ГлавнаяРегистрацияВход Сб, 2024.04.27, 15:05
  Приветствую Вас меҳмон | RSS

 
 Главная » 2006 » Май » 2 » Андижон ўзбек журналисти нигоҳида
Андижон ўзбек журналисти нигоҳида
07:12
2005 йилнинг май ойи ўртасида Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида мамлакатнинг ички сиёсий вазияти ва халқаро муносабатлари тизимида мавқеи ўзгаришига сабаб бўлган ҳодисалар бўлиб ўтганди. Андижон воқеаларига гувоҳ бўлган кишилар жуда кўплиги ва улар ичида журналистлар ҳам борлиги борасида гапирилган. Бироқ, орадан бир йил ўтаётганига қарамай ҳукуматнинг исломчи исёнчилар томонидан қилинган ҳужумнинг самарали бостирилгани ҳақидаги қарашларига зид маълумотлар тарқатган бундай кишилар овози мамлакат ичидан ташқарига эшитилмаётир.

Ҳукумат хорижий оммавий ахборот воситаларида ишловчи журналистлар фаолиятига тўсиқлар ўрнатиб, Андижон ҳақида хабарлар тарқалишига қаттиқ қаршилик қилмоқда. "Немис тўлқини" шу сабабли яқинда мамлакатни тарк этиб, Европа мамлакатларидан биридан сиёсий бошпана олган Ўзбекистонлик журналист билан боғланди. "Фокус" дастурининг бугунги сонида Андижон воқеалари ва ундан кейинги Ўзбекистондаги вазиятга ҳақида Юсуф Расулов билан мусоҳабани тингланг.
ВВ: Юсуф, ўз касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача сўзлаб берсангиз!?

ЮР: Мен журналистман, 1996 -98 йилларда Ўзбекистон радиосида ишлаганман, унгача маҳаллий газеталарда мухбир эдим. Кейин ББС ва "Америка овози" радиоларида ишладим. Андижон воқеалари пайтида мен Тошкентда эдим, Британиянинг Уруш ва Тинчликни ёритиш институтида ишлардим. Мен ўша пайтда Андижондаги мухбирлардан ҳар соатда маълумот олиб турганман.

ВВ: Олган маълумотларингизга асосланадиган бўлсак, сизда бу воқеалардан қандай тасаввур пайдо бўлганди?

ЮР:Бу воқеалар илдизи 2004 йилнинг августига бориб боғланади. Ўшанда бир неча йирик корхона раҳбарлари ҳукумат томондан ҳибсга олинган ва уларнинг қўл остидаги минглаб кишилар ишсиз қолишганди.

Олдинига Андижон вилоят ҳокимияти маъмурлари бу тадбиркорлардан шаҳардаги қурилиш ишлари учун маблағ ўтказиб беришларини талаб қилган. Улар рад жавобини беришгач, барча тадбиркорларга нисбатан жиноий иш очилиб, улар ҳибсга олингандилар. У ерда ҳеч қандай Акромийлар ҳаракати бўлмаган, оддий халқ адолатни талаб қилган холос.

2005 йилнинг феврал ойига келиб тадбиркорлар устидан суд бошланган ва уларни қўл остида ишлаган кишилар маҳкамага кела бошлашган. Одамлар ўз боқувчиларини озод этишига ёрдам сўраб Оллоҳга илтижо қилишган, у ерда ҳеч қандай диний ақидаларни тарғиб қилмаганлар. Бироқ, ҳукумат судланувчиларга қарши қўшимча айбловларни жорий қилган. Шундан сўнг маҳаллий ишбилармонларга нисбатан адолатни ўрнатиш талаби билан уюшган ҳолда норозилик намойишларини ўтказиш бошланган.

2005 йилнинг 25 март куни 350 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари судланаётган 23 тадбиркорни озод этилишига ёрдам беришини сўраб президент Ислом Каримов номига шошилинчнома йўллаганлар. Айни шунинг ўзи, Каримов ва Ўзбекистон ҳукумати аҳолининг талаблари ҳақида олдиндан билганлигини шоён этади. Бироқ ҳеч ким бунга эътибор бериб ўтирмади.

12 май куни 800га яқин кишилар Андижон шаҳар жиноий ишлар бўйича суди биноси олдида тўпланиб, тадбикорларни озод этилишини талаб қилишган. Одамлар автомобилларда, кичик автобусларда келишган эди. Бироқ Давлат Автамобил Инстпекцияси ходимлари уларни транспорт воситаларини зўрлик билан тортиб олиб, мусодара қилиш учун олиб кетишган. У ерда эса норозилик иштирокчилари талабларига ҳеч ким қулоқ солмаган. Шундан сўнггина улар тинч йўл билан қилган эътирозлари ҳеч қандай натижа бермаслигини тушуниб етишган. Бир қисм одамлар Андижондаги Ички Ишлар батальони томон йўл олганлар ва ҳеч қандай қаршилик кўрмасдан 30 га яқин қуролларни эгаллаб олганлар. Батальон вилоят МХХ биноси яқинида жойлашган эди. Одамлар МХХ биноси томонга йўналганлар ва у ерда отишмалар бўлган. Шундан сўнггина исёнчилар вилоят ҳокимлиги томон йўл олганлар ва куп ўтмай тунда уни эгаллаб олганлар.

Исёнчилар ўз вакилларини ўша кеча Қорасу ва Пахтаобод туманларига норозилик намойишларини қўллаш учун одам тўплашга сафарбар этишган.

13 май куни намойишчилар марказий майдонда тўпланганлар. Бизни воқеа жойида бўлган мухбиримизнинг хабарига кўра тўпланганлар сони тахминан 4000га яқин бўлган. Одамлар президент Каримов билан учрашув бўлишини эшитиб бу ерда тўплана бошлаган. Ислом Каримов эса Андижон аэропортига келган ва у ердан чиқмай вилоят ҳокимлиги маъмурлари ва куч ишлатиш идаралари раҳбарларини олдига чорлаган. У намойишчилар билан алоқага чиққач, исёнчилар билан мулоқот олиб бориш учун ўз ваколатини ИИВ Зокиржон Алматовга беражагини маълум қилган. Алматов қуролланган гуруҳга Қирғизистонга чиқиб кетишлари учун йўл очиб берилишини ваъда қилган. "Қаерга кетишни истасангизлар, марҳамат кетаверинглар" деган сўзлари исёнчиларга етказилган. Андижондан Қирғизистон чегарасига 3 ёки 5 километрлик йўл.Чегара олдин деярли очиқ эди.

12 майдан 13 майга ўтар кечаси намойишчилар озод этилишини сўраётган 23 нафар тадбиркор сақланаётган Андижондаги қамоқхонадан маҳбуслар чиқариб юборилган. Ҳукумат қамоқхонага ҳужум бўлганлиги ҳақида айтган, бироқ кейинчали қамоқхонага қоровуллик қилган аскарлар ва пропоршикларни айтишича, уларни олдига ҳарбий кийимдаги кишилар, МХХ ходимлари келиб, маҳбусларни озод қилишган ва уларни майдонга боришга ҳамда намойишчиларга қўшилишга даъват қилишган. Исёнчилар раҳбари Парпиевнинг журналистларга айтишига қараганда озод этилган маҳбусларнинг бир қисми уларга қўшилган, қолганлари эса яширинишга улгурган.

Дарвоқе, айнан Парпиев билан мени билишимча Алматов музокара олиб борган. Ҳукумат кейинчалик қамоқхона қоровулларини қаршилик кўрсатмаганликда айблаб маҳкамага тортди, лекин улар қамоқхонага ҳеч қандай ҳужум бўлмаганлигини таъкидладилар.

2005 13 май куни тахминан соат 16 ларда бир неча БТРлар майдонга кириб келган, уларни ортидан бошқа ҳарбий машинлар одамлар устига босиб келиб, намойишчиларни ўққа тута бошлаган. Бизни мухбиримиз Галима Бухарбаева ва яна уч журналист ўша вақтда майдонда бўлишган. Уларни маълумотига кўра, вилоят ҳокимлиги ичидаги қуроли исёнчилар уларга қарши ўт очишган. Ҳарбийлар эса аёллар ва болаларга қарши ўқ ёғдиришни давом эттирганлар. Одамлар ҳар томонга қоча бошлаган. Намойишчилар шаҳар прокурори, ҳакам, ҳокимият вакилларидан иборат қўлга олинган тутқунларни олдинги сафга қўйиб, воқеа жойидан яширинишга ҳаракат қилганлар.Ҳарбийлар эса ҳаммани бирин кетин ота бошлаган.

Одамлар ўқдан қочиб, Ўзбекистонни Қирғизистон билан боғловчи Андижон вилоятининг Пахтаобод туманиг қарашли Тешиктош қишлоғи чегарасига қараб чекинганлар. Бироқ у ерда намойишчилар пистирмада турган ҳарбийлар қуршовида, яна ўқ ёмғири остида қолишган. Бу ерда ҳам юзлаб намойишчилар яраланган ва отиб ўлдирилган.

Мухбирларимиз Андижонлик патологанатом врач билан суҳбатлашганларида, у шахсан ўзи вилоят касалхонасида 500 майитни ва 2000 га яқин яраланган одамларни қабул қилганлигини айтган. Ярадорларнинг кўпчилиги жароҳатининг оғирлигидан касалхонада вафот этган.

Бизни маълумотларимизга кўра, жуда кўп ярадорлар Андижон шаҳар клиник касалхонасига олиб келинган. Қабристонларни бориб кўрган бизни манбаъга кўра у ҳарбийлар ҳар бир қабрга 5 ёк 6 майитни кўмганларини кўрган. Бошқа манбаънинг айтишича, у ўнга яқин КамАЗ юк машиналарида ўлдирилган кишилар майитини номаълум томонга олиб кетишганини кўрган. Машиналар ўликлар билан тўла бўлган ва уларнинг ҳар бири бир неча марта қатнаган.

Ҳукумат мурдаларни самолётларда ташигани ҳақида айтилади. Шу сабабли қурбон бўлганларнинг аниқ сони ҳақидаги маълумотлар ҳозиргача номаълумлигича қолмоқда.

ВВ: Ўзбекистонлик журналистлар Андижонда ҳақиқатда нималар бўлганлигини билишадими? Улар бу борада қанчалик ахборот тўплаш имконига эга?

ЮР: Улар бу борада билишади, бироқ, гапиришга қўрқишади. Барча журналистлар расмий маълумотларни тарқатиш билан кифояланишади.

ВВ: Андижон борасида маълумот тўплашга киришган журналистларни нималар кутиши мумкин?

ЮР: Жуда кўп журналистлар Ўзбекистондан чиқиб кетишди. Деярли барча хорижий ахборот воситалари ваколатхоналари ёпилди. Ким Андижон воқеалари ҳақида ҳақиқатни айтган бўлса,маҳкамага тортилди. Журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Сайиджаҳон Зайнобиддинов, Муътабар Тожибоева, Носир Зокиров (уни олти ойдан сўнг озод этишган) шундай қисмат соҳибларидир.

ВВ: Андижонда айни пайтда нималар бўлаётгани ҳақида хабарлар борми?

ЮР: Ҳа, биз деярли ҳар куни Ўзбекистонликлар билан алоқамиз. У ерда худонинг берган куни кимнидир ҳибсга олишади ёки суд қилишади.Масалан, бир кун олдин ҳуқуқ ҳимоячилари Аъзамжон Фармонов ва Алишер Кароматовлар қамоққа олинди. Уларга қарши ўйлаб топилган сохта айблар қўйилган. Деярли ҳар куни диндорларни қама қамалар давом этмоқда. Андижон фожеаси ҳақида қўшиқ айтган шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасанов ҳам Тошкентда тергов қилинмоқда. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

ВВ: Андижон вилоятидан узоқда яшаётган одамлар қай йўсинда бу борада маълумот олишганди ва улар вазият ҳақида қандай фикрдалар?

ЮР:Маҳаллий ҳокимият маъмурлари халқ ичида юриб, бу ҳақда гапирмаслик ва ўша воқеаларни эсламаслик борасида одамларни огоҳлантирганлар. Андижондан чиқиб кетган кишилар ва уларнинг қариндош уруғларини ҳукумат ҳибсга олишни ва таъқиб этишни давом эттирмоқда. Уларга "халқ душмани" ёрлиғи ёпиштирилмоқда.

В.Волков суҳбатлашди.
Немис тўлқини

Категория: Интервью | Просмотров: 1641 | Добавил: Давронбек | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
 
 
Разделы новостей
Долзарб мақолалар [10]
Шеърлар [3]
Норозилик чодиридан ҳикоялар [1]
Хабарлар [138]
Иқтисод [4]
Янги нашрлар [3]
Баҳс [6]
Инсон ҳуқуқлари [20]
Таҳлил [18]
Эркин фикр [41]
Интервью [12]
Мурожаатлар [13]
Жамият [26]
Сиёсат [18]

Форма входа

Календарь новостей
«  Май 2006  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031

Наш опрос

 

Сайтни қандай баҳолайсиз?

 
Жаъми жавоблар: 73
 
                                                 

 


Поиск

Друзья сайта
Бизнинг тамға:
 
 
Ҳамкорларимиз:
 

Статистика

Жаъми сайтдагилар: 1
Меҳмонлар: 1
Муҳлислар: 0
 

Copyright MyCorp © 2024
Используются технологии uCoz