Муҳаммад Солиҳ Кеча Қирғизистонда таниқли журналист Алишер Соиповни отиб кетишди. У 26 ёшлик таниқли журналист, “Сиёсат” газетаси муҳаррири, Марказий Осиёда сўз эркинлиги бўйича фаол курашчи, Бакиев инқилоби қатнашчиси эди. Мен бу қотиллик Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг шахсан топшириғи билан содир этилганига шубҳа қилмайман. Аниқроғи, биз ифода этишга ўрганиб қолганимиздек бу гал қотил Каримов режими эмас, балки Каримовнинг ўзидир. Бунга далил сифатида кейинги ярим йил орасида ўзбек матбуотида чоп этилган қоралашларни ёки Наманган телевидениясида кўрсатилган “Қирғизистонлик тирранча журналистнинг қўпорувчилик фаолияти”- Каримов ҳукумати бу ёш курашчини шундай атарди - номли машҳур кўрсатувни кўринг. 1996 йилда Ўзбекистон президенти Каримов топшириғига кўра Интерфакс мухбири Сергей Гребенюк ўлдирилган эди. Бу ҳодисани Беларуссия президенти Лукашенко тасдиқлаган эди. Москвадаги ТВ Центр канали орқали намойиш этилган “Наша версия под грифом секретно” дастурида, бошловчи Михаил Маркелов Ўзбекистон ҳукуматининг ўзбек мухолифати лидерига уюштирган суиқасд урунишларини фош этганди. Кўрсатув охирида у шундай деди: “Бир неча йил олдин Президент Александр Лукашенко Беларуссияда менга қуйидаги тарихни сўзлаб берганди. 4 йил бу ёзувлар бизни архивимизда ётди. Биз бундай ҳодиса бўлишига тўғриси ишонмагандик. Энди эса шубҳага ўрин қолмади”. Маркеловнинг сўзларидан сўнг кадрда Белоруссия Президенти Лукашенко пайдо бўлади ва Маркеловга мурожаат қилиб дейди: “Каримов менга ўзини ўша ерда ишлаган қандайдир, мен эслай олмайман, у уникими ёки аниқроғи Москваликми, бир журналист танқид қилганини гапириб берди. Демак, у журналист у ерда нимадир қилган, қандайдир нимадир бўлган… У (Каримов) деди: биз уни Москвада ушладик ва Тошкентда жойини солдик, бор йўғи шу!” (Бу яширин видео ёзув Интерфакс мухбири Сергей Гребенюкнинг Тошкентда ўлдирилишидан бир йил ўтгач, 1997 йилда тасвирга олинган). Маркелов филмини Youtube да қуйидаги манзилда кўриш мумкин: http://www.youtube.com/v/lYPBvr5viaU Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг навбатдаги қурбони журналист Алишер Соипов мамлакатни ёвузликлардан холи кўришни истаган миллионлаб ўзбек ёшларидан бири эди. Шу билан бирга Алишер нафақат ўз мамлакатини эркин кўришни истаган, бироқ у озод бўлиши учун нимадир қилиш истагидаги кам сонли ёш идеалистлардан бири эди. Шу ўринда Алишерни ёш деб айтишни истамасдим, чунки бундай аниқлик ёлғон ва ўғриликлар ёш авлодни тарбиялаш қоидасига айланган Каримов бошқаруви даврида пайдо бўлган ёшлар гуруҳини ёдга солади. Алишер идеалист эди, у албатта сўз эркинлиги ғалаб қозонишига ва дунёдаги тоталитар режимларга қарши демократик курашлар натижа беришига ишонарди. У ўз йўлидан қайтмайдиган, адолатсизликларга тоқатсиз инсон эди. У ўз идеалистлигида максималист эди, ялтоқиликни ёқтирмас, унинг ўз фикрларини очиқ айтиши балки ҳаммага ҳам ёқавермасди. У журналист сифатида “Озодлик”, “Америка овози” радиоларида, “Фарғона.ру” интернет саҳифасида ишлади, “Сиёсат” газетасига ноширлик қилди ва ҳеч қачон ўз фаолиятини қийинчиликларидан нолимади. У ҳаётини хавфга қўйиб Эрон ва Покистонга бир неча марта сафар уюштириб, Тоҳир Йўлдошев гуруҳидан қочиб кетган жанггарилар ҳақида репортажлар тайёрлади. Жангарилар унга ғазабга учраган бу ҳаракат лидери ҳақидаги бор ҳақиқатларни сўзлаб берганлар. Билишимча Алишер бу борадаги сўнгги репортажини эълон қилишга улгурмади. Алишер Соипов сийсосида жасоратли ва қўрқмас журналистни, ўзбек халқи қаҳрамонини ва дўстларига садоқатли, озодлик душманларига муросасиз кишини ўлдирдилар. Аллоҳ унга самовий шоҳлик ато этгин!
|