Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро Хьюман Райтс Уотч ташкилоти жаҳон ҳамжамиятини ўтган йили Андижонда намойишчиларни шафқатсиз жазолагани учун Ўзбекистонни жавобгарликка тортишга даъват этган. "Андижондаги оммавий қирғинга нисбатан имкон қадар тезроқ мувофиқлаштирилган ва салмоқли халқаро муносабат билдирилиши керак", - дейилади инсон ҳуқуқлари ташкилоти баёнотида. Андижондаги ҳодисаларнинг тўла тафсилотлари бугунгача қоронғу қолаётир, бироқ 13 май куни юзлаб инсонлар нобуд бўлган, деб кўрилади. Қамоқхонага ҳужум ва ундан маҳбусларнинг озод этилишидан сўнг Андижонда уюштирилган норозилик намойишини ҳокимият бостирган. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов халқаро текширув ўтказиш талабларини рад этаркан, намойишчилар қуролли исломий жангарилар бўлган деб уқтириб келади. "Ўзбек ҳукумати намойишни шафқатсиз бостирганларни жавобгарликка тортиш учун ҳеч нарса қилмади ва халқаро ҳамжамият ўзбек ҳукуматини бунга мажбурлай олмади. Қурбонлар фақат тўла адолатгагина ҳақлидирлар", - деган пайшанба куни Хьюман Райтс Уотч ижрочи директори Кеннет Рос. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Андижон ҳодисаларидан кейин Ўзбекистон раҳбариятига нисбатан Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ томонидан жорий этилган дипломатик ва иқтисодий жазо чораларини кенгайтиришга чақирганлар. Қўрқув муҳити Хьюман Райтс Уотчга кўра, 2005 йил 13 майидан сўнг ўзбек ҳукумати ўзининг сиёсий мухолифлари, фаоллар ва журналистларга қарши "шафқатсиз ҳужумлар" бошлаб юборди. Би-би-си мухбирлари Ўзбекистонда эркин фаолият юритиш имконидан маҳрум бўлдилар. Қўшни Қирғизистондан мухбиримиз Наталья Антелаванинг хабар қилишича, чегарадан ўтиб-қайтадиган тужжорлар Ўзбекистондаги оғир иқтисодий аҳвол ҳақида ҳикоя қиладилар. Очиқ гапиришга журъат қиладиган ўзбекистонликлар, мамлакатда қўрқув муҳити ҳукмрон эканини айтадилар. Наталья Антелаванинг айтишича, бир аёл Ўзбекистонни Сталин режимига қиёслаган. "Одамлар қўрқувда яшайдилар. Одамлар ичидаги дардини яшириб яшаб юриптилар", - деган ўз исмини ошкор этишни хоҳламаган бу аёл. "Агар бирор яқинингиз Андижонда ҳалок бўлган бўлса, хоҳлаган пайтда эшигингиз тақиллаб сизни олиб кетишлари мумкин", - дея қўшимча қилган ўзбекистонлик аёл. БМТ маълумотларига кўра, сўнгги бир йил мобайнида Ўзбекистонни юзлаб фуқаролар тарк этишга мажбур бўлганлар. Четга чиққанидан кейин ўзбекистонликлар Андижондаги оммавий қабрлар ва қамоқхоналардаги қийноқлар одатий ҳолга айлангани тўғрисида ҳикоя қиладилар. Айрим ўзбекистониклар дом-дараксиз кетган яқинлари ҳақида сўзлайдилар. Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари нафақат Ўзбекистон ҳукуматини, балки Ғарбни қатъий сўз айтишга ожизлик қилгани учун қоралайдилар.
|