ГлавнаяРегистрацияВход Пт, 2024.05.17, 07:03
  Приветствую Вас меҳмон | RSS

 
 Главная » 2006 » Август » 24 » Яна бир гуруҳ андижонлик қочқинлар Ўзбекистонга қайтмоқда
Яна бир гуруҳ андижонлик қочқинлар Ўзбекистонга қайтмоқда
20:47
Америка Қўшма Штатларидан бошпана олган 41 андижонлик қочқин 24 август куни Ўзбекистонга қайтишни кўзлаган, улар учун чипталар олинган, юк халталари сафарга шай, афтидан бир йиллик саргузаштлар ниҳоясига етмоқда.

Юсуф Расул uznews.net учун махсус.

Улар АҚШдан Ўзбекистонга "Ўбекистон ҳаво йўллари авиакомпанияси"нинг Ню Йорк - Тошкент йўналиши бўйича, соат 18..00 да жўнаб кетадилар. Уларнинг асосий қисми, 35 киши Пенсилния штатида, яна уч киши Огайо ва бошқа учлик Мэриланд штати яшаб келган.

АҚШда яшовчи жамиятшунос Баҳодир Файзи маълумотларига кўра, андижонлик қочқинларнинг қайтиши, аввало Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонаси "хизмати"дир, чунки элчихона бир ой давомида қочқинларни ватанга қайтишга кўндириш учун жон жаҳди билан ҳаракат қилган.

Элчихона қочқинларнинг дастлабки гуруҳини июл ойида Ўзбекистонга қайтаришга эришган эди, ўшанда уларнинг ёрдамида Аризона штатида яшовчи 12 киши ортгақайтган.Қочқинларнинг қайтиши учун учоқларга чипта олишдан тортиб барча харажатлар дипломатлар томонидан ташкил қилинган. Бу гал эса, Баҳодир Файзи маълумотларига кўра, элчихона тежамкорлик қилиб, чипталарни сотиб олишни қочқинлар ихтиёрига қолдирди.

"Элчихона ходимлари ҳеч бўлмаса чипталар учун тўловни ярмини тўлашга ваъда беришган, дейди Файзи, қочқинларнинг ҳар бири чипта учун 1 200 доллар тўлашлари керакли айтилган".

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси 41 андижонлик қочқинни ватанга қайтаётгани ҳақидаги маълумотга изоҳ беришни рад этди. "Ҳеч қандай изоҳ берилмайди", деди телефон орқали қилган мурожаатимизга элчихонанинг сиёсий ишлар бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Ибрагимов.

Ню Йоркдаги "Ўзбекистон ҳаво йўллари" компанияси ваколатхонаси ҳам 24 август куни Ню Йоркдан Тошкентга учадиган йўловчилар ҳақида ҳеч қандай маълумот бера олмасликларини айтиб, интервю беришдан бош тортди.

"Келаётган пайшанба куни бир гуруҳ кишилар учишаяпти, бироқ биз уларни кимлиги ҳақида маълумот бериш ҳуқуқига эга эмасмиз", деди компания вакили. Балки улар андижонлик қочқинлардир, деган саволга компания вакили бу ҳақда тўлиқ ахборот бера олмаслигини айтиб,
БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича комиссарлигига марожаат қилишни маслаҳат берди.

Шунингдек, Европа ва АҚШнинг бошқа штатларида яшовчи андижонлик қочқинлар, шу қадар катта гуруҳ Ўзбекистонга қайтишни ихтиёр этаётгани ҳақида ҳеч нарса билмасликларини айтишди.

"Мен бу ҳақда биринчи марта эшитишим, балки қочқинлар ўзларини қайтишларини биздан ҳам сир тутишган бўлса керак" , деди АҚШда яшовчи андижонлик қочқинлардан бири.

Нега андижонликлар қайтмоқда?

Жамиятшунос Баҳодир Файзи ҳам Андижонлик қочқинларнинг орта қайтишига биринчи навбатда уйни ва яқин қариндошларни соғиниш билан боғлиқ.

"Бунинг бир неча ижтимоий ва руҳий сабаблари бор, дейди Файзи, улар яқинларини қумсашади, уларнинг кўпчилиги Ўзбекистонда болаларини қолдириб келишган. Бундан ташқари уларни руҳий тушкунликка тушишган"

"Жамиятда энг қийин кечадиган жараён бу кўчишдир, яъни инсонларни бир жойдан иккинчи жойга кўчишлари, муҳожирлик ҳисобланади.Бир муҳитдан бошқа бир муҳитга, ўзига ёт бўлган муҳитга кўникиш қийин бўлади", дейди Файзи.

Файз , муҳожирлик осон иш эмаслигини, бу иш доимо асабийлик, ҳаяжон ва депрессиялар билан бақамти эканлигини айтади. Андижонликлар учун бу жараён кутилмаган эди, уларда хорижга чиқиб кетиш мақсади бўлмаган. Улар ўлим талвасаси ичида ватанни тарк этганлар, кўпчилик қочқинларнинг қариндошлари ватанда ўлдирилган, кўпчилиги панжара ортида, болалари эса қаровсиз қолиб кетган. Бундай вазиятда тушкунликка тушмай бўладими?

Андижонлик қочқинларнинг Ўзбекистонга қайтиши билан боғлиқ иккинчи тахмин, "Акромийлар" лидери деб айтиладиган Акром Йўлдошевнинг гўёки қамоқхонадан ўз издошларини Ўзбекистонга қайтишга чорлаб ёзган хати билан боғлиқдир.

"Эрк" демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон ҳукумати қочқинларни мамлакатга қайтариш учун Йўлдошевдан фойдаланганини тасдиқловчи ахборотга эга.

Гўёки президент Ислом Каримовнинг ўзи қамоқдаги Акром Йўлдошев билан учрашиб, ундан ўз одамларини орқага қайтаришга ёрдам беришини, дунё олдида мамлакатни шарманда қилмасликни, барча муаммоларни ўзаро ҳал қилишларини айтган.

"Мен олган маълумотларга кўра, Каримов маҳбуслар билан жуда илиқ муносабатда бўлиб, уларга ташқи давлатлар жосуслари ёрдамида қочқинлар Ўзбекистонга туҳмат қилишаётганини, Андижон воқеаларини қўллаб, бутун дунёга шарманда қилганларини айтган ва дунё жамоатчилиги олдида тўкилган обруини тиклаб беришга ёрдам сўраган. Буни эвазига "Акромия" лидери ва бу оқим тарафдорларини қамоқдан озод қилишга ва тазйиқларни тўхтатишга ваъда берган", дейди Муҳаммад Солиҳ.

Андижонликларнинг ватанга қайтишини, Муҳаммад Солиҳ тушуниш билан қабул қилганини айтади. Уни фикрича, Андижонликлар ҳозир муҳожиротнинг илк синдромини яшаяптилар, бу босқич психологик ўлароқ жуда нозик бир этап. Бундан иродали инсонларгина синмасдан ўтиши мумкин.

"Андижонликларнинг қайтаётгани, бу уларнинг шахсий фожеаси, кичик бир фожеа. Ҳар ҳолда бу ўзбек халқининг фожеаси эмас, дейди Солиҳ, ўзбек халқининг фожеаси бундан каттароқ, унинг фожеаси Каримов зулмининг давомида, Андижондан сўнг ҳам чидашда давом этаётганидир".

Андижонликларнинг ватанга қайтишида Акром Йўлдошвнинг қўли борлигида бир муҳим далил бор. Кўплаб интернет нашрларда Акром Йўлдошевнинг ўз издошларига уларни ватанга қайтишга даъват қилиб ёзган мактуби эълон қилинган.

Бу хатда Йўлдошев қочқинларга Қуръони Каримнинг “Шўро” сурасини ўқишни тавсия қилинган ва бу сурадан бир неча оятлар келтирилган.

“Сизлар ерда (ҳеч қаёққа) қочиб қутулгувчи эмассизлар. Ва сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирон дўст ва ёрдамчи йўқдир” (31-оят).

“(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У зулм қилгувчиларни севмас” (40-оят).

“Албатта ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу иш ишларнинг мақсадга мувофиғидир”, (43-оят).

Акром Йўлдошев, қочқинлар албатта Ўзбекистонга қайтишлари кераклигини, чунки президент Ислом Каримовнинг шахсан ватанга қайтган кишилар хавфсизлигига кафолат берганлиги айтилади.

Кўплаб сиёсатчи ва таҳлилчилар бу хат Акром Йўлдошев томонидан ёки унинг ихтиёри билан ёзилганлигига шубҳа қилишади.

Балки бу мактубни президент ҳузуридаги диний ишлар бўйича қумита ходимлари ёки Бахтиёр Бобожонов ва Зуҳриддин Ҳусниддинов каби ҳукуматпарсат шарқшунос олимлар тайёрлашгандир.

Барча таҳлилчилар ҳукумат андижонликлар учун улар ватанга қайтишлари билан қамоқа олиш мақсадида тузоқ қўйган деган қарашда қатъийлар.

Швецияда яшаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Муҳиддин Қурбоновнинг фикрича бу хатни Акром Йўлдошев ёзганлигига ҳеч қачон ишониш керак эмас.

"Акром Йўлдошев хати Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан ташкил қилингани аён, дейди Қурбонов, Президентнинг кафолати ҳақидаги гапларга ишониш керак эмас, улар тамоман ёлғон. Президент агар кафолат бераман телевидения орқали баёнот берса ҳам ишониб бўлмайди".

Қурбонов 1999 йилги портлашлардан кейин ўнлаб диндорлар шахсан мана шу президентнинг кафолатига ишониб ватанларига қайтиб келганликларини, бироқ 2000 йилда ҳатто ким қуролли гуруҳларга қўшилган бўлса авф этилиши ҳақида қарор чиққанини эслайди.

"Орадан кўп вақт ўтмай уларнинг барчаси ҳибсга олинди, қийноққа тутилди, барча жиноятларини зиммаларига олишга мажбурланди ва қамоққа ташланди. Улгурганлар ёки яна қочиб кетди ", дейди М.Қурбонов.

Бу орада Ўзбекистон телевидениеси ўтган ойда Аризона штатидан қайтган қочқинлар билан суҳбатларни эълон қилмоқда. Улар алдов йўли билан Ўзбекистондан олиб кетилганликларини, қандайдир гуруҳлар қўлида қўғирчоқ бўлганликларини айтишади. Бундан ташқари қочқинлар Америкада ишлашга мажбур бўлганликларидан нолишади. Улардан бири Андижонда ишламаганини ва отаси уни боққани ҳақида сўзлайди.

2005 йилнинг 13 май куни ҳукумат қўшинларининг ўқ ёмғири остида Ўзбекистонни тарк этган қочқинларни қайтишини баъзилар президент Каримовнинг ғалабаси дея баҳолаши мумкин.

Бу фикрларга ўзини танитмасликни истаган Ўзбекистонлик жамиятшунос қўшилмаслигини айтади. Унинг фикрича, қочқинлар қайтиб келадими ёки йўқми, бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди:

"Каримов ва унинг ҳукумати қўли андижонлик аёллар ва болалар қонига беланган. Қочқинларнинг қайтиши бу қонни юва олмайди. Уни андижонликлар кечирса ҳам, тарих ва ўзбек халқи кечирмайди", дейди жамиятшунос.

Юсуф Расул, "uznews.net" мухбири

Категория: Хабарлар | Просмотров: 1083 | Добавил: Давронбек | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
 
 
Разделы новостей
Долзарб мақолалар [10]
Шеърлар [3]
Норозилик чодиридан ҳикоялар [1]
Хабарлар [138]
Иқтисод [4]
Янги нашрлар [3]
Баҳс [6]
Инсон ҳуқуқлари [20]
Таҳлил [18]
Эркин фикр [41]
Интервью [12]
Мурожаатлар [13]
Жамият [26]
Сиёсат [18]

Форма входа

Календарь новостей
«  Август 2006  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031

Наш опрос

 

Сайтни қандай баҳолайсиз?

 
Жаъми жавоблар: 73
 
                                                 

 


Поиск

Друзья сайта
Бизнинг тамға:
 
 
Ҳамкорларимиз:
 

Статистика

Жаъми сайтдагилар: 1
Меҳмонлар: 1
Муҳлислар: 0
 

Copyright MyCorp © 2024
Используются технологии uCoz