қариндош уруғларидан хавотирда.

Бироқ у ўз шеърлари орқали Андижонда нималар бўлганлигини ҳикоя қилишга, ўз умид ва истакларини изҳор этишга журъат этган.

У ёзади: «Ойлар ва йиллар ўтади, бироқ ўша воқеаларни ҳеч ким унутмайди. Албатта эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашда адолат ғолиб чиқади. Халқим! Вақти келди кўзингни оч, золимларга эркингни бериб қўймагин. Ичингдаги қўрқувларингни ўлдир! Ўз эркингга ўзинг эга бўл! Чунки, олдинда қуёшли тонг яқин!"

Бугун бу қочқин Европа мамлакатларидан бирида яшайди, бироқ унинг хаёли ҳамон Ўзбекистонда: "Мана, бир йилдирки мен ўз Ватанимда эмасман. Шерали Жўраев ижросидаги ўзбекча қўшиқларни тинглаймиз. Бироқ ҳанузгача қандай воқеалар бўлиб ўтганини тушуна олмайман. Нега аскарлар тинч намойишчиларга қарата ўқ отишди? Нега улар ёш гўдакларни ва аёлларни ўлдирдилар? Бу ҳақда ўйлашни ҳам истамайман", дейди алам билан қочқин.

Муҳожирликда яшаётган Ўзбекистонлик қочқин Ҳайит Қўзиев ҳам қочқинлар шеърлари жуда қайғули эканлигини, улар қўшиққа айланганини таъкидлайди.

«Оқ милтиқ, қора милтиқ отган Карим,
Ўз халқини хор қилиб сотган Карим.
Ўз дардини айтган халққа ўқлар отиб қилди жавоб,
Ўлганларнинг жасадидан қилди кабоб».

Муаллифи номаълум бу шеър президент Ислом Каримовга бағишланган.

Кўплаб қочқинлар дабдурустдан ўз Ватанларини тарк этиб, яқинларини у ерда қолдиришган. Бугун улар ўз оилаларидан айро яшашмоқда, кўпчилик қочқинларнинг фарзандлари ва аҳли аёллари, ёки панжара ортидаги эрлари қолиб кетган. Шу сабаблими кўп шеърлар, Андижонликлар ёзганидек муҳаббат ва айрилиқ ҳақидадир.

«Севгилисин кутаётган эй, вафодор ёр,
Биламан қалбларинг менга интизор.
Вақтинча ёнингда мен бўлмасамда,
Ўксинма ёнингда Парвардигор бор».

Қирғизистон, Жалолободдаги Андижонлик қочқинлар лагери., 2005 йил, июл.

Андижонликлар шеърлари билан танишган Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси, шоир Холдор Вулқоннинг фикрича, бу шеърлар замонавий шеърият техникаси ва санъатидан узоқ бўлиши мумкин. Бироқ бу шеърлар қадрли ва кўнгилдан чиққан, чунки улар буюртмага кўра эмас, қалб амри билан яратилган. Ва муҳими, улар Андижонда нималар бўлганлиги ҳақида ҳикоя қилади.

Шоир Вулқоннинг фикрича, бундай ижод намуналари халқ жуда қийин шароитда яшаган дамда, қатлиомлар пайтида пайдо бўлади. "Биз Туркистон Россия томонидан босиб олингандан сўнг оддий ўзбек халқи яратган шеърларни эслашимиз мумкин. Ўшанда халқ золимларга бўлган нафратини ўз шеърлари орқали ифодалаган эди", дейди Вулқон. У халқ орасида машҳур бўлган, номаълум муаллифнинг жуда нозик ва енгил қочиримли, рус подшоҳи Николайга бағишланган , рус босқинчилари қаршисидаги халқ ожизликлари ва дардларини ифодалаган тўртликни мисол қилиб келтиради.

«Қизил кўприк битдими?
Қизил поезд ўтдими?
Қизил поезд ичида
Николай подшо ўтдими?»

Барча нарсалар қизил, қон рангида тасвирланган бу шеър йигирманчи аср бошларида андижонликларнинг қаршиликларини синдирган ва кўплаб инсонларни қириб ташлаган рус армияси ҳаракатларига ўзбек халқининг нафратини ифода этади. Орадан юз йилга яқин вақт ўтгач, Ислом Каримов ҳам Андижонда қирғин ўтказди, халқ эса бу ҳақда Каримовга нафратлари ифодаланган кичик шеърлар яратди.

"Бироқ, вақти келади, адолат албата ғалаба қозонади. Бу мисралар ўша воқеалар суврати бўлиб қолади. Суватларки, уларни ўчириб ташлаш мумкин эмас", дейди шоир Холдор Вулқон..

Ўзбекистон ҳукумати айни пайтда мамлакатдан чиқиб кетиш бахтига муяссар бўлмаган шоирларни овлаш ва судлаш билан машғул. Шоир Дадахон Ҳасан суд жараёнини кутмоқда, уни устидан судлов ишлари 1 сентябр куни нишонланадиган республика мустақиллигининг 15 йиллиги муносабати билан тўхтатилган.

Шоир Дадахон Ҳасанга Андижон қирғини ҳақида шеър ёзгани учун жиноят иши қўзғатилган. Бу шеър халқ орасида жуда тез машҳур бўлиб кетди, кўплаб Ўзбекистонликлар уни бир бирларидан эшитиб, бошқаларга тарқатдилар. Ҳукуматнинг Андижондаги хунрезликларидан ғазабланган шоир Дадахон Ҳасан "Нега сен жимсан, уйғон Андижон!" деб ёзганди. Шеърлар золимга қарши кучларни сафарбар этадиган қўшиқ бўлиб янгради.

Бухоролик шоир, нозик сиёсий онг ва катта поэтик санъат соҳиби, Юсуф Жума ҳам айни пайтда қувғинда яшамоқда. Шоирнинг президент Каримов ва унинг оиласини, ҳукуматни танқид қилувчи шеърлари сиёсий панфлетлардек жаранглайди. У ҳам Андижон воқеаларидан кейин шеърлар ёзганди.

Шоир шеърларида шундай мисралар бор: «13 майда қон Андижонда, қон гирдобида жон Андижонда".

Шоир ўз шеърида президент Ислом Каримов ва унинг оиласини халқ, тақсир яъни ҳурматга сазовор кишилар, қолганларни эса Ҳизбут таҳрир, дея киноя билан таърифлайди.

"Халқ—Ислом, Татяна, Гулнора, Лола.
Ислому Иймондир—невара бола.
Подшо оиласи халқдир тақсирдир
Қолганлар террорчи, Ҳизбу Таҳрирдир".

Шоирни айтишича Хон Ислом Карим адолатли, У халқнинг отасидир. Буюк Ислом Карим халқни ҳимоячисидир. Шу боис у бутун Ўзбекистонни ёндирмоқда.

"Отилганлар кимлар—отилди кимлар?!
Оч юпун аёллар—террорчи шумлар!
Ўн ойлик чақалоқ – террорчи, отинг!
Қамишдек қизалоқ – террорчи, отинг!
Отинг террорчидир ҳижобли она!
Отинг террорчидир аҳли Фарғона".

Подшо оиласи халқдир тақсирдир
Қолганлар террорчи, Ҳизбу Таҳрирдир",
деб ёзади шоир.

Бу шоирлар ва Андижонлик қочқинлар шеърларини ўқиган кишилар Каримов даврида Ўзбекистонда нималар бўлганлиги ва ваҳшийликлар далили сифатида бу шеърларни асраб қўйиш керак, деган фикрдалар. Бироқ улар жуда эҳтиёт бўлишни, балки яхшиси бу шеърларнинг барчасини ёдлаб олиш кераклигини маслаҳат берадилар.

Юсуф Расул - uzbekinfo.org.

Категория: Эркин фикр | Просмотров: 1501 | Добавил: Давронбек | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
 
 
Разделы новостей
Долзарб мақолалар [10]
Шеърлар [3]
Норозилик чодиридан ҳикоялар [1]
Хабарлар [138]
Иқтисод [4]
Янги нашрлар [3]
Баҳс [6]
Инсон ҳуқуқлари [20]
Таҳлил [18]
Эркин фикр [41]
Интервью [12]
Мурожаатлар [13]
Жамият [26]
Сиёсат [18]

Форма входа

Календарь новостей
«  Август 2006  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031

Наш опрос

 

Президент сайловида кимга овоз бермоқчисиз?

 
Жаъми жавоблар: 268
 
                                                 

 


Поиск

Друзья сайта
Бизнинг тамға:
 
 
Ҳамкорларимиз:
 

Статистика

Жаъми сайтдагилар: 1
Меҳмонлар: 1
Муҳлислар: 0
 

Copyright MyCorp © 2024
Используются технологии uCoz