ГлавнаяРегистрацияВход Сб, 2024.04.27, 13:13
  Приветствую Вас меҳмон | RSS

 
 Главная » 2006 » Май » 24 » "У қамоқда барча тишларидан жудо бўлди..."
"У қамоқда барча тишларидан жудо бўлди..."
16:06
."Бундай қила кўрма! Ишон..."
(Ўзбекистонлик сиёсий маҳбус Мурод Жўраев ҳақида).
1 қисм.
Ниҳоят, анчадан бўён Ўзбекистон жамоатчилиги назарида таниқли сиёсий маҳбус сифатида танилган Мурод Жўраевнинг оиласи билан учрашиб, суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлдим...

Биринчи маълумот: Мурод Жўраев, 1952 йилда туғилган. 1989 - 1991 йилларда Муборак халқ депутатлари Кенгаши раиси, айни пайтда Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати.

Мухолифат сафига ўтгани ва "ЭРК" Демократик партиясига аъзо бўлгани боис 1991 йил депутатлик мандатидан маҳрум этилган.

1993 йилдан эътиборан Олмаота шаҳрида эркин тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллана бошлаган.

1994 йилда ўша ерда Ўзбекистон махсус хизмати ходимлари томонидан ҳибс этилиб, Ўзбекистонга келтирилган.

Мурод Жўраев ва Д.Исоқова, Ш.Холбоев, Н.Аҳмедов, Э.Ашуров каби бошқа "Эрк"чиларга нисбатан 9 ой давомида олиб борилган тергов ҳаракатлари "300 тергов иши..." номини олган. Мурод Жўраев билан бирга номи келтирилган кишиларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 5 моддаси билан айбланишган. Бу модданинг учтаси бўйича айбланганларга Олий жазо берилиши назарда тутилган.

Дилором Исоқованинг гувоҳлик беришича, 1995 йил мартидаги суд жараёнида Мурод Жўраев ўз танасидаги жароҳат изларини кўрсатиб, унга нисбатан тергов давомида куч ишлатиб, таҳқирлашганини маълум қилган.

Суд уларни қуролли қўзғолон йўли билан давлат тўнтариши ясаш ва Президент шахсини ҳақорат қилишда айблаб, узоқ йиллик қамоқ жаэоларига ҳукм этди.

Ўшанда Мурод Жўраевни 12 йилга озодликдан маҳрум этишган эди. 1996 йилги амнистия (Авф) га биноан унинг жазо муддати 9 йилу, 8 ойга туширилган. Мурод Жўраев ҳали 2003 йилдаёқ озодликка чиқиши лозим эди. Ўша йили у сақланаётган 64 / 33 УЯ жазони ижро этишни муасасасига ГУИН (Жазони ўташ муассасалари Бош Бошқармаси) раҳбари жаноб Шодиев ҳамроҳлигида Президент девонининг юқори мартабали мулозимлари ташриф буюриб, у билан яхшигина суҳбат қилишган эди.

Бу суҳбатга асосан, агар Мурод Жўраев "Муҳаммад Солиҳ ростдан ҳам давлат тўнтариши ясаш учун бизга бошчилиқ қилган эди" деган ҳужжатга имзо чекса, унга озодлик ваъда қилинади. "Мен ўйлаб кўраман..." деган Мурод Жўраев ҳузурига бир неча кун ўтиб, яна давлат мулозимлари - бу гал миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарлари ташриф буюришади. Уларга Мурод Жўраев бундай ҳужжатга имзо чеколмаслиги ҳақида баёнот беради.

Орадан кўп ўтмай, 2003 йилнинг 8 сентябрида уни Қарши зонасига ўтказиб, олти ой давомида "изоляция"да сақлашди. Ўшандан бўён Мурод Жўраев ГУИН раҳбариятининг қаттиқ назорати остида сақланмоқда. Мазкур жазо маҳкамаси раҳбари Шодиев "токи мен раҳбар эканман, сен озодликка чиқмайсан!" деб рўйи-рост айтди.

Кўп ўтмай, ГУИН маҳкамасидаги ёпиқ суд жараёнида прокурор талаби билан Мурод Жўраевга яна турли баҳонаю сабаблар билан (ички қамоқ қоидаларини бузгани учун) қўшимча жазо чоралари белгиланди. Ниҳоят шунда у бу ноҳақликка ортиқ чидай олмаслигини англаб етди. Хаёлан оила аъзолари, яқинлари билан видолашди. Ўзини ҳалок этишга қарор қилди. Лекин сўнгги дақиқада, аввал сароб ва сўнг азобга айланган чексиз чегарасиз туйғулар ва қутқулар талошида кимдир "Бундай қила кўрма!" деб ҳайқиргандек бўлди...

Айни пайтда Мурод Жўраев Олмалиқдаги 64/45 УЯ зонасида жазо муддатини ўтаяпти. Унинг рафиқаси Холбеканинг айтишича, тўрт ой давомида у атиги 7 кун "изолятор"дан ташқарида бўлган, холос. Иш яна худди олдингидек - қўшимча жазо муддати белгилашга боряпти.

10 май куни Олмалиқ зонаси маҳкамасида Мурод Жўраевнинг иши юзасидан ёпиқ маҳкама жараёни белгиланган. (Мақола таржима қилинаётган ушбу кунларда маҳкама қандай якунлангани бизга номаълум. И.Х.) Холбеканинг айтишича, у эрининг соғлиғидан жиддий ташвишда. Узоқ давом этаётган қаттиқ йўтал, бурнидан тинмай оқаётган суюқлик, унинг ҳаёти хавф остида эканини кўрсатиб турибди. Жуда озиб кетган, бир пайтлар етмиш кило бўлган одам, бугун нари борса 40 килолар атрофида, холос. Сочлари оппоқ, тишлари тўкилган. Сўнгги учрашувимизда мен унинг ҳаётда биринчи маротаба йиғлаганини кўрдим. "Энди мени ўйлама, жоним, мен тамом бўлган одамман, болаларни ўйла" дедилар...

Унинг исми - Холбека. Тубсиз ғам ва андуҳ муҳрланган маъюс кўзлар, чексиз ташвиш зуҳурланган мунис сиймо, таянчи ва юпанчини йўқотган беҳаловат, ёлғиз аёл.. Унинг 1994 йилдан бўён озодликдан маҳрум этилган шўрлик эри ҳақидаги узун ва ғамгин ҳикоясини тинглар экансан, аёл қалби изтиробларини ич ичингдан аниқ ҳис эта борасан.

Унинг дарду ташвишлари, кўрган кечирганларини сенинг дардинг ва изтиробингга айлана боради...

Унинг мунгли сўзлари, унсиз нолаларини тинглар экансан, шашқатор бўлиб, тизилиб оқаётган ёшли нигоҳларига боқишга юрагинг дов бермай қоларкан. У эса оғир ва дардли ўтмишини чексиз ғам ва андуҳ билан ҳикоя қиларкан, гўё у мени кўрмаётгандек, ўзи билан ўзи гаплашаётгандек ғалати бир тасаввур ҳосил бўларди менда...

Ниҳоят унга тикилишга, боқишга журъат этдим: у ҳануз мунгли кўзларини олис олисларга тикканча эрк деб эрксизлик қурбони бўлган эри ҳақида сўйлар, ўзи рўпарамда бўлсада, хаёллари билан олисдаги эрининг ёнида экани шундоққина билиниб турарди.

Мен бу дилбар ва муштипар аёлга боқиб, Мурод Жўраевни тасаввур қилишга уриндим. Мен уни ҳеч қачон кўрмаган бўлсамда, унинг яхши одам эканига имон келтирдим. Агар уни шундай фидойи аёл севса, демак у ростдан ҳам яхши одам бўлиши керак...

Бевафо ҳаётнинг қаттиқ зарбасига дуч келиб, мана 12 йилдирки, унинг барча жабру жафосини нозик жуссаси ва ёлғиз елкасига ортиб келаётган бу ажойиб аёл ҳақида яхши ва таъсирли сўзлар топишга, у ҳақда Сизда худди менинг кўнглимда пайдо бўлган ажиб бир меҳрдек бир меҳр пайдо бўлиши илинжида қанча уринмай, барибир унинг портретини чизиб беролмагандекман гўё...

Унинг жасорати ва иродаси олдида бош эгмай иложинг йўқ. Чунки, 12 йилдан бўён катта бир оила ташвиши унинг зиммасида. Холбекнинг айтишича, унинг ҳатто касал бўлишга ҳам ҳаққи йўқ. Негаки, у оилада бир ўзи ишлайди. Шаҳар мактабларининг бирида она тили ва адабиётдан дарс беради. Ойлик маоши бир ярим ставка учун етмиш минг сўм (62 америка доллари). Бу пулга у бутун бошли оилани боқишни ҳам, ундан орттириб, 12 йил давомида ҳар уч ойда эри учун бериладиган 8 килограммлик "передача" етказиб туришни ҳам таъминлаши керак...

Мен ундан маҳалла қўмитаси ва ё қариндошлар ёрдам бераяптими деб сўраганимда у менга ҳайрон бўлиб, ҳайрат билан тикилиб қолди. Мен ўз саволимдан ўзим уялиб , ноқулай ҳолга тушдим. У ҳеч қачон бировдан ёрдам сўрашга ботинолмаслигини, маҳалла қўмитасига эса ёрдам сўраб мурожжат этмаганини айтди.

"Ҳолбуки, уйимиз анчадан бўён ремонтталаб, томлари нураб қолган, унинг бир кун келиб қулаб тушишидан қўрқаман" - деб ҳикоя қилади Холбека. "Маҳалла раҳбарияти эса бизга бошқача кўз билан қарашади. Ҳатто эримни қамашган илк маҳалда ҳам уларга мурожаат қилмаганман.

Бахтсизлик қўша бўлиб келади деганларидек, ўша эрим қамалиб қолган 1993 йилда 17 ёшли ўғлим Акмал ҳам кутилмаганда вафот этди. У ҳеч қачон касал бўлмаган. Бир куни велосипедда кўча айланиб келдию, кечқурун жон таслим қилди. Мусулмончилик, биласиз, ҳушимизни юқотиб қўйганимиздан, "экспертиза" ҳам қилмай дарров дафн этдик. Биласизми, ўша фожеали кунларда ҳам маҳалла ҳамма қатори дафн ва жаноза учун бериши лозим бўлган қонуний ёрдамини бермаган...

Кенжатойим Аҳрор, худога шукр, ўн учга тўлди. Ўртанчим Аброр, 23 ёшда, архитектура ва қурилиш институтини тугатяпти. Тўнғич ўғлим Анвар 29 ёшда, ишсиз. Бунга у айбдор бўлмасада, унга ёрдам бераолмаганимдан барибир кўнглим ғаш. Қариндошларимга келсак, уларнинг орасида бирорта ҳам бадавлати йўқ. Ҳаммаси ўзимизга ўхшаган оддий ва камбағал кишилар, кунини зўрға кўриб юришибди.

Эримнинг отаси 1976 йилда қазо қилган, кекса онаси бор, холос. Эримнинг укаси яқинда оғир касалликка йўлиққанида, ҳаммамиз бир бўлиб, жарроҳлик амалиёти ўтказишда унга ёрдамлашдик. Бизнинг оиламизга келсак, тўрт ўғил ва тўрт қизнинг орасида энг каттасиман. Онам уй бекаси, ишламайди, отам шофёр эдилар, ҳозир пенсияда. Бизда ерлар сувсиз, зах ва ҳосилсиз. Биз тап тақир саҳро ва қумлоқ жойда яшаймиз..."

Оғир сукунатдан сўнг, Холбека яна қўшимча қилди: "Хуллас, мана шунақа гаплар, менинг қандай вазиятда эканимни ва яшаш шароитимни тасаввур қилишингиз учун бу гап сўзлар етарли деб ўйлайман. Биргина мен эмас, бизда ҳамма, аксар ватандошларимиз шундай ночор аҳволда яшашашади. Мен Сизга шикоят қилмоқчи эмасман, лекин бунданда оғир аҳволдаги оилалар бор..."

Мен унинг сўзларини тингларканман, ўз сукутимни қандай бузишни билмасдим. Кутилмаганда шуни кашф этдимки, у ниҳоятда кучли аёл ва ҳеч қачон бешафқат ҳаётнинг бу қалтис синовлари олдида у бош эгмагай!

Эри ва фарзандлари тақдири асносида бу аёл ўзини тамомила унутган, ўзини ўшалар ҳаққи ҳурмати қурбонликка келтиргандек эди гўё. Шу билан бирга, шу фидолик ва шу қурбонлик баробарида бу аёлнинг мунис сиймосида уфуриб турган ажиб бир гўзалликни кўргандек бўламан.

Бевафо йиллар таъсирида, эри ва фарзандлари, ўз яқинлари учун фидо бўлган жон ва умр ҳаққи ҳурмати ўйчан кўзларида зуҳур бўлган бир камолот, бир етуклик кўргандек бўлдим. Айнан шу фазилатлар боис ҳам у ҳануз ўз иродасини йўқотмай, тушкунликка тушмай, яхши ва ёруғ кунлар умидида яшаб юрган бўлса не ажаб!

Унинг ҳузуридан чексиз ҳаяжон ва ҳайрат, гўзал ва маҳзун хотиралар билан қайтар эканман, унинг эри эсон омон ўз уйига қайтишини, 12 йилдирки, ота меҳри ва дийдоридан бенасиб фарзандлар яна қайтиб оталик бўлишларини Оллоҳдан ёлвориб илтижо қилдим...

Баҳодир Мусаев.
социолог (Тошкент).
musaev61@yahoo.com

Рус тилидан Исмат Хушев таржимаси.

Категория: Жамият | Просмотров: 1299 | Добавил: Давронбек | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 1
1 п023  
0
жуда тасирлик

Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
 
 
Разделы новостей
Долзарб мақолалар [10]
Шеърлар [3]
Норозилик чодиридан ҳикоялар [1]
Хабарлар [138]
Иқтисод [4]
Янги нашрлар [3]
Баҳс [6]
Инсон ҳуқуқлари [20]
Таҳлил [18]
Эркин фикр [41]
Интервью [12]
Мурожаатлар [13]
Жамият [26]
Сиёсат [18]

Форма входа

Календарь новостей
«  Май 2006  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031

Наш опрос

 

Президент сайловида кимга овоз бермоқчисиз?

 
Жаъми жавоблар: 268
 
                                                 

 


Поиск

Друзья сайта
Бизнинг тамға:
 
 
Ҳамкорларимиз:
 

Статистика

Жаъми сайтдагилар: 1
Меҳмонлар: 1
Муҳлислар: 0
 

Copyright MyCorp © 2024
Используются технологии uCoz