ГлавнаяРегистрацияВход Сб, 2024.04.27, 15:27
  Приветствую Вас меҳмон | RSS

 
 Главная » 2006 » Май » 4 » Матбуот эркинлиги режим инқирозига боғлиқ
Матбуот эркинлиги режим инқирозига боғлиқ
01:12
Ўзбекистон ҳукумати фуқароларни яшаш ҳуқуқидан маҳрум этмоқда.
Бугун - 3 май, Жаҳон матбуот эркинлиги куни!
Бугун дунёдаги матбуот ва Оммавий Ахбарот Воситалари муаммолари, сўз эркинлиги йўлидаги тўсиқлар яна бир бор муҳокама мавзуси бўлди.
Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўлидаги тўсиқлар нималардан иборат?
Нега ўзбек журналистлари ҳамон бошқа минтақалардаги ҳамкасбларидан орқада қолишмоқда?
"Исёнкор" бу борада айни пайтда хорижий мамлакатларда муҳожирликда яшаётган айрим журналистлар фикрларини ўрганиш мақсадида уларга баъзи саволлар билан мурожаат қилди.
Қуйида ўзбек журналистларининг жавоблари билан танишасиз.

Таҳририят.

Мухбир: Сиз ўзбек матбуотида неча йил ишлагансиз? Қайси матбуот сиз учун самарали: маҳаллий матбуотми ёки хорижий матбуот?

Сафар Бекжон, Швейцария: Мен совет давридаги матбуотда беш олти йилгина ишладим халос.

Исмат Хушев, Канада: Мен ўзбек матбуотида 1987 йилдан бўён ишлаб келганман. Дастлаб "Саодат" журналида, сўнг "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида. 1989 йилнинг ёз ва кузидан эътиборан "Ҳаёт ва иқтисод", "Экономика и жизнь" журналлари бош муҳаррири бўлганман. 1994 йилдан Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов билан бирга "Президент обрўсини тўкишда" айбланиб ҳибс этилганман. 1995 ва 1997 йилларда ҳам яна икки маротаба наша ташлаб қамоққа олинганман. Булар ҳақида ёзилган "Оқланмаган ишонч қиссаси" номли китобим "Трибуне уз.инфо", "Эркинюрт", "Исёнкор" ва "Ўзбек.инфо" интернет сайтларида эълон қилинаяпди. 1998 йилдан эътиборан Ислом Каримов фатвоси билан яна ҳукумат нашрларига раҳбарлик қилганман. Дастлаб "Деловой партнёр Узбекистана" ва "Ҳамкор" газетасига, сўнг "Миллий таълим" нашрига бош муҳаррирлик қилдим.

Матлуба Азаматова, Швеция: Мен ўзбек матбуотида 15 йилдан зиёд ишлаганман. 1985 йилдан бошлаб мақолаларим Ўзбекистон матбуотида ёритилган. Лекин мен журналистик фаолиятимнинг сўнги 5 йилини, яъни халқаро матбуотга бағишланган йилини самарали ҳисоблайман. Сабаби халқаро матбуотда ишлаш жараёнида мен халқни қийнаётган муаммоларни очиқ ёзиш, дадил айта олиш имкониятига эга бўлдим. Энг асосийси ВВС ва IWPR да ишлаш жараёнида мен кўтарган кўплаб муаммолар қисман бўлсада ижобий ҳал бўлди. Халқнинг матбуотга бўлган ишончи ортди. Мен ғарб матбуотига бўлган ишончни назарда тутяпман.

Қудрат Бобожон, Швеция: Мен матбуот соҳасида совет замонларидан буён ишлайман.

Тўлқин Қораев, Швеция: Расмий матбуотда ишлаш насиб килмаган."Озодлик", "Америка овози" радиоларида, IWPRда ишлаганман.

Юсуф Расул, Швеция: Мен ўзбек матбуотида 1992 - 98 йилларда ишлаганман. Ундан кейин Би Би Си ва "Америка овози" радиоларида фаолият кўрсатдим. Охирги иш жойим Британиянинг Уруш ва Тинчликни ёритиш институти эди.

Сизнингча ўзбек матбуотини кўп йиллар назорат остида бўлиши ва цензурани узоқ вақт сақланиб қолиши қандай оқибатларга олиб келган? 2003 йилда Ўзбекистонда цензура расман бекор қилингандан сўнг матбуотда бирор ўзгаришлар кўзга ташландими?

С.Б.: Ўзбекистонда босма матбуот чиқа бошлаганидан бери давлат назоратида бўлиб келмокда. Туркистонда жадидлар ҳаракати мустақил матбуот нашрлари чиқаришга бошлагандилар. Ўтган асрнинг 30 йиларига келиб ўзбек матбуоти тўла давлат назоратига ўтган. 1989 йилдагина қайтадан мустақил матбуот кўзга кўрина бошлади.

Ўзбекистондаги сиёсий муҳит ва ижтимоий ҳаёт, "ўзбекчилик" цензуранинг узоқ умрли бўлишига сабабчидир.

И.Х.: Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келган кунданоқ матбуот сўз эркинлигини йўқота бошлаган эди. Буни ўша пайтларда Бош муҳаррирлик қилганим учун бемалол айта оламан.2003 йилда мен "Ҳамкор" ва "Деловой партнёр Узбекистана" газеталарида Бош муҳаррир эдим. Бу ҳукуматнинг навбатдаги ўйини эди. Цензура тугаган билан унинг ҳуқуқи бор бўйи билан ношир ва муассисларга олиб берилди. Ислом Каримовнинг бу қадами жаҳон ҳамжамиятини чалғитиш эди, холос. Цензура йўқолган билан аслида ҳеч нарса ўзгармаган эди.

М.А.: Бугунги кунда цензура ҳам тобора кучайиб бормоқда. Айниқса Андижон воқеаларидан сўнг давлат нашрлари, ҳатто хусусий нашрлар ҳам бир ёқлама фикр айтишга, яъни халқнинг дардини эмас, расмийларнинг ёлғон гапларини кўтариб чиқишга зўр беришмоқда.

Ўзбекистондаги давлат нашрларида ишлайдиган журналистларнинг журъатсизлиги цензуранинг узоқ вақт сақланиб қолишига асосий сабаб бўлган деб ҳисоблайман. Мен маҳаллий журналистларни ўз бошини кундага қўйиб жаллод кутиб ўтирган маҳкумларга ўхшатаман. Бу жаллод маҳкумга ҳаёт ҳам туҳфа қилиши мумкин, ўлимга ҳам ҳукм қилиши мумкин. Лекин тан олиш керак,маҳаллий журналистлар ичида ҳам довюраклари бор.Фақат уларнинг имкониятлари чегараланган.Шунинг учун кўп ҳолларда уларнинг чиқишлари дунё юзини кўрмаган чақолоқ мисоли қоғозда қолиб кетади. Ёки бош муҳаррир столи устида чанг босиб ётаверади.

Цензуранинг расман бекор қилиниши ҳеч нарсага олиб келгани йўқ. Ўзбекистон қонунларининг аксарияти халқ манфаатини ҳимоя қилади, лекин амалда эса ҳокимият тепасида ўтирган халқнинг кушандалари бу қонунларни бир тийинга олмайди.

Қ.Б.: Совет пайтида ҳам қонун ости ҳужжатлари асосида матбуот цензура қилинган. Давлат сирларини ошкор этган шахсларга нисбатан чоралар кўрилган. Аммо бугунги Ўзбекистондаги каби цензурани мен кўрмаганман. Бугунги ўзбек матбуотидаги чеклашлар давлат сирлари билангина чекланиб қолаётгани йўқ.

Т.Қ.: Матбуотнинг тўлиғича давлат назоратида бўлиши Совет даврларига бориб тақалади ва ўзбек матбуоти қисман бўлса Горбачев даври демократиясида эркин бўлган. Мамлакатда 1930 йилда бошланган қатағон сиёсати эса матбуот эркинлигини ҳам, сиёсий ва ижтимоий эркинликлар билан қўшиб йўққа чиқарди. Бу ҳолат айни дамда янада кучайган ва шу мақсадда хорижий оммавий ахборот воситаларининг ҳам республика ичкарисида фаолият кўрсатиши имконсиз даражага келтирилди.

Ю.Р.: Ўзбек матбуоти тарихида энг ёмон цензурани Ислом Каримов режими ўрнатган. Бу қадар матбуот устидан назоратни тарих кўрмаган бўлса керак. Ўтган асрнинг 30 йилларигача энди энди шакланаётган ўзбек матбуоти Сталин қатағонидан сўнг тамоман йўқ қилинди, уни ўрнига совет сиёсатини тарғиб қилувчи пропаганда механизми яратилди. Горбачёвнинг қайта қуриш ва ошкоралик сиёсатидан сўнг Ўзбекистонда қайтадан ўз қаддини тиклаётган мустақил матбуот ғунчалари Каримов режими оёқлари остида топталди.
Ҳамонки ўзбек матбуоти ҳукуматга қулликдан қутилгани йўқ. Журналистлар эса ўзлари истамасаларда бадбашара бу ҳукуматнинг дастёри бўлиб қолишмоқда.
Совет матбуоти журналистлари ҳукумат чизиб берган чизиқдан чиқишга журъат этишолмасди. Бугунги мустақил Ўзбекистон матбуоти Каримовни буйруғига кўра ва Каримовга ёқадиган ахборотларни халққа узатмоқда.

Цензура бекор қилингани билан матбуот назоратдан қутиладиганга ўхшамайди. Олдин ҳукумат матбуотни назорат қилишни бир киши ихтиёрига қолдирган бўлса, бугун юзлаб кишилар бу вазифани бажонидил қабул қилишган. Эркин Комилов кетди, уни ўрнини Аҳмаджон Мелибоев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Сафар Остон, Исмат Худоёров, Абдусаид Кўчимов каби жуда кўп раҳбарлар эгаллашди. Шу боис бугунги кунда Ўзбекистон сўз ва матбуот эркинлиги бузилаётган энг ёмон давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Бу мамлакатда инсонларнинг барча ҳуқуқлари бузилишига тоқат қилиш мумкин, бироқ сўз эркинлиги бузилишини оқлаб бўлмайди. Чунки, сўз эркинлиги ҳуқуқи яшаш ҳуқуқи билан баробардир.

Мамлакат аҳолисининг ҳозирги ўзбек матбуотига муносабати ўрганилганми? Оддий одамлар кўпроқ қайси матбуотга ишонишади: маҳаллий матбуотгами ёки хорижий халқаро матбуотгами? Нега?

С.Б.: Одамлар ҳатто ўз сояларидан қўрқадиган мамлакатда ижтимоий сўровлар фақат ёлғон натижалар беради. Одамлар миш-мишларга кўпроқ ишонишади.

И.Х.: Ўзбекистон аҳолисининг матбуот ва сўз эркинлигига эҳтиёжи бугунга қадар мутлақо ўрганилмаган. Улар мен бош муҳаррир бўлган даврда ҳам, бугун ҳам матбуотга ишонишмайди. Чунки уларнинг кўнглида чўкиб ётган дарду аламлар бу матбуотда акс этмайди. Акс эттиришга интилган журналистлар "Сўз хақида бадиа"муаллифи каби қувғин қилинади.
Бугун Ўзбекистон аҳолиси ҳақ гапни ва тоталитар юртида бўлаётган бўйсунмаслик ҳаракатларини фақат ва фақат "Озодлик", "ББС", "Америка овози" радиоларидан ва қисман интернетдан эшитади ва олади! Чунки, ҳукумат халқ ҳур фикрли бўлиб, ўз ҳақ ҳуқуқини билишини ва талаб қилишини истамайди. Минг афсуски, халқимиз ҳам бунга у қадар шошилмаяпти. Бу баҳодан қонли Андижон ва шонли андижонликлар мустасно холос.

М.А.: Матбуот ҳақида одамларнинг фикрлари яхши ўрганилмаган, деб ҳисоблайман. Лекин ўзбек халқининг ғарб матбуотига бўлган қизиқишини инкор қилиш қийин. Чунки, ҳақиқат излаган одам уни ўзбек давлат матбуотидан эмас, ғарб матбуотидан топиши аниқ.

Қ.Б.: Ўзбекистон аҳолисида бугун ахборотга очлик бор. Лекин бу соҳа ижтимоий жиҳатдан ўрганилмаган. Аҳолининг аксарияти маҳаллий матбуотга умуман қизиқмайди, зарур маълумотларни радио, интернет ва халқаро йўлдош телевидениеси тарқатган ахборотлардан излашади. Чунки маҳаллий ОАВ тарқатган хабарлар профессионал сифатдан ва савиядан маҳрум.

Т.Қ.: Бу борада алоҳида сўровлар ўтказилган. Аммо, таассуфки, Ўзбекистонда ўтказиладиган ҳар қандай ижтимоий сўровлар ҳукумат фойдасини кўзлайди ва бу сингари сўровлар натижасига биров ишонади деб ўйламайман. Ишонч масаласига келсак, ўтган давр фаолиятларимиз шуни кўрсатдики, халқ ёппасига хорижий ахборот воситаларига ишонади

Ю.Р.: Мени назаримда маҳаллий аҳолининг матбуотга муносабати тингловчилар сони ва уларни кўпроқ қайси матбуотлардан хабардор бўлиб боришига кўра Тошкентдаги "Ижтимоий фикр" маркази томонидан ўрганилган эди. Бироқ бу ташкилот ўтказган сўровномалар юз фоиз ҳукумат талабига кўра амалга оширилади ва натижалар ҳам ҳукуматбоп бўлади. Аслини олганда ўзбек халқи Каримов режими билан бирга уни матбуотини ҳам инкор қилганига кўп йиллар бўлди. Ҳозирги ўзбек матбуоти халқ олдидаги нуфузини кўтариши учун режим исканжасидан қутилиши керак. Шу боис жамиятдаги эркин фикрли кишилар, асосан ёшлар хориж матбуотидан ва интернетдан ўзларига керакли ахборотларни излаб топмоқдалар.

Андижон воқеаларидан сўнг ҳукумат матбуот устидан назоратни янада кучайтирди. Айни шу воқеани ўзи халқни чет эл матбуоти ва ОАВ билан янада яқинлаштирди. Бугунги кунда маҳаллий матбуотда хорижий матбуот ва ННТни танқид қилаётган ҳукумат билиб билмай халққа улар ҳақида маълумот бермоқда ва тобора ўзини фош этиб бормоқда.

Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўлида ҳукумат босимларидан ташқари яна қандай тўсиқлар бор?

С.Б.: Ўзбекистонда журналистларда давлатдан қўрқишдан кўпроқ унинг ваҳимаси кенгроқ тарқатилган афсоналардир.Ўзбекистонда бор йўғи ўн-ўн бешта журналист қамоққа олинган. Бу кўрқитиш оқибатида бутун журналистлар режимга хизмат қилмоқда. Юзлаган-минглаган мухолифатчи ва инсон ҳуқуқчилари қамоқда, аммо бу иш тўхтагани йўқ.

И.Х.: Ўзбекистонда сўз эркинлиги сўлишига фақат бир нарса - "даврни белгилаб берган" менинг суюкли устозим олиб бораётган қалтис сиёсат сабабчидир!

М.А.: Бекорга жаннатни кўрмоқчи бўлсанг, Ўзбекистон телевидениесига боқ, дўзахни кўрмоқчи бўлсанг ўзбекларнинг ҳаётига назар ташла, деб айтишмаган. Ўзбекистонда халқнинг асосий қисми қашшоқликда ҳаёт кечираётгани ҳеч кимга сир эмас. Социал тенгсизлик, мафия ва коорупциянинг кучайиши, давлат раҳбарларнинг ўз курсисига ёпишиб олиши ва мансабини сақлаш учун қабиҳ жиноятлардан ҳам тоймаслиги, 4 чи ҳокимият деб ҳисобланган матбуот тепадаги бошқа ҳокимиятлар соясида йўқ бўлиб кетиши сўз эркинлиги ҳақида гапиришга асос қолдирмайди.

Қ.Б.: Аҳолининг қашшоқлиги уларнинг ўз эркинликларидан фойдаланишларига қарши жиддий бир тўсиқ. Қорин ташвишида иш қидириб кўчага чиққан ўзбекнинг бирор эркин фикр айтишга баъзан мадори йўқ.

Т.Қ.: Ҳукумат вакиллари одатда Ўзбекистонда цензура йуқлигини даъво қилишади ва асосий муаммо бўлиб эса, уларнинг нуқтаи назарида, Совет даврида мавжуд бўлган цензура, ижтимоий қўрқув журналистларнинг эркин фаолият кўрсатишларига халал бермоқда. Аммо мана шу мустақилик даврида ўзбек журналистларининг янги авлоди етишиб чиққанлиги ва улар совет даври матбуотидан бехабар ҳолда эканлиги ҳукумат ёлғонлари асоссиз эканлигини исботлаб турибти.

Ю.Р.: Ўзбек халқи шу пайтгача демократия шароитида яшамаган, шу боис сўз эркинлигидан ҳам маҳрум бўлиб келмоқда. Чунки, демократия сўз эркинлиги билан чамбарчас боғлиқдир. Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўлида тўсиқлар жуда кўп. Масалан, халқимиз руҳиятидаги қўрқув, жамиятни сиёсийлашмагани, матбуотни эркин эмаслиги каби омиллар. Мени назаримда Сўз эркинлиги йўлида улардан ҳам ёмон катта тўсиқ, бу Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни ўтказилмаётгани, бутун мамлакатдаги маънавий ҳаётни фақат бир одамнинг фикрига мослаштирилганидир.

Сизнинг назарингизда бугунги кунда журналистлар олдидаги энг катта муаммолар нималардан иборат?

С.Б.: Ўзбекистон марказий матбуотидаги қаҳрамон икки юзта журналист бир ҳафта ишга чиқмасалар етарди.

И.Х.: Бугун ҳаммамизнинг олдимизда битта муаммо бор -узоқ ухлаб қолган халқни уйғотиш муаммоси...

М.А.: Менинг назаримда халқнинг энг катта муаммоси ўзлигини таниб улгурмаганлигида. Ватанпарвар фарзандларини ҳимоя қила олмаганида. Лекин бир кун келиб сабр-коса ҳам тўлади. Ўзбек ўзига беклигини исбот қилади ҳали. Мана шу нарсадан қурққани учун ҳам ўзбек ҳукумати барча зиёлиларни, ҳақиқат курашчиларини қатағон қилишга уринмоқда. Чунки, ҳозирги ҳукуматга ўз ҳуқуқини талаб қила оладиган халқ эмас, қўй каби борига қаноат қилиб, қассоб кундасига бош қўядиган оми одамлар керак. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлади.

Қ.Б.: Мамлакатнинг асосий қусури шундан иборатки, бугунги кунда демократия тамойиллари асосида ишлайдиган ҳокимият устунларининг бари яксон этилган. Бундай устунлар асосан учта:
1. Адлия ва адолатли суд тизими.
2. Коррупциядан ҳоли ижро ҳокимияти.
3. Бошқа хокимият устунларини назорат этувчи эркин матбуот.

Т.Қ.: Уларда (журналистларда) қўрқув юксак эканлиги ва ҳақ сўзни ёзишга журъат топа олмаётанлиги деб ўйлайман. Майли, мақоласи бирор нашрда, ёки ахборот воситасида эълон қилинмасин. Аммо тарих учун бўлсада ҳақ сўзни ёзиб қўйган бирор журналистни учрата олмадим. Балки ундайлар менга дуч келишмагандир. Режимдан ҳам кўра улардаги қўрқув асосий муаммо.

Ю.Р.: Бугунги ўзбек журналистлари олдидаги ва дунё қаршисидаги энг катта муаммо Каримов режимидан қутилиш муаммосидир. 90 йиллар бошида халқимизнинг сўз эркинлигига қанчалик ташналиги мухолифатдаги газеталар саҳифаларида кўринган эди. Режим ўзгариб, матбуотга эркинлик берилса халқимиз кўп эмас, бир йил ичида демократия ва сўз эркинлигини яхшигина ўрганиб олади. Сўз эркинлиги бўлган мамлакатда жамиятдаги муаммолар тезда барҳам топишига ишончим комил.

Ўзбекистон матбуоти қачон тўла эркин бўлади деб ўйлайсиз?

С.Б.: Ўзбекистонда қўлга ўргатилган бедана ҳолатидаги журналистларга эркинлик берилса ҳам олишмас деб ўйлайман. Олишса ҳам демократиянинг қўлидаги ўйинчоққа айланмасалар эди деб қўрқаман. Кейинги авлод журналистлари балким мустақил бўла оларлар.

И.Х.: Қачон бугунги тузум емрилиб, янги ҳур фикрли мухолиф кучлар ҳокимиятга келсагина эркин матбуот бўлиши мумкин бизда, ниҳоят!

М.А.: Ўзбекистон матбуоти тўла эркин бўлишига ишончим камроқ. Ўзбекистонда 10 мингдан зиёд журналист фаолият юритса, улардан 10 фоизигина ўз фикрини очик ёза олади. Қолганлари эса ўз раҳбарларига "ҳамду сано" айтиш билан банд. Лекин Ўзбекистон том маънода мустақил бўлганда, том маънодаги сўз эркинлиги вужудга келиши мумкин.Бунга эса ҳозирдан замин яратиш зарур. Лекин бу журналистлар учун ҳозирги вазиятда жуда қимматга тушади. Эркин сўз айтиш журналистни қамоққа ёки бадарғаликка маҳкум этади. Буни мен ўз тақдиримда синаб кўрганман. Лекин нима бўлганда ҳам виждон софлиги кишига таскин беради. Чунки, халқ ишончи ва халқ олдидаги бурчни адо этиш Ўзбекистонлик журналист учун шарафдир.

Қ.Б.: Юқоридаги мен айтган учта устун тикланса албатта матбуот ўз ўзидан тикланади.

Т.Қ.: Режим кетганидан кейин ўзбек матбуоти эркин бўлди. Бунинг учун мамлакатда сиёсий ислоҳатлар ўтказилиши керак ва журналистларни эркин ишлашларига йўл берилиши лозим. Улар ўзларини халқаро майдонда ҳам кўрсатишга қодирлар, деб биламан ва бунга ишонаман. Режим халқ устида қиличини ялонғочлаб турган экан, матбуот эркинлиги орзулигича қолаверади.

Ю.Р.: Ўзбекистон матбуотини яқин йилларда режим исканжасидан озод бўлади деб ишонаман. Озодлик кунлари яқинлашмоқда. Фақат ўзбек журналистлари ва жамиятнинг илғор қатлами озодликни кутиб олиш учун уни қаршисига чиқиши керак.

"Исёнкор" сайтидан олинди

Категория: Баҳс | Просмотров: 1556 | Добавил: Давронбек | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
 
 
Разделы новостей
Долзарб мақолалар [10]
Шеърлар [3]
Норозилик чодиридан ҳикоялар [1]
Хабарлар [138]
Иқтисод [4]
Янги нашрлар [3]
Баҳс [6]
Инсон ҳуқуқлари [20]
Таҳлил [18]
Эркин фикр [41]
Интервью [12]
Мурожаатлар [13]
Жамият [26]
Сиёсат [18]

Форма входа

Календарь новостей
«  Май 2006  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031

Наш опрос

 

Сайтни қандай баҳолайсиз?

 
Жаъми жавоблар: 73
 
                                                 

 


Поиск

Друзья сайта
Бизнинг тамға:
 
 
Ҳамкорларимиз:
 

Статистика

Жаъми сайтдагилар: 1
Меҳмонлар: 1
Муҳлислар: 0
 

Copyright MyCorp © 2024
Используются технологии uCoz