Ўзбекистонда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари сайловлари бормоқда. Ҳукуматнинг кўз қулоғи бўлган маҳалла фуқаролар йиғинлари ўзбек миллий қадриятчилиги асосларида ташкил топган ва унинг бор фаолияти жойларда ҳукумат қарорларини амалга ошишига кўмак беришга қаратилганди. Маҳалла оқсоқоллари (уларни шундай аташ мумкин бўлса) маълум ҳудудда ёшларнинг диний “ақидапарастлик” йўлига кириб бораётганлиги, одамларнинг сиёсий дунёқарашлари ва шунга ўхшаш жами хусусиятлар тўғрисида махсус хизматларга ахборот бериб борувчи ташкилотга ҳам айлантирилгандир. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси маҳаллада истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояланмаган оилалар учун ажратиладиган ёрдам пулларини тақсимлаши эса, унинг маҳалла аҳли олдидаги обрўсини янада оширади. Худди шундай, айтиш жоиз бўлса демократик сайлов тадбири куни кеча, яъни 6 июнь кунида Қарши шаҳридаги “Маҳоллот” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди. Маълумотларга кўра, шу кунларгача маҳалла раиси лавозимида ишлаб келган Жаҳонгир Хидиров ўрнига маҳалла аҳли Очил Убайдуллаев исмлик шахсни раис этиб сайлаган. “Маҳоллат” да бўлиб ўтган бу тадбирда, фуқаролар йиғини раислиги ўрнига 5 нафар номзодлар кўрсатилган. Номзадлар орасида эса бир нафар аёл ҳам бўлган. Мазкур тадбирда Қарши шаҳар ҳокимлигидан вакиллар қатнашишган ва маҳаллий телевидения журналистлари сайлов ва сайловолди тадбирини тасвирга туширганлар. “Сайлов хаққоний бўлмади, илгаридан тайёрланган экан. Нима учун десаларингиз 5 та номзод бор экан, ана шу инсондан бошқа, яна юир кишининг, яьни битта аёлнинг номзоди ҳам бор эди, у аёл тилга ҳам олинмади. Шундай қилиб сайлов ҳам бўлиб ўтди”, - деб хабар қилади Қарши шаҳридаги, ўз исмини ошкор қилинишини истамаган манба. “Маҳоллот” маҳалласида яшовчи айрим фуқароларнинг билдирганларига кўра, фуқаролар йиғин раиси болалар учун ажратиладиган ёрдам маблағларини тақсимланишида ғирромликларга йўл қўйган. Бир оилага ёрдам кўрсатиш учун аввалдан 5000 сўм (4,5 АҚШ доллари) миқдорида пора ундирилиб келинган. Бироқ масалани бу томони сайлов тадбиридан олдин омма орасида таъкидланмаган ҳам. Тўлқин Қораев Мустақил журналист, Швеция
|