ГлавнаяРегистрацияВход Вс, 2024.04.28, 20:34
  Каталог статей Приветствую Вас меҳмон | RSS

 
 
Главная » Статьи » Долзарб мақолалар » Сиёсат

Германиянинг Ўзбекистондаги диктатурага муносабати, Хитойнинг Бирмадаги ҳарбий хунтага муносабати билан бир хил бўлиб чиқди
Берлинда шу кунларда Далай Ламани қабул қилаётган Германия канцлери Ангела Меркель, ғазабнок Ҳитойнинг қаршиликларига қарамай бутун дунё бўйлаб инсон эркинликлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган немислар шарафига янграётган гулдурос қарсакларни қабул қилиб олмоқда.

Германия ташқи сиёсатининг бошқа бир томони эса, таассуфлар бўлсинки, биз ўзбекистонликларга насиб этди, немис сиёсатчиларининг бу ичкари ҳовлиси эса, хитойникидан мутлақо фарқ қилмайди.

Германиянинг Ўзбекистондаги диктатурага муносабати, Хитойнинг Бирмадаги ҳарбий хунтага муносабати билан бир хил бўлиб чиқди.

Фақат битта тафаовут бор, ЕИ қалпоғи остида Германия табиий заҳираларга бой бўлган ва ўз маҳсулотларини киритиш мумкин бўлган ҳудуддаги худбинона ҳисоб-китобли, ғаразли сиёсатини “инсон ҳуқуқлари борасидаги диалог” дея кўрсатмоқда.

Ўзбекистоннинг Демократик жамоатчилиги узоқ бир мамлакатнинг ташқи сиёсатини ўзгартира олмайди. Улар немис сиёсатдонларини қамоқларда азобланаётган, ноинсоний таҳқирлар ва қийноқларга солинаётган минглаб сиёсий махбуслар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга эътибор қилишга, Андижонда ноҳақ ўлдирилган одамлар учун ҳамдард бўлишга, кўзёш тўкишга мажбур қила олмайди.

Ва ниҳоят немислар Ўзбекистонда демократия ва инсон ҳуқуқлари учун кураш мажбуриятида ҳам эмаслар, улар учун Термизда жойлашган аскарларининг ҳавфсизлигини ўйлаш, мемис махсулотларининг кириб келиши ҳақида, ўз мамлакатини нефт ва газнинг қўшимча манбалари билан таъминлаш ҳақида қайғуриш мантиққа тўғрироқ бўларди.

Германиянинг Ўзбекистон билан бугунги сиёсати асосан ушбу стратегик амалиётларни бажаришга қаратилган, унинг асосий меъмори эса Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер бўлади.

Ва ниҳоят биз бу юзадан мутлақо ҳеч нарса қила олмаслигимизни ҳам англаб етишимиз керак.

Бироқ биз, немислардан Ислом Каримов билан амалга оширилаётган фитналарни “инсон ҳуқуқлари юзасидан диалог” дея кўрсатмасликни талаб қилишимиз мумкин. Семинарлар, тренинглар ва конференциялар ўтказмаслик керак, диктатор билан оғиз бурун ўпишишни оқлаш мақсадида ўзбекистонликлар жамиятидан фойдаланилишига йўл бермаслик керак. Чунки улардан куч олган мустабид ҳукмдор, жамият аъзоларининг ҳар биттасини маҳв қилишга чоғланаркан улар ёрдамга келишмайди.

Биз яна нима қила олишимиз мумкин – Ўзбекистонда Германияга бойқот эълон қилишимиз мумкин. Уларнинг сиёсатчилари билан Ўзбекистон фойдасига ёзиладиган учрашувларга бормаслик, уларнинг жамғармалари томонидан ўтказиладиган тренинг ва семинарларда иштирок этмаслик керак. Буларнинг бари фақат сўзда холос, ишни эса биз кўраётганимиз йўқ.

Андижондаги Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилган ноинсоний қирғин, инсониятга қарши жиноятлар учун Евроиттифоқ санкцияси шаклидаги кичкина, бироқ Ўзбекистон халқи учун муҳим бўлган рамзий бир жазо ҳам олиб ташланди. Бу жазо шунинг учун ҳам муҳим эдики, 21-асрда бегуноҳ одамларни отиш ва бунинг учун жазосиз қолиш мумкин эмас. Бу санкциянинг олиб ташланиши биринчи галда Германиянинг шарофати билан амалга ошди.

Ўйлайсизки, немис ТИВсида бундай уят ҳисси йўқ деб? Йўқ, аксинча, улар буни ютуқ ўрнида кўришмоқда, чунки улар ўта ақллидирлар.

Немис ТИВси ходими бир ярим ой бурун Берлиндаги учрашувга Ўзбекистондан келган меҳмоннинг кўзларига лоқайдлик билан, шиша кўзлари орқали боқади.

Унинг ҳикояси Ўзбекистондаги одамларнинг Германиядан принципиал ва қатъий позиция ва ёрдам кутаётгани ҳақида. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бузилиши бир лаҳза ҳам тўхтамаётгани, мамлакатнинг ноҳақлик ва зўровонлик гирдобига ғарқ бўлаётгани, оналар норозилик белгиси сифатида ўзларига ўт қўяётгани, ҳатто маҳалла қўмитаси раиси даражасидаги раҳбарлар ҳам дуч келган, ўзларига ёққан аёлга зўрлик қила олишлари мумкинлиги ҳақида гапирарди.

Бунинг сабаби – ҳукуматнинг жазосиз қолаётгани, бунинг чўққиси эса Андижон воқеалари; немис дипломати ақлли бир гап билан унинг фикрини бўлади:

«Қандайдир масала юзасидан ҳамкорлик қилиш учун ҳар иккала томоннинг қизиқиши лозим, агар Ўзбекистон биз билан инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорлик қилишни истамаса, биз нима ҳам қила оламиз?»

Жиноятчи ўз қилган жиноятларини очилишини истамаган тақдирда нималар қилиш лозимлиги юзасидан, Шарқий Европа билан Германия ўртасидаги минтақавий иқтисодий муносабатлар бўйича директор Мартин Хоффман, шундай таклиф киритади.

Унинг сўзларига кўра Андижонда фожеа содир бўлди, аммо ҳаёт шу билан тугаб қолгани йўқ, Ўзбекистонда сифатли немис молларини хуш кўришади, Германия эса бундан фойдаланиши керак.

Яъни Хоффманнинг гапига кўра, гарчи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашга қизиқиш бўлмасада, Германия билан савдо сотиқ қилишга қизиқиш бор. Яъни, агарки инсон ҳуқуқлари юзасидан келишиб бўлмас экан, келинг бошқа нарсалар юзасидан, масалан машиналар савдоси ҳақида гаплашамиз, ахир ўзбеклар немис машиналарини ёқтиришади.

Уддабуррон Хоффманнинг фикрларини Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Маттияс Майер ҳам такрорлайди, унинг интервьюси августнинг охирида Фергана.ру сайтида эълон қилинди. Элчи ўзбекистонликлар, нархи баланд бўлишидан қатъий назар немис молларини ҳарид қилишни жуда хоҳлайдилар, дея айтади.

Бундан ташқари, ўзбекларга тилёғламалик тарзида, элчи ҳатто Германияда Ўзбекистон ҳақида дунёнинг бирор бошқа давлати ҳақидагидан кўра кўпроқ билишади, дея ёлғон ҳам қўшиб қўяди.

Агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, Германиядаги жамият ва немис матбуоти ҳеч бўлмаса Ўзбекистон билан озроқ қизиққанида эди, диктатор билан қучоқлашиб кўришиш ва Ўзбекистон жамияти вакиллари билан учрашувда ҳар ҳил аҳмоқона гапларни айтишига ўрин ҳам қолмасди.

Социал-демократик партиядан Бундестаг депутати Хеди Вегенер (Hedi Wegener) билдирганидек, ўзбек ҳукуматига нисбатан диалогга киришаркан, кўрсаткич бармоғини кўрсатиб ўқувчига танбеҳ бераётган ўқитувчидек бўлолмайман, демасди. У эса бориб тағин: «Мен – сизнинг ҳамкорингизман» деган.

Унинг эътирофига кўра, у ҳатто ўз бисотидаги «демократия» сўзини ҳам тушириб қолдирган, уни «қонун устиворлиги» жумласига алмаштирган, чунки у тошкентлик бола пақирларнинг нозик ва ўксук туйғуларини оғритишни истамаган.

Ўзбекистонда содир бўлаётган, инсон ҳуқуқларининг даҳшатли бир тарзда бузилаётганига оид воқеалар, борган сари қашшоқлик ботқоғига ботаётган одамларнинг кундалик яшаш тарзи ҳақидаги ҳикояларни, Вегенер скептик бир тарзда лабларини қимтиган ҳолда тинглайди. Унинг сўзларига кўра, буларнинг бари эҳтирослардир, у эса каттароқ бир сиёсатни кўрмоқда.

Ўзбекистондаги вазият, немис сиёсатдонларининг фикри каби, яхшиланадими? Берлин билан диалоглар қачон натижасини беради?

Яшиллар партияси депутати Мари-Луиза Бек (Marieluise Beck), 10-15 йиллардан кейин дея ҳисоблайди.

Ушбу вақтга қадар, Бек ўйлайдики, иккинчи ёки учинчи эшелондаги ўзбек сиёсатчиларини тез тез Германияга ва Европанинг бошқа мамлакатларига чақириб олиб туриш, уларга очиқ ва демократик жамиятнинг афзалликларини намойиш этмоқ лозим. Яъни ўзбек аборигенларига тараққийпарвар дунёни кўрсатиш керак.

Кўринишидан, Бекнинг фаразларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати тепасидагилар мамлакатни талашлари, одамларни ўлдиришлари, қийнашлари, ҳатто жажжи мактаб болаларини ҳам пахта қуллигига мажбур қилишларига сабаб, бундай қилмаслик кераклигини билмасликлари, савод кўрмаганликларидир – уларнинг миллиардер бўлишлари, қай тарзда Европа банкларида ва оффшор ҳудудларда беҳисоб пулларининг пайдо бўлиб қолиши эса ҳайрон қоларли бир тасодифлардир.

Халқаро бўҳронлар гуруҳининг Осиё мамлакатлари бўйича директори Роберт Темплер, (ICG), Германия ва Андижон муносабатларидаги икки йил ҳақида интервью бераркан, немис сиёсатининг Ўзбекистонга нисбатан мунобатларида расизм унсурлари борлигини таассуф билан эътироф этади.

Немис сиёсатчилари учун Ўрта Осиёликларга, бунинг устига ўзларига ҳеч қачон яқин ва тенг кўра олмайдиган мусулмонлар бўлган ўзбекларга ҳамдардлик туйғуси, улар учун анчайин бир нотабиий ҳол бўлиши мумкин.

Ҳақиқатан ҳам шундайми ёки йўқми, ҳар ҳолда, ҳар бир ўзбекистонлик бу ҳақда ўзича ҳулоса қилади.

Бироқ шу нарса ҳақиқатки, - Андижон ҳақида, ёки инсон шахси устидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган бошқа бир ўта мудҳиш кўринишлардаги хўрликлар ҳақида гап кетар экан, фақат немис сиёсатдонларигина совуққон, ҳатто мутлақо лоқайд қолишлари мумкин экан.

У ҳолда немис сиёсатчиларининг олдига бориш ва гаплашишнинг нима ҳожати бор?

Келинг, биз Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига ва унинг лойиҳаларига бойқот эълон қиламиз. Майли улар диктатор билан оғиз бурун ўпишиб кўришишсин, бироқ фақат бизнинг иштирокимизсиз.

Уларнинг имижини яхшилаш устида бизнинг ишлашимизга ўрин йўқ, майли Тошкентда ҳўжакўрсинга ташкиллаштириладиган немис сиёсатчилари билан ҳуқуқ ҳимоячилари ўртасидаги пиар-учрашувларда уларни бўм бўш курсилар кутсин.

Uznews.net

Категория: Сиёсат | Добавил: Давронбек (2007.10.21) | Автор: uznews.net
Просмотров: 1280 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
 
 
Категории каталога
Сиёсат [14]

Форма входа

Наш опрос

 

Сайтни қандай баҳолайсиз?

 
Жаъми жавоблар: 73
 
                                                 

 


Поиск

Друзья сайта
Бизнинг тамға:
 
 
Ҳамкорларимиз:
 

Статистика

Жаъми сайтдагилар: 1
Меҳмонлар: 1
Муҳлислар: 0
 

Copyright MyCorp © 2024
Используются технологии uCoz