ГлавнаяРегистрацияВход Вт, 2024.05.07, 01:21
  Приветствую Вас меҳмон | RSS

 
 Главная » 2006 » Август » 29 » Қочқинларни Ўзбекистонга топширишни тўхтатинг!
Қочқинларни Ўзбекистонга топширишни тўхтатинг!
02:23
М У Р О Ж А А Т Н О М А
Қирғизистон Президенти Қурманбек Бакиевга
Қирғизистон Жокорги Кенеши раиси Марат Султоновга
Қирғизистон Бош вазири Феликс Қуловга
Қирғизистон Жокорги Кенешининг Инсон ҳақлари бўйича вакили Турсунбек Бакирга

Нусхалари: Европа Парламентига, ЕҲХТ (ОБСЕ)га, БМТнинг Инсон Ҳақлари Кенгашига

Ҳурматли жаноблар!

Кейинги 15 йилдан ортиқ вақт давомида "Демократия оролчаси" деб ном олган Қирғизистон бугунги кунда Каримов ҳукуматининг диктатура режими ортидан эргашаётгани кўпчилик дунё халқлари каби бизни ҳам қаттиқ ташвишга солмоқда. Демократик йўл билан ҳокимиятга келган Қирғизистон ҳукумати ушбу кунда антидемократик йўлни танламоқда ва бу нарса президент Курманбек Бакиев жанобларининг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан ўтказган суҳбатидан кейин яққолроқ кўзга ташлана бошлади. Ҳукумат кучларининг сўнгги кунларда мамлакат жанубида бошлаган зўравонликлари бу фикрларни тасдиқламоқда ва бундай қонунбузарликларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Сўнгги пайтларда Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Ички Ишлар Вазирлиги ходимлари терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш баҳоналари остида мамлакатнинг Ўш ва Жалолобод вилоятида яшаётган маҳаллий аҳоли вакилларига, жумладан этник ўзбекларга ва айниқса мусулмонларга нисбатан зўравонлик қилиб, уларнинг ҳақ ва ҳуқуқларини қўпол равишда бузмоқда.

Милиция ва хавфсизлик хизмати ходимларининг зўравонлик ва қонунбузарликлари шу даражага бормокдаки, уларнинг ҳатто аёллар ва ёш гўдакларга нисбатан куч ишлатган ҳоллари кузатилмокда. Автоматлар билан қуролланган солдатлар ва милиция ходимлари кечалари уйларга санкциясиз бостириб кириб, гўдаклар ва аёлларни қўрқитиб, уларни "Эринг қаерда, отанг қаерда?" деб сўроққа тутмоқда, айримларини изоляторларга олиб бориб, у ерда уларга нисбатан зўрлик ишлатиб суроқ қилмоқдалар.

2006 йилнинг 6 августида Ўзбекистон ва Қирғизистон миллий хавфсизлик кучларининг ўзаро ҳамкорлик ҳаракатлари натижасида, Ўш шаҳрида, ҳеч бир сабабсиз шаҳар ва вилоятда таниқли бўлган ҳурматли инсон, имом Муҳаммадрафиқ Камолов бирор айбсиз ва сабабсиз отиб ўлдирилди. Бу Қирғизистон хавфсизлик кучлари йўл қўйган жиноий ҳаракат ҳанузгача текширилмади, погон таққан жиноятчилар одил суд қаршисида жавобгарликка тортилмади.

Август ойининг ўрталарида Жалолобод милицияси томонидан 20 ёшли Руқия Ибрагимова ҳибсга олинган. Унинг айтишига қараганда, милиция ва махфий хизмат ходимлари Руқия Ибрагимовани қаттиқ таҳқирлаганлар, у аёлни умрида эшитмаган сўзлар билан ҳақоратлар қилганлар, уни юзига ва бошига урганлар, йиқилганида баданига тепганлар. Энг сўнггида уни номусига тажовуз қилмоқчи бўлганларида у "Дод" деб бақириб, сўров хонасидан қочиб чиқишга муваффақ бўлган. Бундай зўравонлик ва таҳқирлаш оқибатида оғир аҳволда бўлган Руқия Ибрагимова шифохонанинг руҳий касалликлар бўлимига ётқизилган. Руқия Ибрагимовага нисбатан зўрлик қўлланилганини ва бунга ҳатто ўзи ҳам бош қўшганини шаҳар милиция Бошқармаси бошлиғи Қубанич Туробаев тан олган. Руқия Ибрагимова қийноқларга қарамай унга қўйилган "террорчилар бошлиғи" каби айбларни тан олмаган ва бу айбларни тасдиқловчи бирор исбот топилмагач милиция уни озод қилишга мажбур бўлган.

2006йил 6 августда Қирғизистон Президенти қошидаги Инсон ҳуқуқлари комиссияси раисининг ўринбосари Азиза Абдурасулова ҳайратланарли баёнот берди. Унинг гапларига қараганда, Жалолобод милицияси ҳибсга олинганларга қарши қийноқлар қўллаганлигини тан олган.

Шу йилнинг июль ойида Ўш ҳибсхонасида сақланаётган 5 Андижонлик қочқин, уларнинг аксариятида БМТ томонидан берилган қочқинлик статуси бўлишига қарамасдан Ўзбекистон ҳукуматига топшириб юборилди. Ўзбекистонда бу қочоқлар дарҳол қамоққа олиндилар ва улар устидан жиноий иш қўзғатилди, ушбу кунда улар изоляторларда қийноқлар остида сўроқ қилинмоқдалар. Қирғизистон ҳукумати бу ҳатти ҳаракатлари билан халқаро қонунларни қўпол равишда бузиб, қочоқлар ҳуқуқини оёқ ости қилинишига йўл қўйди.

21 август куни Жалолободдан олинган хабарга кўра, у ердаги бир блок-постда турган милиция ходимлари бир машинани тўхтатиб, унда ўтирган 67ёшли кекса онахонни машинадан судраб туширишган, уни оппоқ рўмолини милиция ходими тортиб олиб, оёғи билан тепа бошлаган, "Хизбут таҳрирчиларни сен дунёга келтиргансан" деб онахонга ҳақоратомуз сўзлар айтган.

Яқинда Қирғизистон Ички Ишлар Вазирлиги барча исломий кучларга мурожаат килиб, уларга сентябрь ойига қадар ўзларини ҳукумат кучлари қўлига топширишларини талаб қилди. Мамлакатда ноқонуний ҳаракатлар қилаётган ҳар бир инсон ва гуруҳларга қарши қонуний йўл билан кураш олиб бориш жоиздир. Аммо экстремизм ва терроризмга қарши кураш баҳонасида оддий инсонларни ҳақ ва ҳуқуқларини бузиш ҳукуматнинг ҳам жиноий гуруҳлар тутган йўлдан бораётганини кўрсатади, холос.

Ўзбекистонда ҳукм сураётган диктаторлик тузуми ўз мухолифларига қарши зўравонлик ва инсон ҳақларини қўпол равишда бузиш каби жиноий ҳаракатларини нафақат Ўзбекистонда, балки Қирғизистон ҳудудида ҳам амалга оширмоқда. Узбекистон хавфсизлик кучларининг Киргизистон хухудларида бундай конунбузарлик килишларига махаллий ва марказий хукумат йул куйиб бермокда.

Биз Қирғизистон ҳукуматини Ўзбекистон хавфсизлик кучларига бундай қонунбузарликлар қилишга мандат бериб қўйишини қаттиқ қоралаймиз. Қирғизистон ҳукумати ўз зиммасига олган Ҳалқаро мажбуриятларни ҳурмат қилган ҳолда, диндорларни асоссиз равишда таъқиб қилишни ҳамда қочқинлар ҳуқуқларини қўпол равишда бузишни дарҳол тўхтатиши керак.

БМТ, ЕҲХТ, Европа Иттифоқи ва халқаро ҳамжамият Қирғизистондаги этник ўзбеклар ва диндорлар ҳамда у ерда вақтинча бошпана топган ўзбекистонлик қочқинларга нисбатан Қирғизистон ҳукуматининг ноқонуний ҳатти ҳаракатларига дарҳол чек қўйиш учун барча ҳаракатларини сафарбар этиши керак!

Қочқинларни қийноқлар мамлакати бўлган Ўзбекистонга топшириб юборишни тўхтатинг!

Каримов ҳукуматига террорчиликка қарши кураш ниқоби остида Қирғизистон куч ишлатар тизимлари қўли билан ўз мухолифларини йўқ қилишига имкон берманг!

Янги жамият куриш йулида демократия асосларини танлаган Қирғизистон давлатини бу йулдан оғишмаслигига барчамиз бирдек ҳаракат қилайлик! Чунки, Қирғизистон Марказий Осиёда ҳақиқий демократия оролчаси бўлиши, бу ҳудудларда яшаётган барча халқлар учун улкан аҳамиятга эгадир!

Ҳурмат билан Ўзбекистон демократик ҳаракати вакиллари:

Ҳазратқул Худойберди,
ҳуқуқ ҳимоячиси, Швеция.

Юсуф Расул,
мустақил журналист, Швеция.

Сафар Бекжон,
Халқаро Ёзувчилар Парламентининг аъзоси, ўзбек диссиденти, Швецария.

Тўлқин Қораев,
журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси, Швеция.

Қудрат Бобожонов,
мустақил журналист, Швеция.

Муҳаммад Солиҳ,
шоир ва сиёсатчи, Норвегия.

Сулаймон Муродов.
"Эрк" демократик партияси фаоли, АҚШ.

Исмат Хушев,
мустақил журналист, Канада.

Баҳодир Файзи,
социолог, АҚШ.

Муҳиддин Қурбонов,
Ўзбекистонлик Ҳуқуқ Ҳимоячилари Халқаро Жамияти раиси, Швеция.

Улуғбек Ҳайдаров,
мустақил журналист, Жиззах.

Собитхон Устабоев,
ҳуқуқ ҳимоячиси.

Бахтиёр Ҳамроев,
ҳуқуқ ҳимоячиси, Жиззах вилояти, Ўзбекистон.

Валерий Петренко,
Брюссель

Олег Марутик,
Норвегия

Абдулло Тожибой ўғли,
Тошкент.

Урлаева Елена,
Тошкент.

Шаймарданов Ахтам,
Чирчиқ шаҳри, Тошкент вилояти.

Шосалимов Жаҳонгир,
Тошкент.

Категория: Мурожаатлар | Просмотров: 1209 | Добавил: Давронбек | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
 
 
Разделы новостей
Долзарб мақолалар [10]
Шеърлар [3]
Норозилик чодиридан ҳикоялар [1]
Хабарлар [138]
Иқтисод [4]
Янги нашрлар [3]
Баҳс [6]
Инсон ҳуқуқлари [20]
Таҳлил [18]
Эркин фикр [41]
Интервью [12]
Мурожаатлар [13]
Жамият [26]
Сиёсат [18]

Форма входа

Календарь новостей
«  Август 2006  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031

Наш опрос

 

Президент сайловида кимга овоз бермоқчисиз?

 
Жаъми жавоблар: 268
 
                                                 

 


Поиск

Друзья сайта
Бизнинг тамға:
 
 
Ҳамкорларимиз:
 

Статистика

Жаъми сайтдагилар: 1
Меҳмонлар: 1
Муҳлислар: 0
 

Copyright MyCorp © 2024
Используются технологии uCoz