Ёқи Андерсен, Афанди ва Сервантес Ўзбекистон муҳолифати портретига чизгилар 1 июнь куни «Озодлик»да муҳолифатимиз лидерлари чиқиш қилдилар. Жиззаҳ вилояти ҳуқуқ ҳимоячиларининг муҳолифатни бирлаштириш ҳақидаги таклифи бунга сабаб бўлганлиги айтилди. Лидерларимизнинг айтган гаплари муҳолифат солдатларини хурсанд қиладиган даражада бўлмади. Қуйида лидерларимизнинг айтган гапларига муҳолифат солдатининг муносабатини келтирамиз. Биз ҳаммани Абдужаббор деб атадик ва гап ким ҳақида кетаётганини ўзингиз англаб олишингизга умид қилдик. Барча Абдужабборлар Ўзбекистонда президент сайлови мутлақо демократик бўлмаслигини жуда яхши билишади. 15 йилдан буён қанчадан - қанча сайловлар ўтказдик. Каримов хукумати ҳар сафар ҳам муҳолифатга йўл берган эмас. Энди қачонки у Андижон вокеаларидан кейин қутуриш касалининг шизофреник-хроник тўрига чалиниб, туғишган отасини танимай турган бир пайтда, муҳолифатга мойиллик кўрсатиб, мустақил номзод кўрсатилишига йўл беради деб ўйлаш ҳатодир. Мустақил номзодни кўрсатиш тугул бу ҳаракат бошланишидаёқ эзиб ташланади. Бас, шундай экан нега лидерларимиз номзодлар кўрсатиш ҳақида гапирмокдалар ва ҳатто кўрсатмокдалар? Нима, улар сайлов компанияси фиаскога учрашини билмайдиларми? Биладилар. Демак бу ерда бир гап бор. Бироқ, ўша бир гапни биз билмаймиз. Бизга айтмайдилар. Шу туфайли ҳам биз уларнинг «Озодлик»га берган сухбатлари асосида фикр юритамиз. Икки нафар Абдужаббор мустақил номзод кўрсатиш тарафдори эканлигини маълум қилди. Андерсеннинг бир эртагида қалдирғоч полопонлари флюгернинг парраги ҳар сафар ин олдидан ўтганда унга муҳаббат изҳор қилиб, уйланиш умидида «Хўш, розимисиз?», «Хўш, розимисиз?» - деб чуғурлаши айтилади. Албатта, бу гап очофат қалдирғоч болаларининг паррак шарпасини онамиз, деб гумон қилиб хўрак умидида оғизларини очишидан олинган. Шунга ўхшаш биз ҳам Каримов демократик сайлов ўтказади, деган умидда унга қарата шундай чуғурлашга чоғланяпмизми? Каримов оддий кичкина флюгер эмас, балки - катта мамлакатнинг президенти сифатида ўзини ҳали АҚШ, ҳали Россия шамолига тўғрилаб бераётган флюгернинг шамол тегирмони ҳилидан. Унинг даҳшатли парраклари полопонларнинг уя-пуяси билан ўпириб ташлайди-ку. Яна бир Абдужаббор бу масалада ўртача йўл тутмоқда. Шундай бўлса-да, унинг полопонлар томонга ён босаётганлиги билиниб турибди. Муҳокама қилаётганимиз масала юзасидан ўртача йўл тутиб бўлмайди. Бунақада ўртада турган афандимисол ҳижолат бўлиб қолиш хеч гап эмас. Яна бир Абдужабборимиз номзод кўрсатиш масаласида қатъий фикрга эга. Шу билан бирга у бошқаларга қўшилмайди. Яхшиямки бирлашган ҳолда битта номзод кўрсатиш масаласи ҳали ҳал бўлгани йўқ. Агар воқеалар ҳозиргидек ривож топишда давом этса катта бўлиниш юз бериши турган гап. Шу бўлиниш билан компанияга кириб борсак нимага эга бўламиз? Оҳир оқибат номзодимиз ўз илҳом париси Россинантни минганича ёнида кулбада дам олиб ётган ва ҳачир минган Санчо Пансаси билан қолади ҳамда шамол тегирмонига қарши курашган Идалго ҳолига тушади. Биз бундай бўлишига асло йўл қўя олмаймиз. Хуржунини МҲҲ тортиб олиб қўйган лўли каби гарангсиб турган ичкаридаги муҳолифат нега индамай турибди? Улар ўз фикрларини тезроқ айтсалар, яхши бўлар эди. Исмат Хушевдан ҳафа бўлишга ҳожат йўқ. Чунки у мемуарлар ёзиш билан овора. Ҳозирги долзарб масала муҳокамаси учун вақт ажрата олмайди. Лекин бошқа яккафарёдлар-чи? Уларнинг оғизларига ким толқон солиб қўйган? Бир вақтлар муҳолифат сафида қўйиб пишган, ҳозирда ҳаёт ташвишларини баҳона қилиб кимлигини унутганлар ҳақида айтяпмиз. Нима, улар чет давлатга чиқиб кетиш учун муҳолифатга кирганми? Қисқа қилиб айтганда, тўғри йўлни топиш учун ҳаммамиз баравар ўйлайдиган пайт келди. Ўзбекистондаги ҳозирги вазиятда мустақил номзод кўрсатиш орқали бирор натижага эришиш мумкинми? Мумкин бўлмаса яна қандай вариантлар устида бош қотириш керак? Бизда бу ҳақда аник ва амлга оширса бўладиган режалар бор. Бироқ аввал бошқаларнинг таклифларини эшитишни истаймиз. Давра Кенгаши Жануб бўлими раиси ЭРК партияси Қўқон шаҳар кенгаши раиси Абдужалил Рустамов --------------------------------------------------------------------------------------- Дадил фикрларни баён қилишга ва уларни сўз эркинлигини бўғмасдан сайтларда чоп қилишга одатланишимиз керак. Сўз эркини бўғиш кўплаб зиёнлардан ташқари ўзимизга икки жабҳада зиён етказади. Агар биз бўғаётган сўз тўғри бўлса ҳато фикрларимизни тўғрилаб олиш имконидан маҳрум бўламиз. Агар биз бўғаётган сўз нотўғри фикр бўлса, ҳақикат қанчалик ҳаётбаҳш эканлигининг лаззатини туйиш ҳиссидан бебаҳра қоламиз. Агар айтилаётган сўз ёлғон ва бўхтон бўлсачи деган савол туғилиши мумкин. Унда нима қилиш керак? Ҳеч нарса. Чунки бунинг давоси янада озод сўз эркинлигидир. 2006 йил 2 июн.
|