ГлавнаяРегистрацияВход Пт, 2024.05.03, 08:26
  Приветствую Вас меҳмон | RSS

 
 Главная » 2006 » Апрель » 18 » “Олабўжи” яхшими, ёки “мелиса”…?
“Олабўжи” яхшими, ёки “мелиса”…?
01:58
Рустам Иброҳимов
- Болам, агар уканг уйғониб қолса, йиғласа, бешигини тебратиб тур, яна ухлаб қолади. Агар ухламай йиғлайверса, “Олабўжи” келяпти десанг, қўрқиб ухлаб қолади, - деб тайинларди.

Ўшанда “Олабўжи”нинг нималигини билмас эканман. Сал каттароқ бўлиб, болалар билан “Олабўжи” ўйинини ўйнай бошладик. Ўйин қоидасига кўра, 5-6 бола йиғилиб, ичимиздан бир болани “Олабўжи” қилиб сайлардик. Унинг ҳамма ёғини бўярдик, бўйнига ҳар нарсалар осардик, хуллас жуда қўрқинчли одамга айлантирардик. У биз учун “одамхўр” ролини ўйнаб бериши шарт эди. Кейин ҳаммамиз ҳар томонга қочиб, яширинардик. “Одамхўр” эса бизни топиб: “Тра-а-ах! Ўлдинг!” - дейиши керак бўларди. Биз ундан чинакамига қочиб яширинардик, у эса чинакамига “ваҳшийлашган” бўлиб, бизни изларди. Ҳаммамизни топиб бўлсагина, ўйин тугарди.

Ёшим улғайиб, ақлим киргач, онамдан сўрадим:

- Она, “Олабўжи” ким?

- “Олабўжи” билишимча ёвуз подшоҳ бўлган, одамхўр бўлган. Менимча, Чингизхоннинг ё ўғли, ё набираси. Билмадим болам, балким йиртқич ҳайвондир. Биз ҳам ота-боболаримиздан эшитганмиз. Бизни ҳам шундай деб қўрқитиб ухлатишган, - деганди ўшанда онам.

Вақтлар ўтди, оилалик, фарзандлик бўлдим. Бир кун хотиним ёш боламизни ухлата туриб, унга:

- Ухла, тинч ёт, ана “мелиса” келяпти, ухламасанг олиб кетади, - деганини эшитиб қолдим.

Хотинимнинг айтишича, ҳозир энди ҳамма оналар боласини “мелиса” билан қўрқитиб ухлатадиган бўлибди эмиш. Шу сабабли у ҳам боласини шундай деб қўрқитиб ухлатишини тушунтирди менга.

Ўйланиб қолдим: Нега бизнинг ёшлигимиздаги “Олабўжи”дан одамлар энди қўрқмай қўйди? Нега унинг ўрнини “мелиса” эгаллади? Нима, “мелиса” “Олабўжи”дан ҳам ёвузми?

Кейин бу тўғрида ўзимча ўйлаб, мулоҳаза қила бошладим. Чингизхон авлодидан бўлган Бўжихоннинг ўта ваҳшийлик билан бу ерларни босиб олганлигига гувоҳ бўлган халқ, балким кейинчалик унинг номини айтиб, болаларини қўрқитиб ухлатгандир. Балким бу бошқа қанақадир қўрқинчли ҳайвон бўлгандир. Аниғини билмадиму, лекин яқин тарихда оналар “Олабўжи” билан қўрқитиб болаларини ухлатгани рост.

Бугунга келиб милиция ходими образининг бунчалар салбийлашиб қолганини ўзимча таҳлил қила бошладим. Кўз ўнгимга яқин тарих воқеалари ривожи келаверди. 1937-йиллар қатағонлари, Иккинчи жаҳон урушига йигитларни мажбуран жўнатиш учун “овлаш” кампаниялари, урушдан кейинги террорлар, Гдлян-Иванов кирғинлари, айниқса Каримов режими даврида мелисаларга жуда кўп ҳуқуқлар бериб қўйилиши бу тоифа одамларни халқ кўз ўнгида “Олабўжи”дан ҳам ваҳшийроқ қилиб гавдалантириб борган бўлса ажаб эмас. Ўзбек милиционерларининг ўта қўпол муомаласи, оддий халқни менсимаслиги, бўлар-бўлмасга йиртқичдек ташланиши улар тўғрисида халқда шундай таассуротлар туғдириб борган бўлса ажаб эмас.

Ҳозирги кунларда халқ кўз ўнгида милиция ходимлари томонидан минглаб ёш, илмли, ақлли ўспирин болаларга туҳмат қилиниб, чўнтагига қорадори, наша, патрон солиб қамаш уларга нисбатан халқ нафратини янада оширмоқда. Шу сабабли халқ бир неча юз йиллаб ўз болаларини қўрқитиш тимсоли бўлиб келган “Олабўжи”сидан айрилди ва унинг ўрнини “мелиса” эгаллади...

Бугун Ўзбекистонда деярли барча оналар боласини “мелиса” билан қўрқитиб ухлатадиган бўлганлиги инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир. Чунки бугун “мелиса” кириб борган хонадондан фарёд чиқади. Дарвозасига милиция ходими тўғри бўлган хонадон соҳиби саросимага тушади. Ўзбек халқи ўзи боқиб, кийинтириб турган милициясидан қўрқадиган бўлган. Милиция ҳам ҳамма нарсага бурнини суқадиган, кўнглига келадиган ишни қиладиган, ўзига ёқмаган ҳар қандай одамни ўзича жазолайдиган бўлиб қолган.

Яқинда бир дўстимнинг уйида зиёфатда бўлдик. Дўстлар роса отамлашдик. Дунёнинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқдик. Давра айни қизиганда, гап сиёсатга бориб тақалди. Мавжуд тузум ҳақида ҳар хил фикрлар билдирила бошланди, кимдир мақтади, кимдир ёмонлади. Бир пайт эшик қўнғироғи қаттиқ жиринглади. Эшикдаги махсус тешикдан қараган бир дўстимиз:

- СНБ келди, ёнида мелисаси ҳам бор, - деб юборди.

Ҳамма сукунатга чўкди, кимдир ошхонага чиқиб кетди, кимдир оғзини ланг очиб қотиб қолди. Қарасам, 3-4 таси ўзини уйқуга солиб, ростакамига ухлай бошлади. Шунда сездим, мелиса ва СНБнинг “ухлатиш қудрати”ни. Сиёсатдан гапирилган жойда мелисанинг пайдо бўлиши, ўша ерда ўтирганларни саросимага солиб қўйиши мавжуд тузум эришган энг ягона ғайриинсоний “ютуқ”дир. Бу “ютуқ”нинг баҳоси қанча одамларнинг оҳу фарёди билан ўлчанишини ягона Аллоҳ билади.

“Олабўжи” нима бўлса ҳам босқинчи билан келган қўрқитув воситаси эди, унинг халқимиз онгидан кетгани рост бўлсин. “Мелиса” эса ўзимизники. Мустақил давлатда ҳамма нарса ўзиники бўлгани яхши эмасми? Уни йўқотсак, оналаримиз боласини қандай ухлатади, ахир? Ё энди ухламаслик замони келдими?

Манба: «Мусулмон Ўзбекистон»

Категория: Эркин фикр | Просмотров: 1172 | Добавил: Давронбек | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
 
 
Разделы новостей
Долзарб мақолалар [10]
Шеърлар [3]
Норозилик чодиридан ҳикоялар [1]
Хабарлар [138]
Иқтисод [4]
Янги нашрлар [3]
Баҳс [6]
Инсон ҳуқуқлари [20]
Таҳлил [18]
Эркин фикр [41]
Интервью [12]
Мурожаатлар [13]
Жамият [26]
Сиёсат [18]

Форма входа

Календарь новостей
«  Апрель 2006  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930

Наш опрос

 

Сайтни қандай баҳолайсиз?

 
Жаъми жавоблар: 73
 
                                                 

 


Поиск

Друзья сайта
Бизнинг тамға:
 
 
Ҳамкорларимиз:
 

Статистика

Жаъми сайтдагилар: 1
Меҳмонлар: 1
Муҳлислар: 0
 

Copyright MyCorp © 2024
Используются технологии uCoz