ГлавнаяРегистрацияВход Сб, 2024.04.27, 14:46
  Приветствую Вас меҳмон | RSS

 
 Главная » 2006 » Май » 10 » Андижон воқеалари ўзбек қочқинлари ижодида
Андижон воқеалари ўзбек қочқинлари ижодида
20:10
Андижон воқеалари ўзбек қочқинлари ижодида
Юсуф Расул,
мустақил журналист.
Андижоннинг қоқ марказида
Отилдилар она –болалар.
Осмон узра ёйилди у кун
«Озодлик» деб оҳу нолалар.

Андижонлик номаълум шоир шеърида шундай мисралар бор: "Андижон марказида оналар ва ҳатто болалар отиб ташланди. Ўша куни "Озодлик!" деган қайғули ҳайқироқлар осмонни тутганди.

2005 йилнинг 13 май куни содир бўлган Андижон воқеаларидан сўнг, мамлакатни тарк этган кўплаб қочқинлар, ўз шеърларини яратдилар. Бу шеърларнинг айримлари айни пайтда Қирғизистон Республикаси пойтахти Бишкек шаҳридаги "Аделат" (Адолат) ҳуқуқий килиникасида сақланмоқда. Ушбу клиника ходимлари алоҳида деворий газета ташкил қилишган. Бу газетада Андижонлик қочқинларнинг ижодий ишлари билан бирга ,уларнинг каштачилик намуналари ва миннатдорчилик хатлари ҳам ўрин олган.

-Бу шеърлар Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилоятидаги қочқинлар лагерида яратилган, -дейди клиниканинг бош ҳуқуқшуноси Ҳуринисо Бейшиналиева.-Биз лагерда бўлганимизда улар ўз ижодий ишларини чин кўнгилдан тақдим этишди. Бироқ, айнан ким бу шеърларни ёзганини, муаллифи кимлигини биз билмаймиз.

Ўзбекистонлик қочқинлар Жалолободдаги лагерда икки ярим ой яшашган ва жами 439 қочқин БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги ёрдамида Руминияга кўчирилган эди. Бу воқеадан сўнг, юздан ошиқ қочқинлар Германия, Франция, Норвегия, Чехия, Швеция каби Европа давлатларига кўчирилдилар. Қолган қочқинлар ўзларини учинчи мамлакатга кўчирилишларини кутишмоқда.

"Тонг яқин" деб номланган шеър муаллифи айни пайтда Руминиянинг Тимиошара шаҳридаги лагерда яшайди. Оиласининг хавфсизлиги нуқтаи назаридан унинг исми шарифи ошкор қилинмайди. Чунки, унинг оиласи ҳозиргача Андижонда яшайди, ҳукумат уларни мазкур шеър туфайли таъқиб қилиши мумкин.

-Бу шеър тарихи Андижон воқеалари билан боғлиқ. Биз, шахсан мен ўзим ҳукумат кучлари халққа қарата қандай ўқ отганларини кўрдим, -дея ҳикоя қилади у.

"Тонг яқин" шеъри мазмуни қуйидагича: «Ойлар ва йиллар ўтади, бироқ ўша воқеаларни ҳеч ким унутмайди. Албатта эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашда адолат ғолиб чиқади. Халқим! Вақти келди кўзингни оч, золимларга эркингни бериб қўймагин. Ичингдаги қўрқувларингни ўлдир! Ўз эркингга ўзинг эга бўл! Чунки, олдинда қуёшли тонг яқин!"

Бу шеър муаллифи оддий тадбиркорлардан биридир. У болалик чоғларидан кичик шеърлар ёзишни машқ қилган. Уни ёзган шеърлари Андижон туманидаги маҳаллий газетада чоп этилган вақтлар бўлган.

-Айни пайтда мен бошқа қочқинлар билан бирга Руминияда яшаяпман. Афтидан ҳаммаси жойидадек. Мана, бир йилдирки мен ўз Ватанимдан олисдаман. Ўзбекча қўшиқларни, жумладан таниқли ҳофиз Шерали Жўраев хонишларини тинглаймиз. Бироқ ҳанузгачча қандай воқеалар бўлиб ўтганини тушуна олмайман. Нега ўзбек аскарлари тинч намойишчиларни ўққа тутишди? Нега улар ёш гўдакларни ва аёлларни ўлдирдилар? Буларнинг ҳаммаси бугун худди даҳшатли тушга ўхшайди, ҳатто эслашни ҳам истамайди одам,- дейди қочқин шоир.

Бошқа яна бир шеър муаллифи учинчи мамлакатга кўчирилган бўлса эҳтимол. "Адилат" ҳуқуқий клиникаси ходимининг айтишича, шеър муаллифларидан бири ёшгина эътиқодли аёл бўлган.

-Қочқинлар Жалолободдаги лагерда жуда ҳам қийин аҳволда яшашган. Шунга қарамай улар ижод қилишди. Бу ижодий ишлар фақат ўзбек тилида эди. Улар худди мунгли қўшиқдек қайғули ва аламли, дейди бошқа бир қочқин, Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ҳайитбой Қўзиев.

«Оқ милтиқ, қора милтиқ отган Карим,
Ўз халқини хор қилиб сотган Карим.
Ўз халқини отган халққа ўқлар отиб қилди жавоб,
Ўлганларнинг жасадидан қилди кабоб».

Шеър муаллифи Карим сиймосида президент Ислом Каримовга мурожаат қилади.

"Аделат" клиникасига тақдим этилган шеърлар мавзуси турли хил. Клиника ходимлари фикрича, кўп қочқинлар дабдурустдан ўз Ватанларини тарк этишга мажбур бўлишган. Улар ҳатто яқин кишилари билан хайрлашишга ҳам улгуришмаган. Ватанда уларни севган ёрлари, оналари ва фарзандлари қолиб кетишди. Шу сабаблими кўп шеърлар айрилиқ ва муҳаббат ҳақидадир.

«Севгилисин кутаётган эй, вафодор ёр,
Биламан қалбларинг менга интизор.
Вақтинча ёнингда мен бўлмасамда,
Ўксинма ёнингда Парвардигор бор».

Номаълум шоир бу кунлар вақтинча, ўткинчи эканлигига ишонади: қачондир у ўз Ватанига қайтади ва севган кишиси билан қайтадан кўришади.

Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси, шоир Холдор Вулқон фикрича, бу шеърлар замонавий шеърият техникаси ва санъатидан узоқ бўлиши мумкин. Бу мисраларда режимга қарши ғазаб ва нафрат мавжуд. Лекин энг муҳими бу шеърлар буюртмага кўра эмас, ички эҳтиёж туфайли яратилган. Кўплаб шеърлар Андижон воқеаларини эсга олишга ёрдам беради. Булар қатлиом ҳақида ёки Қорақалпоғистондаги Жаслиқ қамоқхонаси ҳақидаги асосий далиллардир.

-Бундай шеърлар таҳликали онлар ёки қатлиомдан сўнг пайдо бўлади. Туркистон Россия томонидан босиб олингандан сунг ўзбек халқи шунга ўхшаган қўшиқлар тўқиган. Масалан халқ орасида машҳур бўлган бу қўшиқда рус подшоҳи Николайнинг тўплари ҳақида сўз боради.

«Қизил кўприк битдими?
Қизил поезд ўтдими?
Қизил поезд ичида
Николай подшо ўтдими?»

Ушбу мисралар ёки Андижонлик қочқинлар шеърларини яратилишининг фақат бир сабаби бор. Бу халқ ғазаби ва дарду андуҳидир.

20 йиллар бошидан рус подшоси Николай кўп Андижонликларни оттириб йўқ қилган эди. 21 аср бошига келиб, Ислом Каримов буйруғига кўра юзлаб Андижонликлар йўқ қилинди. Биринчи ҳолатда рус аскарлари ўзбек халқига қарши ўқ отган бўлса, иккинчи ҳолатда ўзбеклар ўз миллатдошларини ўлдирдилар. Буни ҳеч ким унутмайди. Андижонлик қочқинлар шеърлари эса ўша воқеалар тўғрисида гувоҳлик бераётгандек. Ислом Каримов режими 2005 йилнинг 13 май ойида содир бўлган қатлиомни яширишга урунмоқда. Бироқ вақти келади, халқ албатта аслида нима бўлганлигини билади. Сабаби бу мисралар ўша воқеалар сурати ҳисобланади. Бу шеърлар қон билан ёзилган, ҳеч ким бу суратни ўчириб йўқ қила олмайди, дейди шоир Холдор Вулқон..

Расмий маълумотларга кўра Андижон воқеаси кунларида 187 киши ўлдирилган. Бироқ воқеа гувоҳлари ва норасмий кишилар ўша кунларда 500дан 1500 нафаргача тинч намойишчилар қурбон бўлганлигини айтишади. Шунга қарамай ҳозиргача ўлганлар сони аниқ эмас.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ҳайитбой Қўзиевнинг айтишича, Андижонлик қочқинларнинг ижодий ишларида оналар ва болалар, тинч намойишчилар отиб ўлдирилганлиги очиқ айтилган. Расмий Тошкент эса ўша куни оддий одамлар эмас, балки ислом террорчилари йўқ қилинганини такрорлаб келади. Бу қанақаси? Ҳамага маълумки, бу шеърлар муаллифлари ўша воқеаларни бевосита гувоҳларидир. Улар Ислом Каримовнинг ёлғонлари ва алдовларига норозилик билдиришган.

Суҳбатдошларимизнинг айтишича, нафақат Андижонлик қочқинлар, балки бошқа шоирлар ҳам қонли 13 май воқеалари ҳақида ёзишган. Бироқ кўп шоирлар ўз шеърини чоп эттиришга чўчиб туришибди.

Андижондаги воқеаларининг 14 нафар иштирокчиси устидан 2005 йилнинг октябр ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий Судининг бир кунги жараёнида шов шувли воқеа содир бўлганди. Андижонлик гувоҳлардан бири Маҳбуба Зокирова ҳукумат версиясига зид кўрсатма берди. У 13 май куни Андижонда аскарлар тинч намойишчиларга қарши ўқ отганликларини очиқ ойдин баён қилди.Кўплаб ҳуқуқ ҳимоячлари ва мухолифат вакиллари Маҳбуба Зокировани "Қаҳрамон она", "Буюк аёлимиз!", деб атай бошлашди. Айни пайтда Канадада муҳожирликда яшаётган ўзбек журналисти Исмат Хушев ўз шеърларидан бирини Маҳбуба Зокировага бағишлади.

Бугун тақдир сенинг қўлингдан тутди,
Хориж ва ҳибсда қолди эркаклар...
Синглим, ўн олти йил умримиз ўтди,
Сармаст юртбошидан тинглаб эртаклар.

Олис Канаданинг сўлим шаҳридан,
Таъзимлар йўллайман Маҳбуба синглим.
Ислом Каримовнинг зулму-қаҳридан,
Энди хавотирлар беҳуда, синглим!,
деб ёзади шоир.

Айни пайтда машҳур ўзбек ҳофизи, сиёсий қўшиқлар муаллифи Дадаҳон Ҳасановга нисбатан конституцион тузумга тажовуз қилганлик ва бошқа сохталаштирилган айблар билан жиноий иш очилган. Дадахон Ҳасанов Андижон воқеаларидан сўнг "Андижонда қатли ом бўлди" деб номланган туркум қўшиқлар яратган эди. Бу қўшиқлар ўзбек халқи ичида аудио кассета ҳолида тарқатилган. 2005 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг Бухоро вилоят бўлими бошқармаси томонидан "Эрк" демократик партиясининг туман бўлими раҳбари Жамол Қутлиев ва партия аъзоси Ҳазрат Аҳмедовлар Дадахон Ҳасанов қўшиқларини халқ ичида тарқатганликда гумон қилиниб қамоққа олиндилар. Қутлиев тергов пайтида қийноқлар эвазига бу аудио кассеталарни "Эрк" партиясининг вилоят бўлими раиси Насрулло Саидовдан олганлигини билдирган. Шундан сўнг МХХ ходимлари Насрулло Саидовни таъқиб қилишни бошлагач у мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.Орадан кўп вақт ўтмай Қутлиев ва Аҳмедовлар узоқ йилга озодликдан маҳрум этилдилар, Саидовга эса қидирув эълон қилинди.

-Ўзбекистонда ҳатто сиёсий қўшиқларни ҳам эшитиш мумкин эмас. Ким сиёсий шеърлар ёзса ёки қўшиқ куйласа жиноятчига чиқариб қўйишади. Ҳукуматнинг талвасага тушиши Андижон воқеаларига тааллуқли ижодий ишлар билан боғлиқ, - дейди Насрулло Саидов.

"Подшони имтиҳон қилдик,
Террорчи кимлигин билдик.
Қаҳру ғазаблара тўлдик,
Андижонда қатли ом бўлди", дея нолиш қилган эди Дадахон Хасанов ўз қўшиғида.

Андижон воқеаларидан сўнг яратилган ўнлаб шеърлар халқ ичида оғиздан оғизга ўтиб тарқалган эди.

Таниқли мухолифатчи шоир Юсуф Жумаев айни пайтда қувғинда яшаяпти. У ҳам Андижон воқеалари ҳақида туркум шеърлар ёзган. Унинг шеърларидан бири халқ ичида анча машҳур. Шеърда шундай мисралар бор: «13 майда қон Андижонда, Қон ичида жон Андижонда".

Шоир ўз шеърида президент Ислом Каримов ва унинг оиласини халқ, тақсир яъни ҳурматга сазовор кишилар, қолганларни эса барчасини Ҳизбит таҳрир аъзоларидир, дея киноя билан таърифлайди.

"Халқ—Ислом, Татяна, Гулнора, Лола.
Ислому Иймондир—невара бола.
Подшо оиласи халқдир тақсирдир
Қолганлар террорчи, Ҳизбу Таҳрирдир".

Шоирни айтишича Хон Ислом Карим адолатли, У халқнинг отасидир. Буюк Ислом Карим халқни ҳимоячисидир. Шу боис у бутун Ўзбекистонни ёндирмоқда.

"Отилганлар кимлар—отилди кимлар?!
Оч юпун аёллар—террорчи шумлар!

Ўн ойлик чақалоқ – террорчи, отинг!
Қамишдек қизалоқ – террорчи, отинг!

Отинг террорчидир ҳижобли она!
Отинг террорчидир аҳли Фарғона",
деб ёзади шоир.

Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистлар ва мухолифат фаолларига нисбатан таъқиб ва босимлар кучайди. Ўндан ошиқ ҳуқуқ ҳимоячилари панжара ортига ташланди. Ўнлаб мухолифат фаоллари, мустақил журналистлар ва инсон ҳақлари ҳимоячилари мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлишди. Андижон вилоятининг Шахрихон туманида яшовчи шоир Нурмуҳаммад Азизов танқидий чиқишлари ва сиёсий шеърлари сабаб ясама айблар билан жиноий жавобгарликка тортилди. Шоир ва журналист Ризо Обид Андижон қирғини ҳақида шеър ёзган ва "Озодлик" радиоси орқали уни ўқиб берганди. Ордан бир кун ўтгач у Наманган вилоят Миллий Хавфсизлик Хизматига суҳбатлашиш учун таклиф қилинган. Суҳбатдан сўнг ўзига нисбатан аниқ хавф пайдо бўлганини сезган шоир тезда мамлакатни тарк этди.

Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда Би Би Си, "Озодлик" радиолари, Интернюс ва IRX каби журналистлар билан ишловчи ва бошқа кўплаб АҚШ нодавлат ташкилотлари ўз ваколатхоналарини ёпишга мажбур бўлдилар. Республика ичида ахборотларни иҳота қилиш бошланди.

Бугунги кунда нафақат ўзбек халқи балки жаҳон жамоатчилиги ҳам аслида Андижонда нималар бўлганлиги ва қурбонлар сони ҳақида тўлиқ ахбаротга эга эмас. Андижон фожеаси билан боғлиқ шеърлар ва уларнинг муаллифлари ҳам таъқиб остидадир.

Юсуф Расул, мустақил журналист.

Категория: Жамият | Просмотров: 1403 | Добавил: Давронбек | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
 
 
Разделы новостей
Долзарб мақолалар [10]
Шеърлар [3]
Норозилик чодиридан ҳикоялар [1]
Хабарлар [138]
Иқтисод [4]
Янги нашрлар [3]
Баҳс [6]
Инсон ҳуқуқлари [20]
Таҳлил [18]
Эркин фикр [41]
Интервью [12]
Мурожаатлар [13]
Жамият [26]
Сиёсат [18]

Форма входа

Календарь новостей
«  Май 2006  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031

Наш опрос

 

Президент сайловида кимга овоз бермоқчисиз?

 
Жаъми жавоблар: 268
 
                                                 

 


Поиск

Друзья сайта
Бизнинг тамға:
 
 
Ҳамкорларимиз:
 

Статистика

Жаъми сайтдагилар: 1
Меҳмонлар: 1
Муҳлислар: 0
 

Copyright MyCorp © 2024
Используются технологии uCoz