ГлавнаяРегистрацияВход Вс, 2024.05.12, 02:40
  Каталог статей Приветствую Вас меҳмон | RSS

 
 
Главная » Статьи » Долзарб мақолалар » Сиёсат

'Фридом Ҳаус' ОИ қарорини танқид остига олмоқда
АҚШнинг "Фридом Ҳаус" сиёсий тадқиқотлар марказига кўра, Оврўпо Иттифоқи томонидан Ўзбекистонга нисбатан киритилган жазо чораларининг вақтинча енгиллаштирилиши учун етарлича омиллар мавжуд эмас. Кеча Оврўпо Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг учрашувида Бирма, Эрон каби мамлакатлар билан бирга икки йил аввал Ўзбекистонга жорий этилган чекловлар ҳам муҳокама қилиниб, Андижон ҳодисаларида масъул кўрилган ўзбек расмийлари учун киритилган виза тақиқини шартли равишда олти ойга тўхтатишга қарор қилинганди. Ўз ўрнида Ўзбекистонга қурол-яроғ сотиш эмбаргоси сақланиб қолган ва Ўзбекистондаги вазият яқиндан кузатиб турилиши таъкидланган. Би-би-си Ўзбек Хизмати "Фридом Ҳаус" тадқиқот марказининг раҳбари Кристофер Уолкерни суҳбатга чорлаб, ОИ қарорини нима учун танқид остига олганликлари ҳақида сўраган::
Кристофер Уолкер: Менимча, виза тақиқини тўхтатиб туриш қарори ортида Ўзбекистон хукумати билан муносабатларни тиклаш хоҳиши турибди. Лекин Ўзбекистон хукумати билан муносабатларни тиклаш ҳаракати ўзбек томонидан қўйилган баъзи ижобий қадамлар асосида амалга оширилмоқда, деб айтилмоқда. "Фридом Ҳаус" (Freedom House) томонидан мунтазам равишда тадбиқ қилиб келинган фуқаровий эркинликлар ва бошқа демократик бошқарув масалалари соҳасида ижобий ўзгаришлар рўй берди, дея аниқлик билан айта олмаймиз. Шунинг учун, жазо чораларини енгиллаштириш қарори не қадар самарали бўлиши мумкинлиги ҳақида савол туғилади. Фикримча, ўзбек расмийлари билан муносабатларни тиклашдан аввал, кўпроқ амалий қадамлар амалга оширилганлигига ишонч ҳосил қилиш керак эди.

Би-би-си: ОИ ижобий қадамлар сифатида инсон хуқуқлари соҳасидаги мулоқот, Андижон ҳодисалари бўйича экспертлар учрашуви, ўлим жазосининг бекор қилиниши каби ҳолатларни тилга олмоқда ва ана шулар асосида Ўзбекистон томонига кўпроқ имкониятлар яратилиши керак, демоқда?..

Кристофер Уолкер: Албатта, бу каби қадамларга эътибор қаратиш керак ва улар назарга олиниши лозим. Лекин бу қадамлар қанчалик ҳақиқий демократик ислоҳотлар томон қўйилган пўрмаъно ва давомли қадамлар эканлиги яна бир бошқа саволдир. Ўзбекистондаги умумий манзарага назар ташлайдиган бўлсак, демократик ошкоралик ва эркинликлар борасида илгари силжиш юз берганлигини илғаш қийин.

Би-би-си: Андижон ҳодисаларидан сўнгги икки йил мобайнида Ўзбекистонда вазият яхши томонга ўзгардими ёки бунинг тескариси?

Кристофер Уолкер: Бизнинг ҳисоботларимизда демократик қадриятларни тадбиқ этиш йўлида энг орқада қолиб келаётган мамлакат ҳисобланган Ўзбекистонда бу жараён янада ҳам ёмонлашди, деган фикрдамиз. Бу жараён фуқаровий жамиятга қарши тазйиқлар, матбуот эркинлигининг чекланиши, муқобил сиёсий кучларнинг том маънода сиёсий жараёнларда қатнашиш имконининг йўқлигида кўринади.

Би-би-си: ОИ Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини бир қадар енгиллаштириб, айни вақтда Бирмага нисбатан чораларни қатьийлаштирди, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу икки давлат ўртасида катта фарқ кўришмайди. ОИнинг бу каби икки хил йўриғини қандай изоҳлаган бўлардингиз?

Кристофер Уолкер: Бу ерда бир маънода умуман жазо чораларининг самараси каби саволга назар ташлаш керак, менимча. Жазо чоралари аксар ҳолларда бошқа мавжуд барча сиёсий чоралар иш бермаганидан сўнг қўлланадиган охирги амалдир. Бирмадаги ҳарбий хунта ўта тазйиқкор ва яшовчан эканлигини намоён қилмоқда. Бирма ҳарбий диктатурасининг охирги вақтларда тазйиқларни кучайтириб юборганлигига халқаро ҳамжамиятнинг муносабати анчайин тез бўлди, менимча. Лекин бу муносабат якдил бўлди деб айтолмайман. Фикримча, Бирма ва Ўзбекистондаги тазйиқлар ўртасида катта фарқ йўқ. Шунинг учун жаҳон ҳамжамиятининг демократик лагери томонидан ҳам ҳамнафас ва ҳам ҳамоҳанг муносабат мақсадга мувофиқроқ бўларди.

Категория: Сиёсат | Добавил: Давронбек (2007.10.17) | Автор: Би Би Си
Просмотров: 1112 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
 
 
Категории каталога
Сиёсат [14]

Форма входа

Наш опрос

 

Сайтни қандай баҳолайсиз?

 
Жаъми жавоблар: 73
 
                                                 

 


Поиск

Друзья сайта
Бизнинг тамға:
 
 
Ҳамкорларимиз:
 

Статистика

Жаъми сайтдагилар: 1
Меҳмонлар: 1
Муҳлислар: 0
 

Copyright MyCorp © 2024
Используются технологии uCoz