Онасининг иши бўйича адолатли қарорга ишончини йўқотган Фарғоналик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг қизи Маҳлиё Акромова халқаро ташкилотлардан бу ишга аралашишни ва онасини қамоқдан озод этилишига ёрдам беришларини сўрамоқда. Мўътабар Тожибоева 2005 йилнинг октябр ойидан қамоқда сақланмоқда. 2006 йилнинг мартида у саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Тошкент вилоят судининг аппеляция ҳайъати су қарорини ўзгартиришсиз қолдирган. Uznews.net таҳририяти Маҳлиё акромованинг мурожаатини ўзгартиришларсиз эълон қилмоқда. Суратда: Маҳлиё Акромова. ********************************* Инсон Ҳуқуқлари бўйича Лига Федерациясига (FIDH) Нусхаси: Ўзбекистондаги барча хорижий мамлакатлар элчихоналарига, Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи барча халқаро ташкилотларга Мустақил журналист Мўътабар Тожибоеванинг қизи Маҳлиё Акромова томонидан Ариза: Сизга маълумки мени онам 2005 йилнинг 7 октябр куни ҳеч қандай асоссиз ҳибсга олишганди. 2006 йилнинг 6 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди ҳукмига асосан у саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди. Онамнинг ва унинг ҳимоячисини аппеляция тартибида киритган шикояти 2006 йилнинг 30 май кунги жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди аппеляция ҳайъати томонидан қаноатлантирилмади. 2006 йилнинг 7 июлига қадар у тошкентдаги изоляторда сақланган. 7 июл куни уни Тошкент шаҳридаги УЯ 64/7 рақамли аёллар қамоқхонасининг руҳий касалликлар бўлимига ўтказишган. Бизга ҳозиргача онамга қўйилган ташхис ва уни руҳий касалликлар бўлимига ўтказилиши сабаби маълум эмас.Айни пайтда Мўътабар Тожибоеванинг ҳаёти ва соғлиги хавф остида. Сизлардан онамни ҳаётига ва саломатлигига таҳдид солувчи муҳитдан қутқариш учун, тезликда уни қамоқдан озод этилишига ёрдам беришларингизни илтимос қиламан. Маҳлиё Акромова.
|