ГлавнаяРегистрацияВход Пн, 2024.04.29, 22:39
  Приветствую Вас меҳмон | RSS

 
 Главная » 2007 » Октябрь » 20 » Хорижга чиқиш навбати ёки ОВИРдан репортаж
Хорижга чиқиш навбати ёки ОВИРдан репортаж
03:50
Ўзбекистондаги ҳозирги ишсизлик манзарасида хорижга чиқиш истагидагиларнинг сони кўпайиб бораётгани кузатилмоқда. Буни, айниқса, Ички ишлар вазирлигининг хорижга чиқиш ва кириш бўлимлари олдидаги навбатлардан яққол сезиш мумкин. Хусусан, ўзининг паспортига умумий виза очтириш истагидаги самарқандликларнинг аксарияти
хорижга ишлаш учун чиқмоқчи эканликларини айтишади.

Бутун Ўзбекистонда "ОВИР" десангиз кўпчилик яхшироқ тушунадиган милициянинг хорижга чиқиш ва кириш бўлимининг Самарқанд шаҳар муассасаси эшиги олди доимо гавжум. Эътибор қилсангиз, одам ўтган йиллардагидан кўпайгандек...

Ҳужжатларни қабул қилиш кунлари деб ҳафтанинг уч куни кўрсатилган ёзувга эътибор қаратар экансиз, бундан илгари фақат душанба ва пайшанба кунларида ҳужжат олинганлигини эслайсиз.

Тақдим этишингиз лозим бўлган ҳужжатлардан бири сўровномадир. Идора атрофида бир неча жойда сўровномани тўлдириб бериш хизмати жорий этилган. Бу хизмат кўпчилик учун қулай ҳисобланади. Паспортингизни очиб сўровномани тўлдиришга тушган қизгина исм-шарифингиздан тортиб, паспортингиз рақамларини ҳам қайд этар экан, бошқа саволларга ҳам ўзича жавоб ёзаверади. Масалан, хорижга чиқишдан мақсад деган саволга сиздан сўраб ҳам ўтирмасдан "сайёҳлик" деб ёзиб қўяди. Хуллас, сўровномаларга таяниладиган бўлса, Самарқандда аксарият сайёҳлик истагида виза очтираётган бўлади...

Ҳужжатларимни олиб эрталаб соат еттиларда (қабул соат саккизда бошланади) ОВИР идорасига етиб келар эканман, эшик олдидаги тумонат одам аллақачон навбатга ўз исми-шарифини ёздириб улгурган экан. Мен 162-рақамда бўлдим. Қўлма-қўл бўлиб кетаётган рўйхатда яна янги-янги номлар битиларди. Гарчи котиба "Бугун юз элликта одам ҳужжати қабул қилинади" деб такрорлайверса-да, папка қўлтиқлаган кишилар исм-шарифларини ёзаверадилар... Рўйхатнинг бошидагилар тонг-азонда, ҳали кун ёришиб-ёришмай келганлар.

Соатлаб навбат кутишга мажбур кишилар ташқарида дарахт сояларидаги скамейкаларда бекорчиликдан суҳбат қуришади.

- Ўзбекистон фуқароси бўлсам ҳам уйим Сибирга яқинроқ шаҳарчада, - дейди Фароғат исмли аёл. - Оиламиз билан ўн йил аввал бориб қолганмиз. Болаларим ўша ерда улғайишди.

Фароғатнинг айтишича, эр-хотин ишлашаркан...

- Шоҳона яшаяпмиз, деёлмайман. Лекин совутгичимиз доимо тўла. Аммо тиззагача қор кечадиган кунларда одамнинг Ватанга қайтгиси келади, - дейди у.

Лекин у бу ерда болаларининг иқтидорини ривожлантиришга имкон яратолмаслигидан чўчийди.

СССРдан мерос чиқиш визасини талаб қилиш тартиби Ўзбекистонда сақланиб қолган

– Бу ерда ҳамма жойда таниш-билишчилик, ман-манлик. Билимли одамлар кам қолган, - дона-дона қилиб гапиради аёл.

Фароғатнинг айтишича, хориж мамлакатларидан бирида ишлаб қайтса, сўнг қаерда яшаб қолиши аниқ бўлади.

Бошқа бир аёл Фароғатга маслаҳат берган бўлади: "яхшиси, Россиядагидан кўпроқ пул топса бўладиган Кореями, Америкадами бир неча йил ишлаб келиб, сўнг Самарқандда яшаш керак".

- Кореяда ишлаб келиб данғиллама иморат кўтардим ҳам дейлик, кейин-чи? – кескин фикрини билдиради Фароғат. - Шароитдан ташқари, одам ўзини одамдек ҳис этиши керак, - дейди у.

"Кореяга олиб борадиган воситачилар ҳам нархни кўтаришибди", мавзуни ўзгартиради бояги аёл. Унинг айтишича, йўлкира, кириш визасини расмийлаштириш, ишга жойлаштириш мажбуриятини олган воситачига саккиз-тўққиз минг доллар бериш керак.

Ўрта ёшлардаги бошқа бир аёл эса Туркияга олиб борадиган воситачига бериш учун саккиз минг доллар қарз кўтарганлигини айтади. "Иш - бировнинг уйида чўрилик экан", махфий гап айтаётгандек оҳангда гапиради аёл.

Ўн тўққиз-йигирма ёшлардаги аёл эса Москвада ҳам кореядагидек пул топиш мумкинлигини айтади. Унинг айтишича, эр-хотин ёш болалари билан Москвада яшаб, ишлаб келишаяпти. "Эрим ҳам, мен ҳам икки-уч жойда ишлашга улгурамиз, бола энагаликда", дейди у. У икковлон биргаликда ойига икки-уч минг доллар топишаётганини айтади.

"Иложи бўлса шундай иш жойи топиш керакки, ўша ерда яшаш ва овқатланиш имкони бўлсин", дейди у.

Россияда кимдир итбоқар, кимдир фаррош, кимдир боғбон...
Истараси иссиқ бу аёл сўнг атрофдагиларни кулдириб, Москва хотираларидан сўзлайди. Бир ит ихлосмандининг уйида итбоқар, фаррош ва боғбон вазифаларида ишлашганлигини хотирлайди. Бир гал итга "Пошёл" - "Тур, кет!" деганини уй эгаси эшитиб қолиб, уларни ҳайдабди.

- Лекин Москвада битта иш тополмай қайтаётганлар ҳам бор, - қўшимча қилади жувон.

"Россия ва Қозоғистонга Ўзбекистон фуқаролари визасиз киритилади-ку", сўрайман суҳбатдошдан.

Унинг айтишича, боласи учун махсус паспорт - "киндер паспорт" очтириш шартлиги боис, ўтган гал шундай йул тутишган. Лекин бу паспортни ҳар олти ойда янгилаш зарур эмиш.

"Шунинг учунгина ярим йилда қайтдик. Яна бормоқчимиз, - бояги кулгудан асар ҳам қолмай, аёлнинг чеҳраси жиддий тортади.

Навбат аста-секинлик билан силжир экан, ора-сира кимдир ҳозиргина келиб тўхтаган машинасидан гердайиб тушади-да, навбат кутаётганларнинг "ҳай-ҳуй"ига ҳам қарамай, тўғри ичкарига кириб кетади.

Ярим кун вақтини сарфлаб, ҳужжат топширган кишилар эса ичкаридан чиқар экан, ўзини елкасидан тоғ қулагандек ҳис қилаётганлигини илғаш қийин эмас. Виза қачон тайёр бўлади, деган саволга эса "бир ойдан кейин хабар олинг", дейилар экан, бир кунда ҳужжат топширган кишилардан кимдир ўн беш кунда, яна кимдир бир ойдан ортиқ вақтда визага эга бўлишини навбатда турганларнинг аксари яхши билади.

Прикрепления: суврат 1
Категория: Жамият | Просмотров: 1374 | Добавил: Давронбек | Рейтинг: 5.0/1 |
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
 
 
Разделы новостей
Долзарб мақолалар [10]
Шеърлар [3]
Норозилик чодиридан ҳикоялар [1]
Хабарлар [138]
Иқтисод [4]
Янги нашрлар [3]
Баҳс [6]
Инсон ҳуқуқлари [20]
Таҳлил [18]
Эркин фикр [41]
Интервью [12]
Мурожаатлар [13]
Жамият [26]
Сиёсат [18]

Форма входа

Календарь новостей
«  Октябрь 2007  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031

Наш опрос

 

Сайтни қандай баҳолайсиз?

 
Жаъми жавоблар: 73
 
                                                 

 


Поиск

Друзья сайта
Бизнинг тамға:
 
 
Ҳамкорларимиз:
 

Статистика

Жаъми сайтдагилар: 1
Меҳмонлар: 1
Муҳлислар: 0
 

Copyright MyCorp © 2024
Используются технологии uCoz