ГлавнаяРегистрацияВход Вт, 2024.04.30, 22:55
  Приветствую Вас меҳмон | RSS

 
 Главная » 2006 » Сентябрь » 4 » Ўзбекистон Европани кечирди
Ўзбекистон Европани кечирди
03:38
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий йўналиши яқин орада анча ўзгариб кетиши мумкин. Агар синчков журналистлар ва айрим сергап дипломатлар бўлмаганида, бу янгилик кенг омма учун сирлигича қолиб кетиши мумкин эди. Гап шундаки, Европа Иттифоқи эътиборли делегациясининг ўтган ҳафтадаги Ўзбекистонга ташрифи тўла маҳфийлаштирилганди. Бу ажабланарли ҳол эмас: ахир бор-йўғи бир йил олдин Европа расмий Тошкент билан барча алоқаларни бир томонлама музлатиб, Ўзбекистоннинг ўн икки юқори лавозимли амалдорига ЕИ ҳудудига киришни таъқиқлаб қўйган эди-да.

2005 йилнинг октябрь ойида Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қарши санкцияларни жорий этган бўлиб, бу санкция мухолифатни бостириш учун ишлатилиши мумкин бўлган қурол-аслаҳа ва бошқа товарлар савдосини таъқиқлашни ўз ичига оларди. 2005 йил май ойидаги Андижон воқеаларига алоқадор бўлган ўзбек амалдорларига ЕИ ҳудудига кириш маън этиб қўйилганди. ЕИ мамлакатлари Ўзбекистон раҳбариятидан чет эллик экспертларни жалб қилган ҳолда Андижон воқеаларини мустақил текширувдан ўтказишга рухсат олишга урингандилар, бир Тошкент буни ўз ички ишларига аралашиш ҳисоблаб, мазкур ташаббусни рад этганди.

ЕИ вакиллари ва маҳаллий казо-казоларнинг Тошкентда бўлиб ўтган музокаралари ҳақидаги шов-шувли янгиликни биринчи бўлиб “бир ғарблик дипломат” очиқлаган. Reuters агентлиги ўз ахборот манбасини айнан шундай атаган. Reuters агентлиги иқтибос келтирган аноним дипломатга (тахмин қилинишича, бу Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси эди) кўра, “Бугунги кунда Ғарб бир йил аввал қандай бўлса, шундай тургани йўқ. Нега дейсизми? Шунинг учунки, Ғарб Ўзбекистонни изоляцияда бу қадар узоқ вақт ушлаб туриш мумкин эмаслигини тушунади ва албатта, [Ўзбекистонда] ўз манфаатларига эга бўлган давлатлар ҳам бор”.

Reuters мухбирининг хабар қилишича, бошқа айрим ғарблик расмийлар ҳам ЕИ делегацияси ҳақиқатан ҳам Тошкентга сафар қилганини тасдиқлаганлар, бироқ ўз изоҳларининг чоп қилинишига рухсат бермаганлар.

Аммо журналистларнинг қатъияти туфайли яширин музокаралар тафсилотларидан жамоатчилик ҳам баҳраманд бўлган. Кеча 28-29 август кунлари Тошкентга ташриф буюрган ЕИ делегациясига Финляндия ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё департаменти раҳбари Анти Турунен (Antti Turunen) бошчилик қилгани маълум бўлди. 1 сентябрь куни у “Озодлик” радиосига кўламли интервью берган.

А. Туруненга кўра, Европа Иттифоқи амалдорларининг Ўзбекистонга ташрифи Тошкент алоқаларни тиклашга қарши эмаслиги ҳақидаги “ишоралар”га жавобан амалга оширилган. Бу ишоралар ёки таклифлар Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосарларидан бири томонидан шу йил июнида унинг Хельсинкига ташрифи чоғида берилганди. Ўшанда тошкентлик меҳмон гўё “унинг вазирлиги даражасидаги музокаралар Ўзбекистон-Европа алоқаларининг барча жиҳатларига, жумладан Андижондаги воқеаларга ҳам дахлдор бўлиши мумкин”лигини қайд этган.

ЕИ Ўзбекистон санкциялар жорий қилинишига олиб кетган сабабларни муҳокама қилишга қанчалик тайёр эканини ўрганиш учун Турунен бошчилигидаги миссияни Ўзбекистонга юборган. Туруненга кўра, Ўзбекистонга ташриф ташқаридан жуда “силлиқ” кечган ва делегация мақомининг нисбатан пастлигига қарамай, 29 август куни европалик дипломатлар мамлакатнинг янги ташқи ишлар вазири Владимир Норов томонидан қабул қилинганлар. Бундан ташқари, европаликлар Адлия вазирлиги, Бош прокуратура мансабдорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси аъзолари билан ҳам учрашганлар.

Учрашувлар “анча илиқ” кечганини қайд этаркан, Турунен Европа Иттифоқи энг аввало Андижон воқеаларига ва республикадаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақидаги ҳисоботлар юзасидан халқаро хавотирларга нисбатан Ўзбекистон расмийларининг муносабатини тушунишдан манфаатдор эканини таъкидлаган. Ўзбекистон 2005 йил майидаги воқеаларни халқаро текширувдан ўтказишни ҳали ҳам истамаган ҳолда “Андижон муаммолари” юзасидан ён беришга тайёрга ўхшайди.

Немис журналисти Маркус Бенцманнинг “Немис тўлқини”га берган интервьюсидан:
Мен Ўзбекистон ҳукуматининг асосий мақсади Андижон воқеаларини одамлар хотирасидан ўчириб ташлаш, деб ўйлайман. Жаҳоннинг диққат-эътибори бошқа урушлар ва зиддиятларга қаратилгани муносабати билан ҳозир гувоҳларни ватанга қайтариш ва шу тариқа уйдан ташқари чиққан ахлатни чет эллик сиёсатчилар кўзидан нари қилиш учун энг қулай пайтдир. Аснода шуни таъқидлаш муҳимки, Ўзбекистон Хитой ва Россия оғушидан халос бўлишни истайди...

Тошкентнинг Европа билан инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича доимий музокаралар шаклида бир нимани йўлга қўйишга тайёр эканини А. Турунен яхшилик аломати деб ҳисоблайди. Бироқ, Туруненга кўра, ЕИ делегацияси расмий Тошкентни йўналишни ўзгартиришга нима мажбур қилганини ҳали ҳам тушуна олгани йўқ, фақат Ўзбекистон ҳукумати изоляция режимидан қутилмоқчилиги ҳақида тахминлар бор, холос. Турунен “ривожланган дунёдан узоқда бўлган” бу мамлакат чет эллик ҳамкорларга, савдо-сотиқ ва сармояларга жиддий эҳтиёж сезишини ҳам қистириб ўтган.

А. Туруненга кўра, Европанинг Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни бекор қилишга қанчалик тайёр эканлиги ҳозирча маълум эмас. Бироқ жорий йилнинг ноябрь ойидаёқ Брюсселга Ўзбекистон ТИВ раҳбари В. Норов келиши мумкин. У билан учрашувлар “Ҳамкорлик кенгаши” доирасида ўтказилиши мумкин.

Категория: Таҳлил | Просмотров: 1270 | Добавил: Давронбек | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
 
 
Разделы новостей
Долзарб мақолалар [10]
Шеърлар [3]
Норозилик чодиридан ҳикоялар [1]
Хабарлар [138]
Иқтисод [4]
Янги нашрлар [3]
Баҳс [6]
Инсон ҳуқуқлари [20]
Таҳлил [18]
Эркин фикр [41]
Интервью [12]
Мурожаатлар [13]
Жамият [26]
Сиёсат [18]

Форма входа

Календарь новостей
«  Сентябрь 2006  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930

Наш опрос

 

Сайтни қандай баҳолайсиз?

 
Жаъми жавоблар: 73
 
                                                 

 


Поиск

Друзья сайта
Бизнинг тамға:
 
 
Ҳамкорларимиз:
 

Статистика

Жаъми сайтдагилар: 1
Меҳмонлар: 1
Муҳлислар: 0
 

Copyright MyCorp © 2024
Используются технологии uCoz