ГлавнаяРегистрацияВход Пт, 2024.05.17, 10:03
  Приветствую Вас меҳмон | RSS

 
 Главная » 2006 » Декабрь » 20 » ИККИ ЎТ ОРАСИДА
ИККИ ЎТ ОРАСИДА
18:52
Озодбек Турон

ИККИ ЎТ ОРАСИДА

«Ақл билан иш юритувчилар кишиларни бошқарадилар, куч билан кўрувчилар эса ўзгалар томонидан бошқариладилар»1

(Мэн - Цзи)

( Uzbekinfo.org учун махсус ёзилди)

Кўнглимдаги гапларни қоғозга туширар эканман, аввало шуни айтишим керакки, бу гаплар қайсидир профессионал сиёсатчи ёки бир етук иқтисодчининг гаплари эмас. Юртбошимиз айтганларидек:

«Халқнинг ҳуқуқий онги ниҳоят даражада паст. Одамларнинг фикрини, тафаккурини ўзгартириш зўрлик ҳисобига бўлмаслиги керак. Уларни ўз ҳуқуқларини ҳимоя этиб курашишга ўргатишимиз керак. Ислоҳотлар ҳаётни ўзгартиряпти. Ҳаёт инсонлар онгини ўзгартиряпти. Олти йил ичида биз анча ўсдик. Босқичма-босқич ўсиб боряпмиз»2

Яъни, бу гаплар босқичма-босқич ўсиб бораётган ҳуқуқий онги паст оддий ўқитувчининг гапи. Шунингдек, бу менинг қатъий ҳуло-саларим ҳам эмас. Аниқроғи, ўша 1991 йилда малака ошириш курсида Абдурахим Пўлатов билан домла Абдураззақовнинг мунозараси ту-файли онгим «заҳарланиши» оқибатида кўнглимда туғилган

шубҳа-гумонларим. Бу шубҳа-гумонлар узлуксиз юрагимни кемирмоқда. Мен ана шу шубҳа-гумонлардан қутулишни истайман. «Ўзбекистон чиндан ҳам мустақилми?» деган саволга тоза, беғубор кўнгил билан: «Ҳа, биз мустақилмиз!» деб жавоб бергим келади.

Лекин, ҳаёт, кундалик воқеа-ҳодисалар бунинг аксини кўрсатмоқда. Республика оммавий-ахборот воситалари орқали бонг урилаётган ёлғонлар, халқ иқтисодий аҳволининг тобора ночорлашиб бораётганлиги шубҳа-гумонларимни баттар авж олдирмоқда. Бунга юқорида кўплаб мисоллар келтирдим. Лекин, бу ҳали мен келтиришим мумкин бўлган мисолларнинг юздан бири, ҳолос. Ҳаммасини келтиришга ҳожат ҳам йўқ. Буни халқнинг ўзи кўриб, билиб турибди.

Шуларни ўйлаб, кўзимни юмиб, узоқ ҳаёлга толдим. Ухладимми, ёки уйғоқлигимча туш кўрдимми, билмайман. Туман орасидан бир одам чиқиб, мен томон келабошлади. Яқинроқ келиб, синчковлик билан менга тикилди. Қараса, мен унинг ўзи эмишман. Мен ҳам унга тикилдим. Қарасам, у ҳам менинг ўзим эмиш. Лекин, фикрлаш тарзимиз жиҳатидан бир-биримизга қарама-қарши одамлар эмишмиз. У менга аввалига еб қўйгидек тикилди, сўнг ўшқирди:

- Ҳейй.....! Менга қара....Кўзингни оч! Сен ўзинг кимсан? Нимани истайсан? «Мустақиллик, мустақиллик» дейсан, ўзинг бу йўлда нима ишларни қойил қилиб қўйдингки, бу ишларга бурнингни тиқасан. «Эрк», «Эрк» дейсан, дейсан, ўша бир гуруҳ экстремистлар юртдан қочиб, ватангадо бўлиб, эндиликда ўз ватанига тош отишдан бошқа нимага ҳам яраяптилар? Улар нимани қойил қилдилар. Барибир ҳаммаси Каримов айтганидек бўлаяптику.

Яхшиси, сабр қилиб, мактабингда тинчгина дарсингни ўтиб юраверсанг бўлмайдими?»

Унинг бу таъна-дашномларидан қизишиб кетдим ва ўртамизда қуйидаги баҳс-мунозара бўлиб ўтди:

- Ҳар бир жамиятда тарихни ҳаракатга келтирувчи кучлар бўлади. Агар бу кучлар юксак лавозимларда бўлсалар тарих ғилдирагининг олға томон айланиши бир маромда кечади. Агар, бу кучлар ҳукуматга мухолифатда бўлсалар, ҳукумат уларни ватандан қувғин қилса, қамаса, ҳатто жисман йўқ қилса ҳамки, бари-бир ҳукуматнинг айтгани эмас, балки уларнинг айтгани бўлади. Тарихни ҳаракатга келтирувчи кучларга мухолифатда бўлган ҳукумат тарих ғилдираги-нинг айланишини бир оз секинлатиши мумкин, лекин уни тўхтата олмайди. Охир оқибат, ҳукуматнинг ўзи мухолифатни қоралаган ҳолда, улар талаб қилганидек қарорлар қабул қилишга мажбур бўлади.

Масалан, бир вақтлар ҳукумат Ўзбекистонда ўзбек тилининг давлат тили бўлишига қарши чиқди. Биз эса тилимизга давлат тили мақоми берилишини талаб қилиб чиқдик. Натижа биз айтганимиздек бўлди. Бир вақтлар ҳукумат Россиядан ажралмаймиз деб, Иттифоқ таркибида қолиш учун интилди. Ҳатто, референдум ўтказиб, «халқимиз»га мустақил бўлмасликка овоз бердирди. Лекин, бари-бир биз айтганимиздек бўлди. Ҳукуматнинг ўзи юрт мустақиллигини эълон қилди.

Бир вақтлар ҳукумат бозор иқтисодиётига ҳали-бери ўтмаймиз, Ўзбекистон бунга тайёр эмас, деди. Биз ўтамиз дедик. Мана, қийинчилик билан бўлса ҳам, бари-бир биз айтганимиз бўлаяпти ва ҳоказо.....

- Сенинг бу рисоланг маълум маънода Муҳаммад Солиҳ томонидан айтилган фикрларнинг чучмал бир такроридан бошқа нарса эмас. Ўз фикринг, ўзингнинг айтадиган гапларинг йўқми?

- Ундай эмас. Мухаммад Солиҳнинг «Иқрор» деган китобини ҳам, кейинги фикрларини ҳам ўрганиб чиқдим. У Ўзбекистондаги бугунги аҳволнинг бош сабабини ички омиллардан излаяпти ва барча айбни Ислом Каримовга ағдараяпти. Мен эса бош сабабни ташқи омилдан излаяпман, аниқроғи тахмин қиляпман. Менинг назаримда, аслида президентимиз ажойиб инсон. Ва тахмин қилишимча, у икки ўт орасида. Юқорида мана бу эпиграфни бежиз келтирмадим:

«Ақл билан иш юритувчилар кишиларни бошқарадилар, куч билан иш кўрувчилар эса ўзгалар томонидан бошқариладилар». Бугунга қадар Ўзбекистонда куч билан, «миршаблар салтанати» га суяниб иш кўрилаётганлиги сир

эмас. Юртбошимиз табиатан ўзи дадил инсон. Ва у дадил фикрларни яхши кўради. Лекин, айни вақтда у дадил фикр соҳибларини куч ишлатиб жазолашга мажбур.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Мунофиқнинг учта аломати бор: сўзласа ёлғон сўзлар; ваъда қилса бажармас; омонатга ҳиёнат қилур» деганлар. Юртбошимиз «Озодлик» муҳбири Фурқатбек Яквалхўжаевнинг саволига жавоб бериб: «Биринчи галда сотқинларни ёмон кўраман. Менга қарши чиқса ҳам, менга ашаддий душман бўлса ҳам мард бўлсин, эътиқодли бўлсин, ўзининг фикри бўлсин» дейдилар. Лекин, амалда сотқинларнинг бошини силайдилар. Сиртдан қараганда ёлғон сўзлайдилар. Лекин, аслида ундай эмас.

Референдум ўтказилиб, президентимизнинг ваколатлари 2000 йилгача узайтирилганда, минбардан туриб, ваколатим узайтирилганлигини иккинчи муддатга сайланганим деб ҳисобланглар деган эдилар. Энди эса «Озодлик» ва «Би-Би-Си» мухбирларига келгуси сайловда ўз номзодларини қўйиш ниятида эканликларини билдирдилар. Сиртдан қараганда аввалги сўзлари ёлғон бўлиб чиқади. Лекин, аслида бундай эмас.

Мухбирлар билан бўлган ўша суҳбатда президентимиз: «ҳуқуқий давлат тузиш учун аввало раҳбарларнинг ўзи ўзи қабул қилган қарорларга риоя қилиши керак» дедилар. Лекин, ўзлари қабул қилган демократик қарорларга риоя қилмайдилар. Шу жумладан, ҳатто бош қомусимиз бўлган Ўзбекистон Конституциясига ҳам. Бундай «ёлғон»ларга беҳисоб мисоллар келтириш мумкин. Лекин, менимча бунинг замирида бошқа гап бор.

Бир вақтлар ноннинг нархини оширмайман деб ваъда бердилар. Сиртдан қараганда, ваъда бериб бажармадилар Лекин, аслида бундай эмас. Яна, ўша вақтларда қисқа муддат ичида фаровон ҳаёт ваъда этдилар. Бу ваъда ҳанузгача бажарилмади. Бундан бошқа берилган беҳисоб ваъдалар ҳам бажарилмади. Лекин, менинг таҳминимча бу ўринда ҳам президентимиз айбдор эмаслар.

Омонатга ҳиёнат масаласида ҳам сиртдан қараганда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, инфляция бошланиши арафасида ким-ки пулини омонат кассаларда сақласа куйиб қолмаслиги ҳақида ҳукумат томонидан ташвиқот олиб борилди. Пул алмаштирилганида эса омонатга ҳиёнат қилиниб, унинг минг сўмига бир сўм бериладиган бўлди. Яъни, кимдир омонат кассага битта енгил машина олишга етадиган ўн минг сўм миқдорида пул қўйган бўлса, унга ўн сўм (ўша вақтда 2 кг пиёзнинг пули) бериладиган бўлди. Иш катта жанжалга айланадиган бўлганида эса нари борса битта велосипедга етадиган пул бериш билан кифояланилди. Ёки, 1996 йилнинг охирларида четдан мол келтириб савдо қиладиганлар учун Ўзбекистон дарвозалари кенг очиб қўйилди.

Келтирилган моллар биз учун омонат эди. Шунда ҳукумат конвертацияни (яъни, четдан келтирилган мол эгаларига савдодан тушган сўмни валютага алмаштириб беришни) тўхтатганлиги ҳақида қарор чиқарди. Шу сабаб биз билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлган кўплаб чет эллик сармоядорлар синдирилди. Бу энди омонатга ҳиёнат деган иллатнинг Ўзбекистон чегарасини ёриб, дунё миқёсига чиқишининг бир кўриниши эди.

Демак, сиртдан қараганда, мунофиқликка даҳлдор ҳар уччала аломатни ҳам юртбошимизда кузатиш мумкин.

Лекин, ўз таҳминларимга суяниб, такрор айтаман, Ислом Каримов ажойиб инсон. У мунофиқ эмас. Чунки у бошқарилаётган одам. Бу ёлғонларнинг, бу ваъдага вафо қилмасликларнинг, бу омонатга ҳиёнатларнинг гуноҳи бошқарилаётган одамга эмас, уни бошқараётган кучларга тушади. У кучлар агар И.Каримов уларга (Ўсмонхўжаевга ўхшаб) ёқмай қолса, ўрнига ундан эпчилроғини топиб қўйишга қодирдир.

Гулҳанийнинг «Туя билан бўталоқ» масалида:

Агар менда зарра каби ихтиёр

Бўлса эди, б¤лмас эдим зери бор

деган мисра бор. Агар ихтиёр юртбошимизда бўлса эди, албатта ҳаммаси бошқача бўларди. Бу йўлда И.Каримов чекаётган изтиробларнинг мингдан бир улушини филга ортсанг, фил дош беролмайди.

- Сен телевизорда кўрганми эдинг? И.Каримов Ҳамд¤стлик давлатларининг Олий даражадаги учрашувида иштирок этиш учун Молдовага жўнаб кетаётганларида журналистлар билан суҳбатлашиб, улкан бир дард билан шундай деган эдилар: «Мана, ёшим ҳам бир жойга бориб қоляпти. Охиратни ўйлашимиз керак. Иймоним билан қасам ичиб айтаманки, мен халқимга ёлғон сўзлаган эмасман. Халқим олдида, эл-юртим олдида виждоним тоза менинг». Президентимизнинг бундай таъсирли сўзларини тўлқинланиб, кўзда ёш билан тингладим ўшанда.

- Ҳа, ўша кўз ёшларинг менинг ҳам кўз ёшларим эди.

- Ушбу рисоланинг дастлабки саҳифаларида мисол келтирилган Иброҳим Ғафуровнинг «Йўл танлаш» мансурасида менинг назаримда мустақиллик сари боришнинг учта йўли ҳақида фикр юритилган эди. Шундан биттаси Муҳаммад Солиҳ танлаган йўл. Унда тиконзор оралаб тикка йўл солиш ҳақида фикр юритилган эди. Яна бир йўл, шеър муаллифи йўли. Яъни, бир четдан тиконзорни тозалаб, мустақиллик сари йўл очиш. Учинчи йўл эса И. Каримов танлаган йўл - тиконзорни (яъни, хавф-хатарни) айланиб ўтиш йўли. Кўриниб турибдики, Муҳаммад Солиҳ йўли хавфли, қалтис, халқнинг қони тўкилиши мумкин бўлган йўл.

Иккинчи йўлдан муаллифнинг ўзи ўша шеърдаёқ умр бўйи тикон тозалаб, бир қадам ҳам олдинга силжий олмаганлигини айтиб, воз кечди.

Тақдир тақозоси билан мустақиллик сари учинчи йўлдан, яъни И.Каримов йўлидан ҳаракатланиб, катта-катта қурбонлар бермай, энг муҳими, халқнинг қони тўкилмай, мустақилликнинг бугунги даражасига етишдик. Демак, энг тўғри йўл шу йўл эканлигини бугунги кунда ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди, шундай эмасми?

- Менинг назаримда ундай эмас. Муҳаммад Солиҳ таъбири билан айтганда, мустақиллик берилмайди, балки, олинади.

- Демак, сен бари-бир халқнинг қони тўкиладиган, беҳисоб қурбонлар бериладиган йўлни ёқлар экансанда? Ўшандай йўлни танлаган Чеченистон қонга ботирилмадими? Қисман ўшандай йўлдан бормоқчи бўлган Тожикистон ёки Озарбайжонда шунга яраша қурбонлар берилмадими?

- Мустақил Болтиқ бўйи республикаларидан бирининг президенти Ўзбекистонга келганда, у билан суҳбат чоғида юртбошимизнинг ўзи бир вақтлар М.С.Горбачёв билан ўша респубкаларга бориб, уларни мустақил бўлмасликка, Иттифоқ таркибида қолишга даъват этганлигини эътироф этди. У вақтда вазият бошқача эди, эндиги вазият бошқача, мана биз ҳам мустақилмиз, деган мазмунда гапирди юртбошимиз. Хўш, ўша вақтда И. Каримов Ўзбекистоннинг мустақил бўлишини истамасмиди? Менимча истарди. Мустақил мамлакатнинг ҳеч кимга тобеъ бўлмаган мустақил президенти бўлишни наҳотки И.Каримовдек одам истамаса?

Ўша вазиятда И.Каримов Иттифоқ миқёсидаги ижтимоий-сиёсий воқеалар ривожини ўта синчковлик билан кузатарди. У империянинг ич-ичидан чириётганлигини биларди. Иккичи томондан, бу империяни мустақиллик учун очиқ кураш олиб бораётган баъзи республикалар аёвсиз емираётган эди. Бундай вазиятда жон талвасасидаги империя ана шундай республикаларга ваҳшийларча ташланиб қолиши мумкинлигини ҳам И.Каримов ёрқин тасаввур этарди. Шундай экан, деб ўйларди менинг назаримда юртбошимиз, империя шу боришда эртами-кечми, бари бир қулайди. Бундай вазиятда, унинг Ўзбекистонга ташланиб қолмаслиги учун, ўзимни унга гўё дўстдек тутиб, унга ҳамдардлик билдириб, унинг ёнида тураман. Бошқалар унга қарши курашаверсин, бошқалар қурбон бераверсин. Ана ўша бошқалар барибир бир куни бу империяни қулатади. Шунда биз ҳам, ҳеч қандай қурбонлар бермаган ҳолда, озод ва мустақил давлат бўламиз. Демак бу йўл бошқалар томонидан берилган қурбонлар эвазига озодликка эришиш йўли. Ўзбекистон манфаатларига қанчалик мос келмасин, бу йўл ўзбек халқининг ғурурини, ориятини топтайдиган йўлдир.

-Хўш, бу курашларда рус империясининг юритаётган тактикаси қандай бўлаяпти?

- Рус империяси ўз тактикасида жахон цивилизациясининг, шунингдек, ўз ичидаги тараққийпарвар кучларнинг гуманистик ғоялари билан маълум даражада ҳисоблашишга мажбур бўлмоқда.

Маълумки, мустақиллик учун кенг кўламдаги озодлик ҳаракатларини қуллик занжиридан энг кўп жафо чеккан оддий халқ оммаси илғор фикрли зиёлилар етакчилигида бошлаб берди. Бу вақтда мустақиллик учун курашаётган барча республика раҳбарларининг аксарияти аслида халқ вакиллари эмас, балки, империя қўли билан қўйилган одамлар эди. Шу боисдан Муҳаммад Солиҳ каби халқ вакиллари ва унинг тарафдорлари ҳукуматга нисбатан мухолифатда бўлдилар. Мухолифат ўртасидаги курашлар Иттифоқнинг турли худудларида турли шаклларда давом этди. Рус империяси ўз кирдикорларини жахон афкор оммасидан яшириш мақсадида бу курашларда аввалига пинҳона иштирок этди ва сохта референдум, сохта сайловлар ўтказиш усулидан кенг фойдаланди. Бундай усуллар Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби ҳудудларда маълум даражада империя кутган натижани берди. Айрим республикаларда мухолифат билан қўғирчоқ ҳукумат ўртасидаги кураш қуролли тўқнашувлар даражасига етганда, энди Россия ўз қўғирчоқларига яширинча қуролғяроғ етказиб бериш йўли билан ёрдам бериб турди.

Шунда ҳам Чеченистон, Тожикистон каби республикаларда мухолифатнинг қўли баланд кела бошлаган эди, жахон афкор оммасининг кўзи ўнгида Россия ўз ниқобини йиртиб, бу худудларга ошкора қўшин киритишга мажбур бўлди.

Ана энди Муҳаммад Солиҳ танлаган йўлнинг қалтислиги масаласига келсак, мен бу йўлнинг қалтис эмас, равон йўл дейиш фикридан йироқман. Лекин, кўплаб республикаларда бўлиб ўтган сайловларда империя ўз қўғир-чоқларининг қайта сайланишига эришиши туфайли мустамлакачи билан мустамлака ўртасидаги умумий курашда мувозанат мустамлакачилар фойдасига оғди. Энди фараз қилайлик бошқа республикалар ҳам Болтиқ бўйи республикалари каби, бир ёқадан бош чиқариб, сайловларнинг ҳаққоний ўтишига эришса ва бу сайловларда ҳеч қачон империя ноғорасига ўйнамаган Муҳаммад Солиҳ каби юрт ўғлонлари ғолиб чиқса, мувозанат тарозисининг палласи том маънодаги ҳақиқий мустақиллик томон оққан бўларди. Ва бу республикалар бир ёқадан бош чиқарса шу қадар улкан қудрат касб этар эдики, Болтиқ бўйи республикаларини қонга ботиришга журъати етмаган империя, бир миллион аҳолиси бўлган Чеченистон билан урушиб шарманда бўлган империя ҳеч қачон бундай қудратли кучга қарши қурол кўтаришга журъат этолмасди. Қалтис вазият вужудга келгудек бўлса, Туркия, БМТ, Болтиқ бўйи ва ҳатто лозим бўлса НАТО, шунингдек, Россия бағридаги тараққийпарвар кучлар шубҳасиз биз томонда бўларди. Ана шунда, мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ халқ фаровонлиги сезиларли тарзда юксалабошлашига ҳаммамиз гувоҳ бўлур эдик.

- Мен бари-бир ҳар қанча том маънодаги мустақиллик бўлмасин, унинг дастлабки кунлариданоқ ҳаёт фаровон бўла бошлашига ишона олмаяпман.

- Битта мисол. Маълумки, Совет тузуми даврида боқиманда республика сифатида энг кўп ҳақоратланган ўлка Туркманистон бўлди. Айниқса М.С.Горбачёв даврида Туркманистон худуди қум барханларидан иборат қашшоқ ўлка эканлиги, туркман халқи бола кўпайтириш билан овора бўлиб, натижада Россияни тобора кўпроқ сўриб, унга ортиқча юк бўлаётганлиги ҳақида Москва матбуотида жуда кўп ёзилди. Бу ёлғонларга ишонган империянинг янги ҳукумати Туркманистон ўз мустақиллигини эълон қилганида, ундан қутулганига шукур қилиб, аввалига маълум муддат бу ўлкага тегмади. Шу сабабли, Иттифоқда энг ночор ўлка ҳисобланган Туркманистонда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ халқ фаровонлиги жадал суръатлар билан юксала борди. Шундан кейингина Россия газетадаги мақолалар бўҳтон эканлигини билиб қолди. Кейин Туркманистон чегараларида (уни чўчитиб қўйиш мақсадида) рус қўшинлари пайдо бўлди. Кейин «Туркманбоши билан Россия музокара»лари, мулоқотлари

бошланди. Бу «музокара»лардан кейин, яна туркман халқи дастурхонидан қут-барака кўтарила бошлади. Мана шу мисолдан ҳам фаровонлик калити Россия таъсиридан узоқлашишда эканлиги кўриниб турибди.

- Юртбошимизнинг «Бугунги тинчлик, осойишталик биз учун улуғ неъматдир» деган фикрларига муносабатинг қандай?

- Юртимизда осойишталик бор, лекин тинчлик йўқ. Уруш кетяпти. Сокин ва осойишта уруш. Қурбонлар бор. Сокин ва осойишта қурбонлар.

Яқинда бир юмуш билан Тошкентдаги бизнесмен дўстимникига борган эдим. Ўша дўстим ҳовлисининг этагига уй қураётган экан. Мен борганимда шу қурилишда ишлатиш учун бозордан эндигина иккита мардикор олиб чиққан экан. Дўстим билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўрагач, дастурхон ёзилди. Дўстим ўша мардикорлардан биттасига чой дамлаб келишни буюрди. Мардикор чой дамлаб кела туриб, йиқилди. Ҳушидан кетди. Яхшики, қўлидаги чойнак устига тушмай, ён томонига отилиб кетиб, синди.

- Нима бало, тутқаноғи борми дейман, деди дўстим тўнғиллаб. Мардикорнинг юзига совуқ сув пуркаб, ўзига келтирдик. Суриштириб билсак, олти кундан бери оч экан. Ўзи Самарқандлик ўқитувчи бўлиб, оиласи ночор аҳволда қолгач, иш излаб Тошкент мардикор бозорига келибди. Нимжон бўлгани учун 6 кундан бери уни ҳеч ким ишга ёлламабди. Бундай бечоралар маоши етмаса нима қилишсин? Норозилик билдириб митинг қилиш мумкин эмас. Ҳатто кўча-кўйда ҳам яхши, фаровон яшаётганлиги ҳақида мақтаниб, хоҳлаганча гапириш мумкин. Лекин, тўрт одам олдида ҳаётингдан нолиб гапирдингми, тамом. Оёғингни ерга теккизмай олиб кетишади. Айғоқчилар ҳамма жойда етарли. Очдан ўладиган бўлсанг, шунга ҳам ота гўри қозихонами? Бошқаларнинг тинчини бузмай, дамингни чиқармай, оҳиста ўлавер! Ҳозирги кунда сокин урушнинг сокин қурбонига айланаётганлар қанчадан қанча.

Қўлимга тасодифан «Постда» газетасининг 1997 йил 23 май сони тушиб қолди. Унда «Андижон шахар ички ишлар бўлими томонидан бедарак йўқолган қуйидаги фуқаролар қидирилмоқда:» сарлавҳаси остида 17 фуқаронинг суврати ва белгилари эълон қилинган. Биттаси 12 ёшда, яна биттаси 19 ёшда. Қолганлари 28 ёшдан 47 ёшгача, яъни, авжи оила тебратиш ёшида бўлган одамлар. Андижон Ўзбекистон аҳолисининг қирқдан бир қисми яшайдиган энг тинч, энг осуда шаҳарларидан бири. Шу шаҳардаки, қисқа муддат ичида ўн етти одам бедарак йўқолаётган экан, бу республика бўйича юзлаб, эҳтимол минглаб одамларнинг бедарак йўқолаётганлигини, сокин урушнинг сокин қурбонига ай-ланаётганлигини билдирмайдими? Одатда бедарак й¤қолганлар йўқолмасдан қурбон бўлганлардан бир неча баробар кам бўлишини ҳисобга олсак, бугунги сокин уруш қурбонларининг миқдори янада ойдинлашади. Менинг назаримда, бундай қурбонлардан асосий қисмининг замирида иқтисодий ночорлик ётади.

- Фақат зулмат устига зулмат экан-да. Йилт этган нур, ҳеч қандай умид йўқми?

- Йилт этган умид учқунлари йўқ эмас. Мамлакатни исканжада сақлаётган кучлар тарихни ҳаракатга келтиргувчи ички ва ташқи демократик кучлар сиқувида баъзан бир қадам, ярим қадам чекинишга ҳам мажбур бўлмоқда. Масалан, яқинда «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунини эълон қилиниши бунинг яққол далилидир. Мазкур Қонуннинг 4-моддасида «Республикада оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди» дейилган. Қоғозда бор-у, амалда йўқ бундай қонунлар илгари ҳам эълон қилинган эди. Лекин, «Ҳуррият» газетасининг 1998 йил 14 январ сонида ушбу Қонун матнининг остида Тўра Мирзонинг танловга йўллаган «Отда кетаётган одам...» номли «йўлакай» қайдлари босилибди. Унда юртимиздаги бугунги ҳаёт реал тасвирланган қуйидаги сатрларни ўқиган одамда ҳақиқатан ҳам ушбу Қонун ишлай бошлаганига умид уйғонади:

(Бозорда) «Қишлоқдошимни учратиб қолдим.

Саломлашдик. Мен дедим:

- Бола-чақалар яхши юришибдими?

У деди:

- Болалар чопишиб юрибди. Фақат чақалар оқсоқлаб қолган. Колхўзда ойлик бермайди. Тошкентга келиб, ул-бул олиб сотиб, тирикчилик қиляпман....

- Чиқаверишда мактаб толибининг қўлида ғазал девонини кўриб қолдим. Ҳурсанд бўлдим. Шеър ўқимаса халқимизнинг қорни тўймайди, дедим осмондаги булутга. Яқинлашдим. Болакай девонни ўқимас эди. Бир саҳифани йиртди ва олдидаги носни ўраб тенгқўрига тутқазди.....

Категория: Эркин фикр | Просмотров: 1281 | Добавил: Давронбек | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 1
1 ЭХ  
0
Эй-вох, нахотки Карим жаноблари уз номзодларини келгуси сайлойга яна куйиш ниятида эканлигини айтган булса, бу сузини эшитмаган эканман, номзоди куйилди дегани яна сайланди деганику, еши бир кам етмишга кирди, 17 йил рахбар булди, нега оркасига карамамайди у ярамас, кандай ишни дундириб куйибдики яна номзодини уялмасдан куяман дейди, халкни ризкини кизи Гулнора билан еб булдику, эндиги рахбарлик чогимда кичик кизим ЛОЛО хам колган кутганларини хам еб олсин опасига ухшаб деяптими?!,Ватанни хор килди, узини эса бой килди,халкини камбагал килди, узбек мард углонларини бошка юртларга бориб мардикорлик килишгача олиб келди,4 тонна тиллани кизи чет элга олиб чикиб кетаетганида Россияда ушланди, у хам халкни мулки эдику, нега кизига жазо бермади, индамай бу масалани халкка билдирмай тинчитиб юборди, халк эса оллох учун намоз укиса турмага олиб кириб куйса,ОЧ КОРНИМ - ТИНЧ КУЛОГИМ дейдиган халк нахотки яна унга овоз беришса-энг аввало у кундан ОЛЛОХнинг узи асрасин!!!!!!

Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
 
 
Разделы новостей
Долзарб мақолалар [10]
Шеърлар [3]
Норозилик чодиридан ҳикоялар [1]
Хабарлар [138]
Иқтисод [4]
Янги нашрлар [3]
Баҳс [6]
Инсон ҳуқуқлари [20]
Таҳлил [18]
Эркин фикр [41]
Интервью [12]
Мурожаатлар [13]
Жамият [26]
Сиёсат [18]

Форма входа

Календарь новостей
«  Декабрь 2006  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Наш опрос

 

Сайтни қандай баҳолайсиз?

 
Жаъми жавоблар: 73
 
                                                 

 


Поиск

Друзья сайта
Бизнинг тамға:
 
 
Ҳамкорларимиз:
 

Статистика

Жаъми сайтдагилар: 1
Меҳмонлар: 1
Муҳлислар: 0
 

Copyright MyCorp © 2024
Используются технологии uCoz