Ўзбекистондаги маҳкамалар халқаро ташкилотлар хавотирига сабаб бўлган Таниқли имом Руҳиддин Фахруддиновнинг икки ҳимоячисидан бири Рустам Тўлаганов Ўзбекистон Олий суди ва Бош прокурорига шикоят аризаси йўллаб, Тошкент шаҳар ҳакамига нисбатан чора қўллашни сўраган. Рустам Тўлаганов аризасида ёзилишича, ҳакам Жамшид Сайдалиев унинг иштирокисиз Руҳиддин Фахруддиновга нисбатан ҳукм эълон қилган, Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг қатор бандларини бузган. Ҳакам август ойидан бошлаб маҳкама ишини 3 маротаба асоссиз равишда орқага сурди ва Руҳиддин Фахруддинов жиноят ишини кўриб чиқиш бошлангани ҳақида мени хабардор этмади, деб ёзади адвокат Тўлаганов. Рустам Тўлаганов 6 июлда Руҳиддин Фахруддиновни ҳимоя қилиш бўйича ҳакам билан расмий битим имзоланганини маълум қилади. Ҳуқуқшунослар, ҳатто аксар ҳолларда ҳимоячиларнинг қонуний талаблари эътиборсиз қоладиган Ўзбекистонда ҳам бундай ҳолатлар тажрибада деярли кузатилмаганини қайд этадилар. Мамлакатда диний-сиёсий айблар билан маҳкамага тортилганларнинг ҳимоячиларининг худди шундай шикоят аризалари билан юқори инстанциядаги идораларга мурожаат қилишлари кўп ҳолларда умуман жавобсиз қолади. "Ҳакам Жамшид Сайдалиевга нисбатан қандайдир чора кўрилиш у ёқда турсин, Тўлаганов аризасига жавоб ҳам берилмайди", дейди Руҳиддин Фахруддиновни Чирчиқда ўтган маҳкамада ҳимоя қилган ҳимоячи Ирина Микулина. "Мен Руҳиддин Фахруддинов иши бўйича камида 20 та ариза ёздим. Шикоятларнинг бирортасига бўлсин жавоб олганим йўқ. Менинг Олий Судга ва Бош Прокурорга ёзган шикоятларимга "сизнинг шикоятингиз ишга бириктириб қўйиш учун терговчига жўнатилди" деган жавоб келди холос", деб айтади Ирина Микулина. Маҳкама ишини кузатганлар Руҳиддин Фахруддиновнинг устидан ўтган жараёнда ҳам Ўзбекистон қонунларининг бир неча бандлари бузилганини қайд этгандилар. Ҳимоячиси Фахруддинов устидан 15 сентябрда маҳкама ҳукми чиқарилган бўлишига қарамасдан, унинг Ички Ишлар вазирлигининг муваққат сақлаш изоляторида ушлаб турилгани ҳам жиноят-процессуал кодексининг бузилиши эканини таъкидлайди. Ўтган йили ноябрида Қозоғистон жанубидан ўғирлаб кетилган Руҳиддин Фахруддинов терроризм ва давлат тузумига тажовуз сингари ўндан ортиқ жиноий ҳаракатларда айбдор деб топилиб, 17 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилганди.
|