ГлавнаяРегистрацияВход Сб, 2024.05.18, 13:52
  Приветствую Вас меҳмон | RSS

 
 Главная » 2006 » Декабрь » 24 » ҚОНУН ҲИМОЯЧИСИ ВАКОЛАТИДАГИ ҚОНУНБУЗАРЛАР
ҚОНУН ҲИМОЯЧИСИ ВАКОЛАТИДАГИ ҚОНУНБУЗАРЛАР
17:07
ҚОНУН ҲИМОЯЧИСИ ВАКОЛАТИДАГИ ҚОНУНБУЗАРЛАР

ЁКИ ЎЗ ВАКОЛАТИНИ ҚОНУНДАН ЮҚОРИ БИЛГАН ТЕРГОВЧИЛАР ҲАҚИДА

Яқинда қўлимга бир ҳужжат келди.Унда Самарқанд вилоят прокуратураси ва ИИББ тизимидаги айрим масъулларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари ва ҳаракатсизликлари ҳақида сўз юритилганди.

Мен бу вилоят ҳуқуқий соҳалар тизимидаги “об-ҳаво”ни ҳар ҳолда яхши биламан. 2004-2005 йиллар айнан Самарқанд вилояти айрим туманларидаги масъулларнинг ғайриқонуний қилмиш-лари мавзусидаги туркум мақолаларим “Қишлоқ ҳаёти”,”Адвокат пресс”,”Адолат” газеталарида чоп этилганди. Мақолалар юзасидан олиб борилган суриштирувлар натижасида Жомбой туман ҳокими 1-ўринбосари, ИИБ бошлиғи, 2 та ширкат хўжалиги раислари ишдан олинган, судланган эди. Бироқ туман миқёсидаги 3-4 нафар қонунбузар мутасаддини жазолаш билан барча иллатларга чек қўйиш мушкул. Зеро, иллатнинг асоси-вилоят миқёсида!Ўзимга тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, юқоридаги фикрнинг тўғрилигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Ва бу иллатлар фақат мамлакат даражасида барҳам топиши мумкин деган хулосага келдим. Шу сабаб алоҳида мақола ёзмадим, мавжуд ҳужжатлар матнини имловий таҳрир қилиб, мамлакат миқёсидаги нуфузли мутасаддиларга ҳавола этмоқдаман.

Дилмурод САЙЙИД.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатига

Нусхалари: 1. Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасига

2. Ўзбекистон Республикаси

Бош Прокурорига

3. “INTERNET” сайтлари орқали ИҲҲНТга

“EVINSO” адвокатлик фирмасининг адвокати Х.М.Маҳбубовнинг

ҲИМОЯ НУТҚИ

Ҳурматли судлов Ҳайъати!

Бир неча кун давомида ЎзР ЖК 97-моддаси 2-қисми “ж” банди ва 267-моддаси 3-қисми “в” банди билан айбланиб, судланаётган менинг ҳимоямда бўлган Икром Якубовга нисбатан қўзғатилган “Жиноий иш” материаллари кўриб чиқилди.

2006 йил 11 май куни Жомбой тумани “Саричашма қишлоғи” ҳудудида содир этилган қотиллик жинояти бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Самарқанд вилояти Жомбой тумани прокуратураси терговчиси Т. Маматов ва Самарқанд вилояти прокуратураси терговчиси А.Валиев томонларидан ЎзР ЖПК, Ўзбекистон Олий суди Пленуми қарорлари ва Республика Бош Прокурори буйруқлари талабларига зид равишда олиб борилган. Жумладан:

Жомбой тумани прокуратураси терговчиси Т. Маматовга 2006 йил 15 май куни мен ва адвокат Р. Тўлаганов томонидан судланувчи И, Якубовни ҳимоя қилиш юзасидан ордерлар тақдим этилишига қарамасдан, терговчи Т. Маматов амалдаги қонунларга хилоф тарзда ҳамда ўз ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда, “Ишонч” адвокатлик фирмаси адвокати И. Мамаражабовни ноқонуний шаклда ҳимоячи сифатида И.Якубовни гумонланувчи сифатида сўроқ қилиш жараёнига таклиф этган. “Ишонч” адвокатлик фирмаси томонидан 2006 йил 13 май кунги рўйхатдан ўтказилган ва 2006 йил 13 май санаси билан тақдим этилган № 165-рақамли адвокатлик ордери “15 май” санасига ўзгартирилиб сохталаштирилган ҳолда жиноий иш материалларига қўшилган. Бундан ташқари И.Яқубовнинг отаси Яқубов Муртазо фермер хўжалиги раҳбари бўлса, онаси 10та мол боқиб, сут сотиш билан шуғулланса, қандайт қилиб И.Яқубов моддий томондан қийналган бўлиши мумкин? Терговчи Т.Маматов И.Яқубовнинг оиласи моддий томондан тўлиқ таъминланганлигини билса-да, давлат манфаатларига зарар етказган ҳолда, давлат ҳисобидан ҳимоячи жалб этган. Қотиллик содир этилган жойни текшириш учун тергов Т.Маматов томонидан 2006 йил 16 май куни ташкиллаштирилган тергов ҳаракати ўтказиш жараёни ҳам қонунга зид равишда олиб борилган. Чунончи, ЎзР ЖПК 102-моддасида: “Кутилаётган жавобга бевосита ёки билвосита йўналтириш мазмунидаги саволлар ишора қилувчи саволлар”, деб ҳисобланади. Ишора қилувчи саволлар бериш тақиқланса-да, кўрсатувларни ҳодиса бўлган жойда текшириш пайтида терговчи Т.Маматов судланувчи И.Яқубовга йўналтириш мазмунидаги саволлар бериб келган. Кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текширув ўтказиш учун Жомбой туман прокуратурасидан бошланиб, “Дамас” русумли автоуловда кетилаётган пайтда Т.Маматов томонидан И.Яқубовга бир неча йўналтирувчи саволлар берилиб, саволларга И.Яқубовдан жавоб олган пайтда машинада холислар бўлмаган. Натижада терговчи Т.Маматов томонидан ЎзР ЖПК 133-моддаси талаблари қўпол равишда бузилган. Кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириб бўлингандан сўнг адвокат Р.Тўлаганов томонидан судланувчи И.Яқубовдан «Воқеа жойига неча маротаба чиққансиз?» деб сўралганда И.Яқубов вокеа жойига Жомбой туман ИИБ ходимлари томонидан икки маротаба чиққанлиги улар томондан И.Яқубовга қотиллик жинояти қандай содир этилганлигини кўрсатиб беришганлиги ҳақида кўрсатма берган. Ушбу ҳолатларни биз видео тасвирда кўришимиз мумкин. Судланувчи И.Яқубовнинг мазкур кўрсатмаси суд мажлисида гувоҳ Солиев Ҳусан томонидан ҳам ўз тасдиғини топган. Жомбой туман ИИБ ходимлари И.Яқубовни ноқонуний равишда 2006 йил 14-15 май кунлари воқеа жойига олиб чиққанлигини Солиев Ҳусандан ташқари «Саричашма» қишлоғида истиқомат қилувчи Аминова Саодат ва Тожинор исмли аёллар кўришган. Бу ҳақда мен суд мажлисида гувоҳ юзасидан сўроқ қилишликларини сўраб илтимоснома киритганман. Ундан ташқари 2006 йил 16 май куни воқеа жойига чиқилган пайтда мен томонимдан И.Яқубовга тан жароҳатлари борлиги ҳақида сўралганда судланувчи И.Яқубов 2006 йил 13 май куни унга бел қисмида тан жароҳати етказилганлиги ҳақида кўрсатма берган бўлса-да, лекин терговчи Т.Маматов судланувчи И.Яқубовга нисбатан судга оид тиббий экспертиза тайинламаган. Шунингдек, судланувчи И.Яқубовни Жомбой туман ИИБ бўлими ходимлари томонидан 2006 йил 14-15 май кунлари ноқонуний равишда воқеа жойига олиб чиққанлиги ҳолати бўйича иштирокчи милиция ходимлари аниқланмаган. Ушбу ҳолатга дастлабки тергов ҳаракатлари жараёнида аниқлик киритилмаган ва қонуний баҳо берилмаган. Шунингдек, ЎзР ЖПКнинг 49-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда, ҳимоячининг ишда иштирок этишига фуқарога айблов эълон қилинган вақтдан бошлаб ёки у гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор эълон қилинган пайтдан ёхуд у ушланган пайтдан бошлаб рухсат берилиши назарда тутилган бўлса-да, терговчи Т.Маматов ўз ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда мен ва адвокат Р.Тўлагановга ҳимоямизда бўлган судланувчи И.Яқубов билан учрашишга бир неча кун мобайнида тўсқинлик қилиб келган. Бу ҳақда Жомбой туман прокурори Д.Сайидқуловга мурожаат этган бўлсак-да, лекин туман прокурори томонидан ҳеч қандай чора кўрилмаган. Бунинг оқибатида судланувчи И.Яқубовнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилган. Бундан ташқари терговчи Т,Маматовнинг менинг номимга юборган телеграммасида 2006 йил 19 май куни соат 9-00 га тергов ҳаракатлари ўтказишлик учун келишим кераклиги кўрсатилган. Ушбу телеграмма 2006 йил 19 май куни адвокатурага келиб тушган. Шундан сўнг 2006 йил 19 май куни Жомбой туман прокуратурасига соат 11 ларда келганимизда (Тошкентдан Самарқандга транспортда келиш 3 соатни ташкил этади!) терговчи Т.Маматов бир неча баҳоналар қилиб, судланувчи И.Яқубов билан учрашишга рухсат бермади. Фақат шу куни кеч соат 18 ларда терговчи Т.Маматов яна ўз мансабини суиистеъмол қилган ҳолда давлат ҳисобидан “Муслимбек” адвокатлик фирмаси адвокати М.Алланазаровни тергов ҳаракатларида иштирок этишлик учун таклиф этганлиги, унинг иштирокида судланувчи И.Яқубовга нисбатан шу куни айб эълон қилганлиги, туман прокурори Д.Сайидқулов қамоққа олиш ҳақида санкция берганлиги ва жиноят иши Самарқанд вилоят прокуратурасига юборилганлигини судланувчи И.Яқубов унинг ихтиёрида эмаслигини важ қилиб, сулланувчи И.Яқубов билан учрашишга рухсат беришдан бош тортган. Терговчи Т.Маматовнинг мазкур ноқонуний ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказиш ва унга нисбатан чора кўриш ҳақида Самарқанд вилоят прокурори Ш.Муҳаммедов номига ариза тақдим этган бўлсам-да, лекин ҳозирги кунга қадар ариза жавобини олмадим. Шунингдек, судланувчи И.Яқубовнинг ота-онаси томонидан ҳам бир неча бор Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори номига Жомбой туман прокурори Д.Сайидқулов ва туман прокуратураси терговчиси Т.Маматовнинг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан аризалар юборилган бўлса-да, ҳозирги кунга қадар ушбу аризалар бўйича ҳам жавоб хатлари олинмаган. Эргашев Ориф, Зокиров Фирдавс ва Маматқулов Умид туман прокуратурасида жамоатчи ёрдамчи сифатида ишлаб келганликларига қарамай, туман прокуратураси терговчиси Т.Маматов уларни жиноят ишида мавжуд бўлган баённомаларда холис сифатида жалб этган. Биз бир неча бор Жомбой туман прокуратурасига борган вақтимизда ушбу шахслар терговчи Т.Маматовнинг хизмат хонасида фуқароларни сўроқ қилаётган ва процессуал ҳужжатларни расмийлаштираётганликларининг шоҳиди бўлганмиз. Бундан ташқари Т.Маматов Самарқанд вилоят прокуратураси ҳузуридаги Солиқ ва валютага қарши курашиш департаменти ходими Б.Сайдалиевни холис сифатида иштирок эттирган. Натижада терговчи Т.Маматов томонидан ЎзР ЖПК 73-модда талаблари қўпол равишда бузилган. Воқеа жойи кўздан кечирилганда экспертлар томонидан машина излари олинган бўлса-да, лекин Т.Маматов томонидан ашёвий далил йўқ қилиб юборилган. Машина излари воқеа жойидан ҳақиқатдан ҳам олинганлиги ҳақида холис Б.Сайдалиев судда гувоҳ тариқасида сўроқ қилинганда гувоҳлик берган ва шу билан бирга воқеа жойида олинган видео тасвирда ҳам ўз тасдиғини топган.

Шунингдек, Т.Маматов Ўролов Обид, Рустамов Аслиддин, Назаров Ғофур, Сариев Элёр, Ўроқова Дилрабо, Жўрашев Зоир, Шононов Тошмамат, Ўролов Шодмонқул, Ишқуватов Анвар, Нажмиддинов Амирқул, Умаров Камолитдин, Қосимов Абдукарим, Ўроқов Икромни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиб, гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш баённомаларидаги сана 13 рақами билан сохталаштирилиб, ручка ёрдамида ўзгартирилган.

Агарда дастлабки тергов жараёнида судланувчи И.Яқубов содир этилган қотиллик жиноятини бўйнига олган бўлса, унда: “Нима учун И.Яқубовнинг эгнидаги кийимлари шу куни олинмаган?”, “Нима учун қотиллик қуроли ҳисобланган пичоқ бўйича таниб олиш ҳаракатлари олиб борилмаган?”, “И.Яқубовнинг онаси Хуршида Бобомуродовага ҳам пичоқни таниб олиш ҳаракатлари ўтказилмаган?”, “Нима учун қотиллик жинояти қандай содир этилганлиги юзасидан эксперимент ўтказилмади?” Бу саволлар ҳозирги кунда жумбоқ бўлиб келмоқда. Суд мазкур ҳолатларга ҳам ўзининг фикрини билдириши лозим.

Мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Самарқанд вилоят прокуратураси терговчиси А.Валиев томонидан ҳам қўпол равишда бузиб олиб борилган.

Чунончи, қотиллик қуроли деб эътироф этиб келинган пичоқ юзасидан И.Яқубов иштирокида таниб олиш ҳаракатлари ўтказилмаган. Самарқанд вилоят Жомбой туман прокуратураси томонидан 2006 йил 12 май куни Жомбой туман “Саричашма” қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Боймуродовга тегишли томорқадан ифлосланган эркаклар кийими, костюм, жемпер, тугма ва қоғоз наждачка топилган. Воқеа жойида олинган ашёлар Самарқанд вилоят прокуратураси терговчиси А.Валиев томонидан мақбул ашёвий далил сифатида тан олиш ҳақида қарор қабул қилган бўлса-да, лекин тергов жараёнида қайд этиб ўтилган нарсаларнинг кимга тегишлилиги ва улардаги доғларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид биологик экспертизалар ўтказилмаган. Тергов жараёнида Ш.Боймуродов томорқасидан топилган кийимлар юзасидан Ш.Боймуродов гувоҳ сифатида сўроқ қилинмаган ва ушбу кийимлар кимга тегишлилиги юзасидан тергов қидирув ишлари олиб борилмаган. Ҳозиргу кунга қадар ушбу кийимлар кимга тегишлилиги ва унинг жиноят ишига қандай дахлдорлиги номаълум бўлиб қолмоқда.

Самарқанд вилоят Жомбой туман прокуратураси томонидан 2006 йил 14 май куни “Саричашма” қишлоғида жойлашган ариқдан олинган ғилофга нисбатан тергов жараёнида ғилоф кимга тегишлилиги аниқланмаган, унда қон доғлари бор ёки йўқлиги юзасидан судга оид биологик экспертиза ўтказилмаган. Ушбу ҳолат юзасидан таниб олиш ҳаракатлари ўтказилмаган. Ғилофнинг олинган жойга келиб қолиш ҳолатлари бўйича аниқлик киритилмаган, ғилоф ҳақиқатан қотиллик жинояти қуроли – пичоққа тегишлилиги текширилмаган.

Ундан ташқари қотиллик жинояти содир этилган жойдан бирмунча узоқликда тупроқда топилган қон доғлари бўйича судга оид биологик экспертиза тайинланмаган. Ушбу қоннинг келиб чиқиш сабаблари тергов жараёнида аниқланмаган.

Ваҳоланки, Самарқанд вилоят прокуратураси терговчиси А.Валиев ушбу нарсаларни мақбул ашёвий далил сифатида тан олиш ҳақида қарор қабул қилган. Терговчи А.Валиевнинг ушбу камчиликлари суд жараёнида қисман бартараф этилган.

Жиноят иши Самарқанд вилоят прокуратурасига 2006 йил 19 май куни юборилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришлик терговчи А.Валиевга юклатилган бўлса-да, лекин терговчи сансоларликка йўл қўйиб, И.Яқубовнинг эгнидаги кийимлари фақат 2006 йил 20 май куни олинганлиги, унинг эгнидаги қон доғларининг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш имкони бўлмаган. Терговчи А.Валиев 3 ой мобайнида бирон марта ҳам менинг иштирокимда ҳимоямда бўлган судланувчи И.Яқубовни сўроқ қилмаган. Ваҳоланки, мен бир неча бор вилоят прокуратурасига келган пайтимда терговчи А.Валиев турли баҳоналар қилиб, тергов ҳаракатларини ўтказмаган. 2006 йил 17 август куни Самарқанд вилоят ИИБ ВУТИда судланувчи И.Яқубов билан учрашган пайтимда ВУТИ бошлиғи Х.Алиев билан суҳбатлашганимда, маҳбус И.Яқубовни қамоқда ушлаб туриш муддати ўтиб кетганлигига қарамай, А.Валиев томонидан қамоқда ушлаб туриш муддатинит узайтириш ҳақида ҳеч қандай ҳужжат тақдим этилмаганлиги маълум бўлди. (Бу ҳақда тегишли тартибда мен томонимдан ВУТИдан маълумотнома олинган!) Лекин терговчи А.Валиев ўз ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда гўёки 2006 йил 12 август куни судланувчи И.Яқубовни «Боғишамол” адвокатлик ҳайъати адвокати А.Мусурмонов иштирокида айбланувчи тариқасида сўроқ қилинганлиги ҳақида сохта процессуал ҳужжат, яъни баённома расмийлаштирган. “Боғишамол” адвокатлик ҳайъати адвокати А.Мусурмонов терговчи А.Валиев томонидан қабул қилинган 2006 йил 12 августдаги давлат ҳисобидан ҳимоячи тайинлаш ҳақида қарор асосан тергов ҳаракатларида иштирок этишга жалб этилганлиги ҳақида сохта маълумот киритилган. Мазкур қарорда терговчи А.Валиев сохта маълумотлар киритиб, яъни И.Яқубовнинг қариндошлари моддий томондан қийналаётганликлари сабабли давлат ҳисобидан адвокатга ҳақ тўлаш та йинланган. Бунинг натижасида давлат мулки А.Валиев томонидан талон-тарож қилишга йўл қўйилган. Ваҳоланки, И.Яқубовнинг ота-онаси моддий имконияти бўлганлиги терговчи А.Валиевга маълум эди. Суд жараёнида 2006 йил 12 август куни Самарқанд вилоят ИИБ ВУТИда терговчи А.Валиев томонидан таклиф қилинган ҳимоячи бўлмаганлиги ўз тасдиғини топди. Самарқанд вилоят прокуратураси терговчиси А.Валиев ўз мансабини суиистеъмол қилишни давом эттирган ҳолда 2006 йил 12 август куни ЎзР ЖКнинг 241-моддаси 1-қисми билан айбланаётган фуқаро А.Пўлатов терговдан қочиб юрганлиги ҳақида сохта маълумот асосида ишнинг унга нисбатан қисми жиноят ишидан ажратиб олиниб, А.Пўлатовга қидирув эълон қилган. Лекин А.Валиев айбланувчи А.Пўлатовни қидириб топишлик учун тегишли ҳужжатларни ички ишлар органларига юбормаган. Судда А.Пўлатов гувоҳ тариқасида сўроқ қилинганида, у ҳеч қаерга қочиб кетмаганлиги терговга бир неча бор келганда терговчи А.Валиев бир неча бор баҳоналар қилиб, унга нисбатан тергов ҳаракати ўтказмаганлиги ҳақида кўрсатма берган ва ушбу кўрсатма гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган А.Валиев томонидан ҳам қисман тасдиқланган. Шу йўл билан терговчи А.Валиев Самарқанд вилоят прокуратураси раҳбариятини чалғитган. Агар терговчи А.Валиев қамоқда ушлаб туриш муддатини узайтириш ҳақида Самарқанд вилоят прокурорига мурожаат этганида эди, раҳбарият томонидан унга нисбатан интизомий чора кўрилган бўларди. Терговчи А.Валиев шу сабабни билган ҳолда юқорида қайд этиб ўтилган ноқонуний ҳаракатларни олиб борган, деб биламан. Юқоридагилардан келиб чиқиб, А.Валиев томонидан 2006 йил 16 августдан сўнг олиб борилган барча тергов ҳаракатларини ноқонуний деб топишингизни ва судланувчи И.Яқубов 2006 йил 17 август кунидан бошлаб ноқонуниб ушлаб турилган, деб баҳолашингизни сўрайман.

Дастлабки тергов жараёнида судланувчи И.Яқубовни қотиллик жиноятини содир этганлиги ҳақидаги кўрсатмаси ички ишлар органлари томонидан қўрқитиш, тазйиқ ўтказиш ва қийноқлар асосида олиб борилган. Бунга асос қилиб Жомбой туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан сохта ҳужжатлар расмийлаштириш орқали шахсан И.Яқубовнинг отаси Муртазо Яқубовни, қариндошлари: амакиси Яқубов Сайидқулни, амакисининг ўғли Акмал Пўлатовни, аммасининг ўғли Қодиров Шералиларни майда безориликда айблаб, ЖИБ Жомбой туман суди томонидан маъмурий тартибда маъмурий жазо белгиланиб, Жомбой туман ИИБ вақтинча ушлаб туриш ҳибсхоналарида ноқонуний равишда ушлаб турилганликларини ва 2006 йилнинг 12-13 май кунлари уларга нисбатан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судланганликларини кўрсатиш кифоя. (Бир вақтнинг ўзида 6 та қариндош безорилик ҳаракатини содир этиши ақлга сиғмайдиган ҳолат!) Мазкур маъмурий қарор кассация тартибида Самарқанд вилоят суди томонидан кўрилиб, маъмурий қарорлар бекор қилиниб, қайта суриштирувга юборилган. Лекин ҳозирги кунга қадар суриштирув ишлари ноқонуний давом эттириб келинмоқда. Ваҳоланки, маъмурий жавобгарликка тортиш муддатлари 2 ойдан ортиқ муддат ўтиб кетган ва бирон марта ҳам ушбу шахслар Жомбой туман ички ишлар бўлимига суриштирувга қайта чақирилган эмас!

Суд томонидан барча маъмурий ҳужжатлар тақдим этиш ҳақида сўровнома юборилган бўлса-да, лекин Яқубов Муртазо ва Қодиров Шералининг маъмурий ҳужжатлари тақдим этилмаган. Жомбой туман ИИБ раҳбариятининг судга бўлган ҳурматсизлиги ва менсимаслигига нисбатан туман ИИБ раҳбариятига ўз муносабатини билдириши лозим.

Судланувчи И.Яқубовни 2006 йил 12 май куни ўз уйидан Жомбой туман ИИБ бошлиғи Б.Раҳматов олиб кетиб, ҳозирги кунга қадар ушлаб турилмоқда. Шу сабали суд судланувчи И.Яқубовни 2006 йил 12 май кунидан эҳтиёт чораси сифатида ушлаб турилган деб ҳисоблаши лозим.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Жомбой туман прокуратураси катта терговчиси Т.Маматов ва Самарқанд вилоят прокуратураси терговчиси А.Валиев ЎзР ЖПК талаблари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги “Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 17-сонли қарори, 2004 йил 24 сентябрдаги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 12-сонли қарори ва 2004 йил 24 сентябрдаги «Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 13-сонли қарорлари талаблари қўпол равишда бузишган.

Шу сабабли Жомбой туман прокуратураси катта терговчиси Т.Маматов ва Самарқанд вилоят прокуратураси терговчиси А.Валиевга ЎзР ЖК 205-моддаси ва 209-моддаслари билан жиноий иш қўзғатишингизни сўрайман.

Шунингдек, Жомбой туман ИИБ ходимлари томонидан судланувчи Икром Яқубов, Муртазо Яқубов, Сайидқул Яқубов, Акмал Пўлатов ва Шерали Қодировга нисбатан тузилган маъмурий хужжатлар ҳозирги кунга қадар мазмунан ҳал этилмаганлиги сабабли Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлигига туман ИИБ ходимлари устидан хизмат текшируви ўтказиш ҳақида хусусий ажрим чиқаришингизни сўрайман.

Жомбой туман прокурори Д.Сайидқулов мазкур маъмурий қарорлар бўйича олиб борилаётган суриштирув ишлари юзасидан назорат олиб бормаганлиги сабабли ҳозирги кунга қадар сансоларликка йўл қўйилганлиги юзасидан хизмат текшируви ўтказиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори номига хусусий ажрим чиқаришини сўрайман.

ЎзР ЖПК 419-моддаси талабига кўра суд мажлисида тўлдириш имкони бўлмаган қуйидаги ҳолатлар мавжудлиги, яъни жиноят содир этилган жойдан бирмунча узоқликда топилган тупроқдаги қон доғлари қандай келиб чиққанлигини аниқлаш, Боймуродовнинг томорқасидан топилган кийимлар кимга тегишлилигини аниқлаш, уларнинг жиноят ишига алоқадорлигини, ариқдан топилган ғилоф жиноят қуроли ҳисобланган пичоққа тегишлилиги ва унинг қандай қилиб топилган жойга келиб қолганлигини аниқлаш, ариқдан топилган пичоқнинг узунлиги билан экспертизага олиб келинган пичоқнинг узунлиги ўртасида 0,5 см тафовут борлиги сабаби, марҳумнинг тан жароҳатларидан фақат битта жароҳати бўйича судга оид физтех экспертизаси ўтказилганлиги, қолган жароҳатлари бўйича ушбу пичоқдан етказилганлигини аниқлаш, фақат тергов жараёнида аниқлик киритиши мумкинлиги, шунингдек, терговчи А.Валиев томонидан жиноят иши нотўғри ажратилганлиги, яъни фуқаро А.Пўлатов бир вақтнинг ўзида битта жиноят иши бўйича судда гувоҳ, терговда айбланувчи сифатида 2 та процессуал шахс бўлишининг ноқонунийлиги, А.Пўлатовнинг ҳаракатларига қонуний баҳо беришда унга нисбатан алоҳида тергов ҳаракатларини олиб бориш имкони йўқлиги сабабли мазкур жиноят ишини қайта терговга юборишингизни сўрайман.

Адвокат Ҳ.М.Маҳбубов

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори Р.Ҳ.Қодировга Самарқанд вилояти Жомбой тумани “Саричашма” қишлоғида истиқомат қилувчи Муртазо Яқубовдан

А Р И З А

2006 йил 11 май куни бизнинг қишлоғимизда мудҳиш воқеа содир бўлди. Қўшни қишлоқда истиқомат қилувчи Эгамназаров Баҳрилло исмли йигитни қишлоғимиз ҳудудида пичоқлаб кетишган эди. Ушбу жиноятда ўғлим Яқубов Икромни гумондор қилиб, 2006 йил 12 май куни Жомбой туман ички ишлар бўлими бошлиғи Б.Раҳматов шахсан ўзи уйимдан ўзининг хизмат машинасида 1-2 соатга деб олиб кетди. Шундан кейин уни бошқа олиб келишгани йўқ. Эртасига эса, яъни 2006 йил 13 май куни мени, укам Яқубов Сайидқулни, акамнинг ўғли Пўлатов Акмални, аммамнинг ўғли Қодиров Шерали ва турмуш ўртоғим Бобомуродова Хуршидани Жомбой туман ички ишлар бўлимига турли баҳоналар қилиб, алдаб чақириб қамаб қўйишди. Турмуш ўртоғимдан барчамизга, шунингдек, ўғлим Яқубов Икромга сохта ҳужжатлар расмийлаштиришиб, маъмурий иш очишди ва жиноят ишлари бўйича Жомбой туман суди томонидан мендан бошқа, яъни Яқубов Икром, Яқубов Сайидқул, Қодиров Шерали ва Пўлатов Акмалларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига кўра турли муддатларга ноқонуний равишда маъмурий қамоқ жазоси белгиланди. Ўғлим Яқубов Икромни қўрқитиб, уриб уйдагиларни ва қариндошларингнинг ҳаммасини қамаймиз, деб тазйиқ ўтказишиб, қотиллик жиноятини содир этишни бўйнига олишга мажбур этишди. 2006 йил 15 май куни мен Тошкент шаҳрида адвокатлик фаолияти билан шуғулланиб келувчи Р.Тўлаганов ва Х.Махбубовларни ўғлим Икром Яқубовнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун адвокат сифатида ёлладим. Шу куни улар қотиллик жинояти бўйича тергов ҳаракатини олиб борган Жомбой туман прокуратураси терговчиси Толмас Маматовга учрашишиб, ордерларини тақдим этишди. Т.Маматов адвокатларга 2006 йил 16 май куни келишларини айтди. 2006 йил 16 май куни терговчи Т.Маматов менинг рухсатимсиз ўзининг таниши бўлган адвокатни давлат ҳисобидан терговга таклиф этиб, унинг иштирокида ўғлим Икром Яқубовни гумонланувчи тариқасида сўроқ қилган. Кейинчалик судда маълум бўлишича, адвокат номига берилган ордердаги маълумотлар сохталаштирилган. Жомбой туман прокуратураси терговчиси Т.Маматов ўз мансабини суистеъмол қилиб, адвокат Р.Тўлаганов ва Х.Махбубовларни ўғлим билан учраштиришга рухсат бермади. Ҳаттоки 2006 йил 19 майда терговчи Толмас Маматов ўғлимга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 97-моддасининг тегишли қисмлари билан айб эълон қилган куни ҳам мен таклиф этган адвокатларни алдаб ўғлим билан учраштирмасдан турли баҳоналар қилиб, ўзининг таниши бўлган адвокат иштирокида сўроқ қилган ва туман прокурори Д.Сайидқуловдан қамоққа олиш ҳақида санкция олган. Жомбой туман прокурори Д.Сайидқулов қўл остидаги терговчиси Т.Маматовнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларидан хабардор бўлса-да, ҳеч қандай чора кўрмади. Шундан сўнг мен турмуш ўртоғим Х.Бобомуродова билан Сизнинг номингизга, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлигига ушбу қонунбузарликлар бўйича шикоят аризалари билан мурожаат этишга мажбур бўлдик. Бизнинг барча аризаларимиз Жомбой туман прокурори Д.Сайидқулов, туман прокуратураси терговчиси Т.Маматов ва Жомбой туман ИИБ ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари юзасидан чора кўришлик ҳақида 2006 йилнинг май ойларида Самарқанд вилоят прокуратурасига юборилган бўлса-да, лекин мана 5 ой бўлибдики, биз аризаларимиз бўйича Самарқанд вилоят прокуроридан жавоб хатлари олганимиз йўқ. Ҳаттоки, аризаларимиз бўйича бизни чақиришгани ҳам йўқ. Жиноят иши 2006 йил 20 май куни Самарқанд вилоят прокуратураси терговчиси Асрор Валиевга топширилди. Жиноят иши бўйича эндиликда адолатли тергов олиб борилса керак деб ўйлаган эдик, аммо адашган эканмиз. Самарқанд вилоят прокуратураси терговчиси А.Валиев ўз мансабидан фойдаланиб, ўғлимга тазйиқ ўтказиш йўли билан бир неча марта адвокат Р.Тўлаганов ва Х.Махбубовлардан воз кечишни талаб қилди. Бу ҳақда ўғлим Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ариза ёзган бўлса-да, ҳозирги кунга қадар ўша ариза юзасидан ҳам жавоб хати олингани йўқ. Вилоят терговчиси А.Валиев менга ва турмуш ўртоғим Х.Бобомуродовага бир неча бор Тошкент шаҳрида прокурор бўлиб ишловчи акасини рўкач қилиб қўрқитиб келди. Терговчи А.Валиев 2006 йил 22 августгача тергов қилган бўлса-да, бирон марта адвокатлар иштирокида сўроқ қилгани ёки юзлаштиргани йўқ.

Менда ҳозирги кунда Самарқанд вилоят прокуратураси идораларига ишонч қолгани йўқ. Уларнинг адолатли ва қонуний тергов ҳаракатлари олиб боришларига ишонмайман. Ўзларининг хатоларини ёпиш мақсадида ҳар қандай қабиҳ ишлар қилишга тайёр, деб ўйлайман. Шу сабабли ўғлимга нисбатан юритилган жиноят ишини Самарқанд вилоят прокуратурасидан олиб, терговни олиб бориш учун бошқа вилоят прокуратурасига ўтказишингизни сўрайман.

Сиздан илтимос, аризамда кўрсатилган барча важлар фақат Республика Бош прокуратураси ходимлари томонидан тўлиқ текшириб чиқишларини, жинояти ишини ноқонуний олиб борган Самарқанд вилоят прокуратураси ҳамда Жомбой туман ички ишлар бўлими раҳбарлари ва ходимларига нисбатан тегишли чоралар кўришингизни ўтиниб сўрайман.

Яқубов Муртазо

3 ноябр, 2006 йил.

P.S.: Мазкур масала бўйича тегишли ҳужжатлар “Инсон ва қонун” газетаси ходимига ҳам берилган. Лекин орадан бир ой ойдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, на мақола эълон қилинмади, на таҳририят номидан тегишли идораларга жўнатилмаган.

Категория: Мурожаатлар | Просмотров: 1408 | Добавил: Давронбек | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
 
 
Разделы новостей
Долзарб мақолалар [10]
Шеърлар [3]
Норозилик чодиридан ҳикоялар [1]
Хабарлар [138]
Иқтисод [4]
Янги нашрлар [3]
Баҳс [6]
Инсон ҳуқуқлари [20]
Таҳлил [18]
Эркин фикр [41]
Интервью [12]
Мурожаатлар [13]
Жамият [26]
Сиёсат [18]

Форма входа

Календарь новостей
«  Декабрь 2006  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Наш опрос

 

Сайтни қандай баҳолайсиз?

 
Жаъми жавоблар: 73
 
                                                 

 


Поиск

Друзья сайта
Бизнинг тамға:
 
 
Ҳамкорларимиз:
 

Статистика

Жаъми сайтдагилар: 1
Меҳмонлар: 1
Муҳлислар: 0
 

Copyright MyCorp © 2024
Используются технологии uCoz