Мен Тошкентда туғулиб ўсганман. Ёшим 27 да. Каримов хокимиятга келганида 8 ёшли бола эдим. Отам иссиқлик энергияси мутахасиси, менинг ўзим ҳам иссиқлик энергияси мутахасисиман. Бундан икки йил муқаддам ота онамдан ва мендан пул ундириш мақсадида ҳеч бир сабабсиз прокурор санкциясисиз уйимизда тинтув ўтказишди ва мен турадиган хонадан режимга қарши варақа ва қанақангидир дисклар топишди. Мен ҳеч қандай диний ёки бошқа бирор ташкилотга аъзо бўлмаганман шу сабабли бу варақа ва дисклардан бехабар эдим. Мени уч кун милиция бўлимида овқатсиз ва уйқусиз ушлаб туришди. Сўнг пул топиб келишимни айтишди ва шаҳардан чиқиб кетмаслик шарти билан қўйиб юборишди. Мен таниш билишларнинг маслаҳати билан Ўзбекистондан чиқиб кетдим. Ҳозирги вақтда Швецияда яшаяпман. Интернетда “Эрк” партияси ҳақида ўқиб партияга киришга ватанга ҳизмат қилишга қарор қилдим. Стокголмда бошланган пикетда уч кун давомида - туну кун навбатчилик қилдим. Соғлиғим тикланганлиги сабабли, пикет ташкилотчиларидан, яна мени навбатчиликка ёзишларингизни сўрайман. Мен ишонаманки, ким нима деб ёзмасин, биз албатта бир кунмас бир кун демократик давлатга эришамиз! Мен буни шу пикет даврида тушундим ва мен аминманки, Ўзбекистонда демократик давлат қурилади! Бу совуқ ва қорли кунлар бизнинг хотирамизда қолади. Мен биламанки, менинг тенгдошларим бизни қўллайдилар, бу пикетлар келажак учун замин яратади. Мен бу пикетда бизнинг талабларимизга имзо чекиб, бизни қўллаётганларнинг юзларидаги табассум ва биздан олган зумрад ранг ленталарини фахр билан тақишларини кўрдим. Мен ишонч билан айтаманки биз курашдан қайтмаймиз. Гадиров Варид, Uzbekinfo.org
|