ГлавнаяРегистрацияВход Сб, 2024.04.27, 09:44
  Приветствую Вас меҳмон | RSS

 
 Главная » 2006 » Май » 7 » Мен ҳақиқат отига минганман!
Мен ҳақиқат отига минганман!
21:41
Ғулом Мирзаевнинг "Ёмонга – кун ҳам қоронғу, тун ҳам қоронғу" мақоласига жавоб

Ассалому алайкум ҳурматли Ғулом ака!

Сиз мени "Немис тўлқини" радиосига берган интервюмда билдирган фикрларимни инкор қилар экансиз, ўзбек журналистларига хос бўлган "холислик", "батарафлик" сифатларини намоён қилибсиз. Ҳақиқатдан, бу мақолангиз (http://www.press-uz.info/?id_=3255) ғоятда мантиқли ва ишонарли чиққан. Бироқ, Ўзбекистон ичидан қараганда, шундай бўлиши мумкин. Ташқаридан қараганда эса бағоят кулгулидир.

Мен сизни шоир сифатида ҳурмат қиламан. Талабалик пайтларимда, шеърларингизни ўқиб ёд олганман. Кейинчалик, Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлигида ва Президент Маҳкамасида ишлаганингизни ва охирги йилларда, "Моҳият" газетасига ишга қўйилганлигингизни эшитгандим.

Сиз ва сиз билан маслакдош, кўп журналист ва ижодкорлар кейинчалик "тепага" кўтарилиб кетганларингизни, биз маҳаллий ўзбек журналистлари (Мен ўша даврда маҳаллий газеталарда ва ўзбек радиосида ишлаганман) ҳавас билан қаршилаганмиз. Раҳмон Қўчқор, Фахриддин Низомов, Салим Ашуров, Сиржиддин Рауфов каби, ўндан ошиқ маслакдошларингизни ва мансаб теккан бошқа, катта ёшдаги ёзувчи ва шоирларни президент маҳкамасига ишга ўтганларидан сўнг, уларни шу халқ учун қандайдир эзгу ишларга, қўл уришар деб кутган эдик.

Бироқ, бундай бўлиб чиқмади. Сиз ҳам, бошқалар ҳам, бир одам чизиб берган чизиқдан чиқиб, мустақил бирор иш қила олмадингиз. Қайтанга диктаторни тегирмонига сув қуйдингиз. Бу одам сизлардан фойдаланиб, сизларни интеллектуал кучингиз билан, ўз мавқеини тобора мустаҳкамлаб олди.

Вақти келади, сиз ҳам бошқалар ҳам, бугун қилаётган ишларингиз учун жавоб берасизлар. Сарҳисоб кунлари яқин!

Мен ўзбек матбуоти дея аталган тарғибот машинасидан тушиб қолишга мажбур бўлдим. 1998 йилдан Би Би Си, 2001 йилдан "Америка овози" радиоларида ишладим. Андижон воқеалари пайтида, Уруш ва Тинчликни ёритиш халқаро институтида (Британия) мухбир эдим.

Халқаро радиоларда ишлаш давомида, мен Ўзбекистондаги ижтимоий сиёсий ҳаёт билан жуда яқиндан танишдим. Мени ва бошқа хорижий мухбирларни ташвишга солган нарса ўзбек матбуотини мустақил бўла олмаётган, Парламент, Суд ва Ижро ҳокимиятини фақат бир одам қўлида мустаҳкамланиб бораётгани эди.

Ислом Каримов Ўзбекистонда авторитар режим ўрнатаётган эди. Халқ фикри ва муаммолари билан ҳеч ким қизиқмас, матбуот ва ОАВ ҳукумат чизиб берган чизиқдан чиқиб кета олмас эди.

Мен маҳаллий ўзбек радиосида ишлаган пайтимда мухбирлар учун ойлик, уч ойлик ва йиллик кўрсатмалар келар, нимани ёритиш ва нимани ёритмаслик белгилаб берилар эди. Бугунги кунда ҳам, ҳукумат сиз каби садоқатли бош муҳаррирлар қўли билан матбуотни назорат қилишни давом эттирмоқда. Буни ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак, бироқ мансабингиз ҳамда шахсий ҳаётингиз хавфсизлигини ўйлаб буларни инкор қиласиз.

Мана мен интернет саҳифамизда, сизни мақолангизни эълон қилиб, жамоатчиликни фикрларингизга муносабат билдиришларига имкон бермоқдамиз. Сиз эса, бу мақола тугул ҳатто бир оғиз "ЎЗБЕКИСТОНДА МАТБУОТ ЭРКИН ЭМАС" деган жумламни ҳам ўз газетангизда эълон қила олмайсиз. Чунки, ўз мансабингиздан қўрқасиз, сиздан юқорида турувчи Хайриддин Султонов каби назоратчилардан чўчийсиз. Шу боис, қандай бўлмасин бир ёқлама фикрларингиз билан мени қоралашга бошлайсиз.

Сизга, бир ҳақ гапни айтиб қўйишни ўзимни бурчим деб биламан. Тўғрисини айтсам, халқ, бутун жамоатчилик сиз садоқат билан хизмат қилаётган ҳукумат ва сиз ишлаётган матбуотни рад этганига кўп йиллар бўлди. Ҳар йили, маҳаллий ҳокимиятларни ва корхона ҳамда ташкилотларни зўрлик билан обуна қилдираётган газеталарингизни халқ ўқимайди, чунки уларга ҳеч ким ишонмайди. Бу газеталарни жамият ичида нуфузи йўқ. Улар ўлик газеталардир!

Ўзбек матбуотини жамиятдаги нуфузини тиклаш учун мамлакатда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш керак. Сиз хизмат қилаётган бу ҳукумат эса ислоҳотлар қилишга қодир эмас.

Сиз ўз мақолангизда " Зеро, яхши одам элим деб, юртим деб яшайди. Эр киши юртнинг корига ярайди. Эл бошига иш тушганда, дардига дармон бўлади. Ватан бахтини – бахтим, халқ ташвишини – ташвишим деб билади.Ю.Расулов эса ана шу оддий хақиқатлар синовидан ўта олмаган, айниқса, Андижонда содир этилган террорчилик актлари билан боғлиқ воқеаларни ёритишда нохолис ёндашган, эл-юртидан, ўзлигидан айрилиб ўзгалар домига тушган, хатосини англаш ва тузатиш учун, афсуски, иродаси етмаётган юртдошларимиздан бири" деб ёзибсиз.

Айтинчи, Ғулом ака, шу эл бошига иш тушиб турган ҳозирги кунда, уни дарду армонларини, турмушидаги муаммоларини, бузилаётган ҳуқуқларини газетангизда кўтариб чиқа оласизми? Нега йиллаб меҳнат қилиб, ўз ҳаққини ололмаётган деҳқонлар ҳақида, маҳаллий ҳокимликларни пора эвазига 50 йилга ижарага бериш баҳонасида ерларни сотаётгани натижасида минглаб кишилар ишсиз қолишаётгани ҳақида, ҳеч қандай айби йўқ истеъдодли йигитларни чўнтагига варақа тиқиб, узоқ йилга қамаб юбораётган жиноятчи тўдалар ҳақида ёза олмайсиз? Шуми сизни ва сиз каби сохта ватанпарварларни ватан бахтини ва халқ ташвишини ўзингизники деб билишингиз!?

Сиз ва сизга ўхшаган қўрқоқ, диктатура малайлари, Андижонда нималар бўлганлигини биласизларми?

Мен "Немис тўлқини" радиосига берган суҳбатимда, Андижон воқеаларини ўз кўзлари билан кўрган, журналистларни мақолаларини асосий манба қилиб олганман. Галима Бухарбаева ҳам, бошқа мухбирлар ҳам, сиз ҳадеб чайнаётган "Террорчилар"ни эмас, балки, турмуш қийинчилигидан чарачаган одамларни, адолатсиз судлов қурбонларини, ўзбек халқини намойишга чиққанини кўришган. Майдонга чиққан, 5000га яқин халқни ёппасига "террорчи "деб айтишга сизларга ким ҳуққуқ берган?. Нега адолатсизликларга қарши бош кўтарган бутун халқ террорчи бўлар экан?

Мени хатом ва англашни истамаган камчилигим ҳақ гапни айтганимми?

Мен радиога берган интервюмда, 23 тадбиркордан Андижон вилоят ҳокимиятидагилар шаҳардаги қурилишларга маблағ ўтказиб беришни сўрашганини, улар рад жавобини беришгач, уларга қарши сохта айбловлар билан жиноий иш очилганини айтганман. Уларни ишсиз қолган ишчилари, қариндош уруғлари, бундан ғоятда ғазабланишган эди.

Биз бу борада, ўзбек матбуоти сукут сақлаётган пайтда, 2004 йилнинг ўзида ва судга қадар ҳам хабарлар берганмиз. Суд пайтида ҳам, тадбиркорларга нисбатан адолатсизлик бўлаётгани, Андижонликларни ташвишга солганди. Улардан 350 нафари, ҳозирда сиз сиғинадиган ҳукумат қўрққани учун, ҳибсда сақлаётган жасур аёл Мўътабар Тожибоева бошчилигида, Президент Ислом Каримов ва ҳуқуқ тартибот идоралари раҳбарларига шошилинчнома йўллашган. Бироқ, уларни бу эътирозларига ҳам, ҳеч ким қулоқ солмаган.

Улар сиз хизмат қилаётган, ҳукумат билан муроса қилиб бўлмаслигини англаб, қўлларига қурол олишга мажбур бўлишган. Уларни террорчи эмас, балки ўз эрки ва адолат учун курашувчи қаҳрамонлар деб айтиш, балки ўринли бўлар. Қўлига қурол олган ва прокурор ҳамда адолатсиз суд ходимларидан, ўз қасдини олган бир гуруҳ исёнчиларга қўшиб, бутун намойишчиларни отиб ташлаган ҳукумат, бугун қанчалик ўз қотиллигини хаспўшламасин, эртага албатта, халқ ҳақиқатни билади. Чунки, одамларни бир ой , нари борса бир йил ёки икки йил алдаб , улардан ҳақиқатни беркитиб юриш мумкин, бироқ бир умр қотилликни яширишни имкони йўқ.

Халқаро жамоатчилик бу воқеага, ўз баҳосини бериб бўлди. Фақат, Ўзбекистон ичидаги мазлум халққа ҳақиқатни англатиш, ҳукумат тепасида кимлар ўтирганини билдириш керак. Бу бизнинг асосий вазифамиздир!

Сиз айтаётган, Ўзбекистон Олий судидаги кўрсатмаларга, ҳеч ким ишонмайди. Ўзбекистонда дастлабки суриштирув ва тергов пайтида олинадиган кўрсатмалар қийноқлар эвазига амалга оширилишини, бутун дунё билади. Ўзбек халқи ҳам милиция, прокуратура ва судлардаги адолатсизликларга ўз баҳосини бериб бўлган.

Сиз "Ҳар ҳолда, Г.Бухарбаева ва Ю.Расулов ҳам, Андижон воқеалари хақида, аниқ маълумот тарқатишга даъво қилувчи бошқа шоввозлар ҳам қандайдир шубҳали кассеталарга эмас, балки айнан шу видеотасвирлардаги маълумотларга таянгани маъқул", деб ёзар экансиз, бу видеотасвирлардаги маълумотларни ўзи шубҳали бўлиши мумкинлигига, шубҳа қилиб ўтирмайсиз.

Нега? Бутун дунё рад этаётган, қийноқлар системали қўлланадиган, ўзбек тергови ва суд идоралари хулосалари ҳақиқий экану, халқаро ОАВ мухбирлари факт ҳамда рақамлари нохолис ва ишонарсиз экан? Ўзи сизларда тутуриқ, оз бўлса ҳам инсоф борми?, дея сўрагим келади.

Сиз ўз мақолангизда "Бундай кирдикорга бош қўшганлар орасида жамиятимиз ва ҳатто жаҳон жамоатчилиги, кўз ўнгида ўз обрў-эътиборини бир зумда сариқ чақага айлантириб қўйган, Би-Би-Си, "Озодлик", "Америка овози" радиостансиялари, Уруш ва тинчлик бўйича Британия институти каби хорижий "жарчи"лар ҳам бор эди" дея иддао қиласиз?

Бу халқаро ахборот институтларини, жамият ва халқаро жамоатчилик кўзи ўнгида, ўз нуфузини тушириб қўйганини, қаердан ҳисобини олганингизга ҳайронман. Агар бу борада, қайсидир мустақил ижтимоий сўров маркази сўровнома ўтказган бўлса айтинг, биз ҳам хабардор бўлайлик. Ёки бу сизни "холис" кузатувингиз натижасими? Балки ортингизда турган бир тўда шундай қарашдадир? Буниси менга қоронғу.

Сиз айтаётганингиздек, мен "Бугун "ўзбек журналисти"ман деб миллат номини лойга қораётган"им ўзимни "вояга етказган халқнинг юзини шувит қилаётган"им ,"тап тортмай Ватанига тош отаётган"им йўқ, балки ҳақиқатни халққа айтиш учун бел боғлаганман.

Сиз яна мени "эртага шу Ватанда яшаб, шу халқ ҳисобидан пенсия олиб, шу миллат кишилари орасида, эл қатори қарилик гаштини суришга қандай юзи чидайди экан?.." дея ёзасиз. Нима ҳали бу тузум шундай, бир аср давом этишини орзу қилаяпсизларми?

Ўзингиз ўтирган креслолар қимирлаб қолганини, эртага жамиятда тозаланиш бўлиши ва тоза ҳаволар эса бошлашини тасаввур қила олмайсизми?

"Юсуф Расулов исм-фамилияси бир эмас, иккита пайғамбар номи билан боғлиқ", дея ўзингизни бағоят зукколигингизни намойиш этибсиз. Бу таърифу таснифлар учун сизга чин кўнгилдан ташаккур изҳор этаман. Бироқ, "шундай "номдор" ватандошимиз эса, аксинча, ёмон хабарларга "ихтисослашгани", фақат қора рангларни кўриши ғалати" деган фикрларингизга қўшилмайман. Чунки, мустақил бўлмаган матбуот вакили сифатида, сиз ва сизга ўхшаганлар диктатурани сақлаб қолиш учун, ҳар қандай разилликлардан ва бўҳтон гаплардан ҳазар қилмайсизлар. Бу каби, туҳмат ва ҳақораталар учун, сизларни ҳеч ким маҳкамага чақирмаслигини ҳамда, одил судлов йўқлигини яхши биласизлар. Мен эса, ўзим ишлаган халқаро радиоларда ўрганган холислик, бетарафлик, каби журналистиканинг халқаро стандартлари бўйича ишлашга ўрганганман. Бировни фикрини инкор қилиш учун, асосли манбаъларга таянаман ва ҳеч қачон ҳукумат амалдорлари кўрсатган йўлдан юрмайман.

Бугун сиз айтганингиздек, Андижон Алоқа касб-ҳунар коллежи талабаларига Германия касб-ҳунар таълими стандартларига асосан ўқитиш жорий этилгандир, Андижонда - Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида "Улуғимсан, Ватаним!" мавзуида республика китоб байрами, "Баркамол авлод" стадионида Андижон ёшларининг фестивали бўлиб ўтаётгандир. Бироқ, бу тадбирлар Андижон воқеаларига бир йил тўлиши олдидан ҳукуматни халққа кўрсатаётган муруввати эмас, балки қўрқоқлигидан нишонадир.

Нега бу каби, катта маблағ талаб қилинадиган тадбирлар Хоразмда ёки Қорақалпоғистонда эмас, айнан, Андижонда ўтказилмоқда?! Ҳукумат ўз қора ишларини, шу тариқа беркитмоқчими?

Бироқ, ойни этак билан ёпиб бўлмаслигини, наҳотки сиз зукко маслаҳатчилар тушунмасангиз?

Ниҳоят сиз, ўз мақолангиз сўнггида "Кимнинг аравасидасиз ва кимнинг қўшиғини айтяпсиз, Юсуфжон?.. " дея кесатиқ қилибсиз?

Сизга очиқ бир гапни айтсам, мен ҳеч кимнинг аравасида эмасман. Мен ўзини мухолифат деб юрган айрим чаласовод ва калтабин одамлар тўдасига қўшилмайман. Мен ҳақиқат отига минганман. Мени тулпорим фақат эзгу манзилларга элтади, деб ишонаман.

Сиз ва сиз кабилар, эса қайси аравада кетаётганини ҳамма билади. Бу диктаторнинг шалоғи чиқиб бўлган, эски аравасидир. Демак, сиз ва сизга ўхшаганлар разолат ва қабоҳат отлиқ эски аравадасиз ва айтаётган қўшиғингиз ҳам, шу аравага мос!

Имиллаб кетаётган, борар манзили ноаён бу арава яқинда синиб кетиши мумкин.

Эҳтиёт бўлинг! Арава тагида қолиб кетишингиз эҳтимоли бор!

Сизга ҳурмат билан Юсуф Расул,
мустақил журналист,Швеция.

Категория: Баҳс | Просмотров: 1765 | Добавил: Давронбек | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
 
 
Разделы новостей
Долзарб мақолалар [10]
Шеърлар [3]
Норозилик чодиридан ҳикоялар [1]
Хабарлар [138]
Иқтисод [4]
Янги нашрлар [3]
Баҳс [6]
Инсон ҳуқуқлари [20]
Таҳлил [18]
Эркин фикр [41]
Интервью [12]
Мурожаатлар [13]
Жамият [26]
Сиёсат [18]

Форма входа

Календарь новостей
«  Май 2006  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031

Наш опрос

 

Президент сайловида кимга овоз бермоқчисиз?

 
Жаъми жавоблар: 268
 
                                                 

 


Поиск

Друзья сайта
Бизнинг тамға:
 
 
Ҳамкорларимиз:
 

Статистика

Жаъми сайтдагилар: 1
Меҳмонлар: 1
Муҳлислар: 0
 

Copyright MyCorp © 2024
Используются технологии uCoz