Ўзбекистонда кечаётган бугунги жараёнлар нафакат Ўзбекистон ичкарисидаги халкқни, балки хориждаги ўзбекистонликлар, хамда халқаро жамоатчиликни хам безовта қилмоқда. Ўзбекистон Президентини ҳокимиятда сақлаб туриш учунгина ўйлаб чиқилаётган барча хийлалар эндиликда бировни қизиқтирмайди ҳам. Аммо чиқмаган жондан умид деганларидек, Ислом Каримов ўз ҳокимияти сақлаб қолиш учун, наинки сақлаб қолиш, ҳаттоки мустаҳкамлаб олиш учун янги саъй-ҳаракатлар бошлаган кўринади. Бу эса, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган баъзи гумонларга кўра Ислом Каримов кўрсатмаси билан озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кечкин кутарилмоқда. Мамлакат ичкарисида кескин бир ижтимоий портлаш содир бўлиши мумкинлиги башорат қилинаётган бугунги вазиятни режимга қарши курашаётганлар қандай баҳолайдилар. Бу борада биз билан таниқли мухолифат вакили, www.stopdictatorkarimov.comинтернет саҳифаси редактори Ҳазратқул Худойбердиев суҳбатда бўлди. "Узбек-инфо": Ўзбекистонда кечаётган бугунги жараёнларни қандай баҳолайсиз? Халқаро ҳамжамият босими остида бу вазият вужудга келдими, ёки режим олиб бораётган сиёсатнинг оқибатими? Ҳазратқул Худойбердиев: - Ўзбекистонда кечаётган бугунги жараёнлар Ислом Каримов олиб бораётган якка ҳокимликнинг натижаларидир. Бу инсон ўз қўлига чегараси йўқ ҳокимликни жамлаб олган. У истаган пайтда, истаган буйруқ ва қарорларини чиқариб 26 миллионлик халқнинг милтиллаб турган сўнги шамларини ўчириб қўйишдан тортиб истаган инсонни – хоҳ у ҳукуматнинг кескин танқидчиси бўлсин, хоҳ Исломшоҳнинг вазири, ёки ҳокими бўлсин - бир дўқ билан йўқ қилиб юбориши мумкин. И.Каримовнинг бугунги якка ҳокимлигини ўрта асрлардаги феодализмнинг замонавий кўриниши десак хато бўлмайди. Эски замоннинг усуллари янги замонга туғри келмагани боис, ўзбек жамиятида тушуниб бўлмас бошболдоқлик, ғоясизлик, тушкунлик, пасткашликлар, муттаҳамликларнинг янгича кўринишлари, зўрға сўзсиз бўйсўниш ва камбағални тепкилаш, маънавиятсизлик каби минглаб ёмон иллатлар ривожланиб бормоқда. "Узбек-инфо":Хусусан, мамлакатда нарх-навонинг мисли кўрилмаган даражада кўтарилиб кетгани ва ҳукумат бугунги вазиятда халқнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлай олмай қолгани Ўзбекистонда кескин бир вазиятни юзага келишига сабаб бўлиши мумкинми? Ҳазратқул Худойбердиев: - Бугунги кунда мамлакатда нарх-навонинг мисли кўрилмаган даражада кўтарилиб кетгани янгилик эмас. Бундай нарх-наво кўтарилишлари, мана 16 йилдирки давом этиб келмоқда. Халқнинг эса ўзини ижтимоий таъминлай олмай қолганига ҳам 16 йил бўлди. 1991 йилда Совет Иттифоқининг парчаланиши оқибатида мустақилликка эришган Ўзбекистон халқи ўша кунларда ҳозиргига нисбатан бир неча баробар яхшироқ яшар эди. Аммо вақт ўтган сари вазият ёмонлашиб кетаверди ва халқ ҳам вазият ёмонлашишига мажбуран кўника бошлади. Аммо Ўзбекистондаги вазият ўзининг энг оғир нуқтасига ҳозирча етиб боргани йўқ. Чунки одамларда ҳали ҳануз оч қолишдан кўра милисанинг қўлига тушиб ўлиб кетиш, ёки қамоқларда йўқолиб кетиш хавфи кучлироқ. Очдан ўлиш хавфи милисанинг қўлига тушиб ўлиб кетиш хавфидан устун келган куни Ўзбекистон турли қишлоқ ва шаҳарларида тўсатдан ола-тасир тўполонлар бошланиб кетиши ва бу тўполонлар аста секин халқ ғалаёнларига айланиб кетиши мумкин. Ношуд ҳукумат ана шу бир феноменни ўз қўли билан яратаётганидан бехабар. Бир куни бу яккаҳокимнинг ўзи ҳам, унинг довдир, мияси қотиб қолган югурдак вазир ва уламолари ҳам "Ўзимдан чиқган балога, қайга борай давога!" деб зир югуриб қолишларига шак-шубҳа йўқ. Ҳамма гап ана шу ижтимоий портлаш дақиқасига қанча вақт колганлигига боғлиқ холос. "Узбек-инфо": Ҳукумат раҳбарининг ўзини қаттиқ ҳимоя қилиши ва хусусан Марғилон шаҳрига Ислом Каримовнинг ташрифи баҳонасида аҳоли учун комендантлик соати эълон қилинганлиги ҳақидаги ҳабарлар ва бошқа шунга ўхшаш кўпчиликни ранжитаётган ҳаракатларни нима деб изохлайсиз? Ҳазратқул Худойбердиев: Бу саволингизга жавобни қисман юқоридаги жавобдан ҳам кўрса бўлади. Зеро Исломшоҳ халқнинг унга қарши бўлган, кўзга кўринмас нафратини бутун вужуди билан доимо ҳис қилиб туради. Шунинг учун у ўзини ўзбек халқидан ҳамиша ҳимоя қилишга мажбур. Ундан ташқари Исломшоҳ ҳеч қачон ўзбек халқини ўз халқи деб ҳисобламаган. У бу халққа ҳамиша ўзиниг қулларига қарагандек қараб келган. Унинг ўзбек халқига қарши нафрати сабабини бу инсоннинг болагигидан қидириш керак. Маълумки самарқандлик Абдуғани Каримовниниг оиласидан 4-5 боладан фақатгина бир бола ота-онаси тирик бўлишига қарамасдан, Иштихондаги етимлар топшириладиган Болалар уйига берилган. Етимлар уйида эса болалар ота-она меҳридан маҳрам ҳолда тарбия кўрадилар. Натижада уларинг кўпчилиги вояга етгач шафқатсиз инсонларга айланадилар. Ана ўша Иштихон Болалар уйида тарбия кўрган боланинг исми Ислом Каримов эди. Етимлар уйида бу боланинг бошига не кўргуликлар тушгани бизга қоронғу. Маълуми шуки, у ўзининг шафқатсизлиги билан бир нарсани исботлади: Бу инсон болалагида ота-она меҳридан жудо қилинган. Шу сабаб, агар Ўзбекистонда тўсатдан халқ ғалаёнлари бошланиб кетса Ислом Каримов нафақат бир қишлок, бир шаҳар ёки бир вилоят аҳолисини, балки бир неча вилоятларни тўсатдан Ўзбекистон ҳарбий кучлари ёрдамида аёвсиз бостириши мумкин. У ҳеч бир иккиланмасдан очликдан дод солиб кўчага чиққан юз минглаб инсонларни шафқатсизларча, барча қуроллардан ўққа тутишга буйруқ бера олади. Агар бу гапларга шубҳаланадиган одам бўлса, марҳамат ўртага чиқсинда ўз эътирозини айтсин: – қайси сабаб, Ўзбекистоннинг бугунги раҳбари юз мингларча одамларни уққа тутишга буйруқ бера олмас экан?! У ўзининг нақадар шафқатсизлигини 2005 йил 13 майда Андижоннинг Бобур майдонида кўрсатди. Адолатсизликдан кўчага қалқиб чиққан 20 минг андижонликларга қарши барча кучларини ташлади. Ҳаводан вертолетлар, ердан зирҳли машиналар ва тиш-тирноқларигача қуролланган минглаб аскарлар бир неча ўнта исёнкорларни баҳона қилиб минглаб болалар, аёллар, қариялар ва бошқа оддий инсонларни аёвсиз ўққа тутдилар. 4 мингдан ошиқ инсон ўша куни ҳаётдан кўз юмди. Ўликларни жаллоднинг аскарлари ва Андижон тиббиёт институтининг талабалари 2 кечаю кундуз териб, оғир юк машиналарига худди ўтинни тахлагандек тахладилар. Машиналарнинг кўпчилик қисми тўппа тўгри Андижон аэропортига жўнатилди ва у ерда жасадлар оғир юк ташувчи учоқларда олис даштларга олиб кетилди. Диктатор Каримовнинг бу даҳшатли жинояти ҳали ҳануз очилгани йўқ. Аммо у шуни кўрсатдики, бу жаллод ўз жони-тани учун, ўзининг севимли тахти равони учун ҳеч нарсадан қайтмас экан! "Узбек-инфо": Ҳозирги вазиятда халқ нима қилиши керак деб ўйлайсиз? Умуман у бугунга келиб Каримов сиёсатининг ёмон оқибатларини тушуниб етганлигига ва сиёсий курашга чиқа олишига ишонасизми? Ҳазратқул Худойбердиев: Ҳозирги вазиятда халқ ҳеч нарса қила олмайди. Замон борган сари оғирлашаверади ва халқнинг сабр косаси кундалик заҳар-заққум, алам билан тўлаверади. Сўнгги томчи аламлар бу косани тўлдирган куни бирор қишлоқ ёки шаҳарда илк ғалаён бошланиши билан у оловланиб, офтобда қуриб қотган улкан ғарамга ўт кетганидек, бу ғалаённинг учқунлари бутун мамлакат бўйлаб ёйилиб кетади. Ҳали бундай улкан халқ кўтарилишини ўзбек халқи ўз тарихида кўрмаган, лекин ўша кун тезлик билан яқинлашиб келмоқда. Салгина фаросати бор ҳар қандай сиёсатчи бундай вазиятни кўра билади. Шу кунларда Покистон диктатори мамлакатда шундай бир оғир вазият юзага келганини сезиб, ўз ҳокимиятининг бир қисмини демократик мухолифат раҳбари, собиқ бош вазир Беназир Бҳутто хонимга топширишга қарор қилди. Бу нарса Первез Мушаррафнинг вазиятни қисман бўлсада туғри тушуниб етганлигини кўрсатади. Аммо бундай кўра билиш қобилияти Ислом Каримовда йўқ. Маслаҳатчиларга эса у истаса қулок солади, истаса уларнинг башарасига ўз телефон аппаратини отади. Кетига тепиб, бўралаб сўкиб, коридорда орқасидан қувиб юради. Халқ Каримов сиёсатини, аниқроғи, унинг қандай раҳбар эканлигини тушуниб етди. Аммо бундай золимга қарши нима қилишини билмайди. Якка-дукка билганлар ва ўз норозилиги, нафратини очиқ айтганлар эса жаллоднинг ниқоб тақиб олган, автоматлар билан қуролланган махфий кучлари ёрдамида бир кечада олиб кетилиб, йўқ қилиб юборилмоқдалар. Шу сабаб халқ якка-якка инсонлар сифатида бирор нарсани қила олмаяпти. Бирор шиддатли куч атрофида мамлакат ичида исёнкорларни бирлаштириш масаласини кўтаришга эса ҳозирча ҳеч ким журьат эта олмаяпти. "Бирлик" ва "Эрк" партияларининг чет эллардаги "кўпайишлари" ва 10…15 кишилик намойишлари эса касал ётган одамнинг ёрдам сўраб қилаётган оҳ-воҳларини эслатади холос. Бу намойишларда юрган забардаст йигитларни кўкрагида асл шиддат, мардлик, ватан, миллат ва халқ учун фидоийлик руҳи асло куринмайди. Кукраги асл фидойилик руҳига тўлган, имкони бўлса шу бугунок Исёнкорлар лашкарига қўшилишга ва золимга қарши бош кўтаришга тайёр инсонлар эса бундай лашкарнинг на раҳбарини, на кароргоҳини топа олмай овора. Раҳбар бўла олишга ва ўз ортидан минглаб қурқув билмас, ўз ҳаётини озодлик учун курашга бахш этишга тайёрларни эргаштира оладиган саноқли инсонлар эса бир неча оддий, аммо оғир иқтисодий муаммолар туфайлигина бундай улкан ва буюк ишни бошлай олмай турибдилар. Чет элларда яшаб юрган юз минглаб инсонлар буюк кураш учун маблағ тўплашни бошлаб юборсалар бу жиддий ҳаракатнинг дебочаси бўлар эди. Мен бу хақида аввал хам гапирганман ва яна такрорлайман: бизнинг ҳар биримиз ҳеч бўлмаса бир ойда бир неча ўн долларни жаллод Каримовга қарши келажакда бўладиган буюк курашга бағишладим деб, бир чеккага ташлаб қўйишимиз керак. Ушбу кунларда эса бу дунёда "Ўзинг учун ўл етим" шиори асосий шиор бўлиб қолмоқда. Агар ҳар биримиз ўз бола чақаларимиз, уларнинг келажаги, халқимиз ва жонажон юртимиз Ўзбекистон хақида астойдил кайғурмасак бу ишни биз учун хеч ким қилмайди. Ҳеч бир бегона инсон биз учун, бизнинг Ватанимиз ва халқимиз учун жон куйдирмайди. Агар уларнинг айримлари бирор нарсага жон куйдирсалар бу фақатгина Ўзбекистондек давлатдан ниманидир ундириш, унинг қайсидир бойликларига шерик бўлиш ҳисобига бўлиши мумкин холос. "Узбек-инфо": Европа Иттифоқи санцияларининг шз кучида қолдирилиши, ёки бекор қилиши нима оқибатларга олиб келади деб ўйлайсиз? Ҳазратқул Худойбердиев: Бу санкцияларнинг аҳамияти Ўзбекистондаги бугунги ўта оғир вазиятда бирор сезиларлик роль ўйнамайди. "Узбек-инфо": Маълумки Андижон воқеаларидан кейин дунёвий мухолифат, журналистлар ва инсон хуқуклари курашчиларининг асосий қисми ватанни тарк этишга мажбур бўлди. Аммо мамлакат ичкарисида катағонлар давом этаяпти? Бунга сабаб нима деб уйлайсиз ва бу репрессиялар халқни қўрқувда ушлаб туришга хизмат қила оладими? Ҳазратқул Худойбердиев: Бундан 15 йил муқаддам диктатор Каримов мухолифатнинг энг етакчи кучларига қарши оммавий қатағонни бошлаб юборди ва бу қатагон ҳали ҳануз давом этмоқда. Ҳукуматнинг қақшатқич босими остида мухолифатнинг асосий кучлари оғир йўқотишлардан сўнг чекинишга мажбур бўлдилар. Аммо бу куч яна қайтадан курашга чиқишига шак-шубҳа йўқ. Ҳамма гап ана ўша курашга қайтишнинг қачон ва қай даражада олиб борилишига боғлиқ. Ҳар қандай репрессия ҳар қандай халқни маълум муддатгина қўрқувда ушлаб туриши мумкин. Токи халқнинг сабр косаси тўлгунига қадар. Ҳамма гап ана шу сабр косанинг қачон тўлишига боғлиқ. Аммо халқнинг бугунгидан ҳам оғиррроқ кунларни кутиб утириши шартмикин? Халқнинг сабр косаси тўлишини кутиб ўтириш халққа нақадар қимматга тушишини мухолифат намоёндалари ўйлаб кўришдимикин? Бундай кутиб ўтириш ўз ночорлигини тан олиб, қўйларини бўрилар галасига топшириб қўйган чўпоннинг ҳолатини англатмайдими?
|