Узбекинфо, Tўлқин Қораев Ўзбекистoнда қамоққа олишларнинг янги мавсуми, аниқроқ қилиб айтганда эса, қатағонларнинг янги босқичи бошланди. Президент Каримовнинг авторитaр бошқарувида бўлган Тошкент ҳукумати мамлакат мустақиллигининг илк йиллариданоқ мамлакат ичкарисида ва ташқaридан халқ душманларини излай бошлаганди. 1993 йилда бошланган қамоққа олишларда ҳукумат миллий озодлик курашчилари ва сиёсатчиларга диққатини қаратган бўлса, 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда содир бўлган қатор портлашлардан сўнг диққатини диний дунёқарашга эга бўлган шахсларга қарата бошлади. Ўзбекистон ичкарида фаолият кўрсатаётган Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари маълумотларига кўра, шу кунларда ҳибсда сақланаётган жами диндорлар -сиёсий кўз қарашлардаги маҳбуслар сони етти мингдан ортади. Бироқ Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси Толиб Ёқубов фикрига кўра, қамоққа ташланган мусулмонлар сони 10000 дан ҳам ошиб кетади ва улар ҳақида аниқ маълумотлар келтириш имкони мавжуд эмас. Буни изоҳлаган инсон ҳуқуқлари курашчиси ҳибслар борасида бирор ҳукумат идораси халққа маълумотлар тақдим этмаслигини, оз сонда бўлган ҳуқуқ ҳимоячилари эса бутун Республикада бораётган бу ҳолатни ҳар бир эпизоди билан мониторинг қилиш имконига эга эмас. Тағин Толиб Ёқубов сўзига кўра, оммавий ҳибс қурбонлари “Ваҳобия”, “Хизбут тахрир” ва бошқа диний сиёсий ташкилотларга аъзоликда гумон қилинаётган ёшлардир. Улар ўз ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётгани, мустақил суд тизимининг мавжуд эмаслиги боис қатағон машинаси қаршисида ёлғиз қолишмоқда. Ўзбекистондаги авторитар тузум Андидон воқеаларидан кейин инсон ҳуқуқлари курашчилари, ҳамда мустақил журналистларга қарши кескин чоралар кўра бошлади. Бу мақсадда эса ҳар қандай жирканч усуллардан ҳам қайтмаётган режим шу йилнинг март ойида Қарши шаҳрида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоят бўлими раиси Ёдгор Турлибековни ҳибсга олиб, орадан бир кун ўтгач озод ҳам қилди. Қўлга киритилган маълумотларга кўра, салкам саксонни қоралаб улгурган Ёдгор Турлибеков “бир аёлни зўрламоқчи бўлган” экан. Тағин шу ташкилотнинг Нишон тумани бўлими раиси Жўра Муродов ҳам милиция томонидан ҳибсга олинган. Бироқ Жўра Муродовни уч кундан сўнг озод қилинди. Қашқадарё вилоятининг Касби туманидан бўлган, 2001 йилда қамоққа олинган ва суд томонидан 11 ва 12 йил мудатга жазога тортилган ака ука Рафик ва Рахимжон Ражаповлар шу кунларда Қорақолпоғистоннинг Жаслиқ туманидаги жазони ўташ колонниясида сақланаяпти. Уларнинг яқинларига кўра, маҳбусларга нисбатан қийноқлар ҳали ҳам давом этмоқда. Маҳбусларни қийноққа солишлар колонния бошлиғи бўлган Қулумбетов, ҳамда Матқобиловларнинг кўрсатмалари билан амалга оширилмоқда. Қишнинг совуқ изғиринида диний мутаасибликда айбланган маҳбусларнинг бошларини совуқ сувга солиш, камераларда елвизак қилиш одатга айланган. Маҳбусларга рамозон ойида рўза тутиш ҳам таъқиқланган. Намоз ўқишган ва рўза тутган маҳбусларнинг оғиз бўшлиқларида мажбуран резина ичак орқали қайноқ сув юбориш ҳолатлари ҳам кузатилганлигини билдиради Қашқадарё вилоятидан бўлган яна бир манба. Унга кўра, айни мана шундай қийноқлар оқибатида 2005 йилнинг 8 декабрь кунида Маъмур исмлик маҳбус вафот этган. Ўзбекистонда қанча сиёсий маҳбус бор? Бу саволга аниқ жавоб топиш мушкул, бирок кўплаб ташкилотлар бу юзадан ўз изланишларини олиб боришмоқда. Россиядаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази аълумотларига кўра, 1999 йилдан бери Республика ичкарисида диний ва сиёсий таъқибларга учраб қамалганлар сони 12 мингдан ортади. Навбатдаги, янги қатағинларга нима сабаб бўлмоқда? “Саккиз йилдан ортиқ Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ва бошқа тергов суриштирув ташкилотларининг диққат марказида турган Обидхон қори Назаровнинг Европа мамлакатларидан бирига кўчирилганлиги унинг издошларининг ҳибсга олина бошланишига сабаб бўлди”, - дея фикр билдиради ўз исмининг ошкор қилинишини истамаган тошкентлик манба. Айни ҳолатни тасдиқлаган яна бир адвокат эса кўплаб диндор ёшларнингТошкент шаҳар ИИБ ҳибсхоналарига келтирилганигини кўрган. Давлатдан мустақил бўлган, ўзини норасмий “Uzbek Refugee activist” ташкилоти деб таништираётган ташкилот фаоллари шу йилнинг 3 апрел кунида интернет тармоғида хабар тарқатаркан, янги қатағонларнинг Обидхон қори Назаровнинг Европа мамлакатларидан бирига кўчирилганлиги билан боғлиқлигини келтирди. Айни шу сабабга кўра, Тошкент ҳукумати Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар ишлари бўйича комисарлик ваколатхонасининг Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатишига ҳам олиб келган. Расмий Тошкентнинг бугунги кунларда олиб бораётган сиёсатига баҳо берётган халқаро кузатувчилар ва таҳлилчилар Каримовнинг йўқотадиган ҳеч нарсаси қолмагани, бу ҳаракатлар эса имкон даражасида унинг узоқроқ вақт ҳокимият тепасида қолиш учун қилинаётганлигини таъкидлашмоқда. Ўзбеккистон Россия муносабатларидаги янги босқичлар ҳам айни мақсадларга йўналтирилганлигини пайқаш мумкин. Андижондаги қирғиндан сўнг обрўсизланган Президент Каримовга Россия янги куч бахшида этди. Эндиликда Ўзбекистонда кутилган ички низолар ҳам Россия кучлари томонидан бостирилади. Президент Каримов 2005 йилнинг 14-15 ноябрь кунларида расмий ташриф билан Москвага борган Президент Каримов Россиянинг ҳимоясини қозонишга эришди. Россия кўмагида ўз ҳукмронлиги муддатини чўзишни мақсад қилган Каримов албатта Ўзбекистон халқининг нофаоллигидан ҳам устамонлик билан фойдаланаётганлиги кўриниб қолмоқда. Мамлакат ичкарисида мавжуд ижтимоий қўрқув, халқнинг сиёсатга қизиқмаслиги, ривожланган коррупция, порахўрлик каби иллатлар эса режимнинг умрини чўзишгагина хизмат қилмоқда. Ўзбекистон халқи билиб, билмай каримов диктатураси тегирмонига сув қуймоқда. Демак, режим ҳали яшайди. Тўлқин Қораев, Мустақил журналист
|